Ўқитувчиларга арзон уйлар ва машина сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилади

12:00 14 Август 2018 Жамият
3472 0

Ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида берилади. Бу ҳақда “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра, шунингдек “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш ҳам белгилаб қўйилган.

Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2018-2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этилиши белгиланди.

Қарорнинг яна бир ўзига хос жиҳати 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.

Тегишли вазирлик ва идораларга умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, мактабдан ташқари таълим соҳасига давлат-хусусий шерикликни жорий этиш, жаҳондаги олий таълим муассасаларининг рейтингида 1000 талик рўйхатга кирадиган хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини ёки факультетларини Ўзбекистон Республикасида лицензия олмасдан ва бошқа имтиёзли шартларда ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиб, илғор халқаро тажрибалар асосида таклиф киритиш топшириғи берилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар