Ўқитувчиларнинг ойлиги оширилди

11:01 14 Август 2018 Жамият
1900 0
Фото: mashrabxon.uz

13 август куни “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқувчиларига учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

Устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олган бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники ўртача 26 фоизга оширилди.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса 3 штат бирлиги этиб белгиланди.

Шунингдек, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилди. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар