Ўқитувчи ўз хонадонида маҳалла ёшлари учун кутубхона ташкил қилди

13:58 28 Сентябр 2018 Маданият
1122 0
Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Элёржон Эҳсонов/Фарғона. Бағдод туманининг Шўрқишлоқ маҳалла фуқаролари йиғини, Обод кўчасида истиқомат қилувчи Муҳаммаджон Қодиров табиатан болажон инсон. Ўттиз йилдан бўён ёшларга рус тили ва адабиёти фанидан дарс бераётган бу ташаббускор, фидойи устоз иморат солмади, ортиқча ҳашамга кўнгил қўймади. Савоб умидида, холис ният билан ўз хонадонида маҳалла ва қишлоқ ёшлари учун кутубхона ва хорижий тиллар тўгараги ташкил қилди.

Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

“Қишлоқ жойларда рус тили фани ўқитувчилари ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда. Ёзги таътил давомида томорқа ва оила ишларидан бўш вақтларимда маҳалладаги 15 нафар болага рус тилидан қўшимча дарс машғулотлари ўтдим. Қисқа вақтда уларда ижобий ўзгаришлар сезила бошлади. Машғулотларга қизиқиб илм илинжида қўшни қишлоқлардан ҳам ўқувчилар кела бошлади. Дарслар давомида шахсий кутубхонамдан фойдаланишди. Шунда хонадонимда маҳаллий ёшлар учун кутубхона очиш нияти пайдо бўлди. Ҳозирда қатновчилар сони 100 нафардан ошган. Кутубхонамизда рус тили ва адабиёти фанига тегишли китоблардан ташқари асаларичилик, томорқадан фойдаланиш, ўзбек ва жаҳон адабиёти мавзуларига тегишли 500 дан ортиқ китоблар мавжуд. Фақат жавонлар етарли бўлмаганлиги учун китобларни ҳозирча токчаларда сақлашга мажбур бўляпмиз. Ниятим яқин кунларда оммавий ахборот воситалари билан биргаликда “Ҳар оиладан беш китоб”, “Кутубхонага келажак учун китоб совғаси” хайрия акцияларини ўтказмоқчиман. Бундан ташқари, кутубхона шароити ва имкониятларини кенгайтириш учун маҳаллий ҳомийларни ҳам жалб этиш ниятим бор. Тасаввур қилинг-а, ташаббускорлар кўпайиб, ҳеч қандай бюджет маблағларисиз мамлакатимиздаги минглаб маҳаллаларда кўнгилли ташаббускорлар ихтиёри билан кутубхоналар очса, болалар қўшни уйдаги кутубхонага югуриб кириб ўзига керакли адабиётни қийналмай топа олса.... Шу менинг энг катта орзуйим!”, - дейди Муҳаммаджон Қодиров.

Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

МуҳаммаджонҚодиров жорий йилнинг ёз ойларида ҳудуддаги 21-мактабгача таълим муассасаси болажонларини Қўқон шаҳридаги Худоёрхон музейига саёҳатга таклиф қилди. Бундан ташқари, тумандаги 10-умумтаълим мактаби 1-синф ўқувчилари ва ўқитувчилари учун рағбатлантирувчи стипендиялар ҳам ташкил қилди.

Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

Мамлакатимизда Муҳаммаджон Қодировдек ташаббускорларни тегишли идора ва ташкилотлар, қўли очиқ тадбиркорлар, маҳаллий ҳокимликлар албатта рағбатлантириши ва бутун мамлакат бўйлаб намуна сифатида кўрсата олиши жуда муҳим. Чунки халқимизда “Олма олмани кўриб ранг олади”, деган нақл бор. Бир ташаббускордан минг ташаббускор кўпайса қандай яхши...


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019