Ўқишга киритиш учун пора олган ҳам, берган ҳам жазоланди

11:14 23 Май 2018 Жамият
616 0

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида Муҳаббат опа қизини олий ўқув юртига киритиш мақсадида спорт коллежи ўқитувчиси Шамсиддин исмли шахс билан 3 минг долларга келишиб, охирида чув тушиб қолади. 

ЎзА хабарига кўра, Муҳаббат опа қизини Тошкент Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кириши учун Шамсиддинга 2,5 минг доллар топиб беради. Аммо режа амалга ошмайди ва қиз ўқишга кира олмайди. Пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган Шамсиддин ҳар хил баҳоналар тўқиб, пулни қайтармайди. Натижада тоқати тоқ бўлган аёл судга мурожаат қилди.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани суди мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суд жараёнида судланувчининг фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг мулкини қўлга киритганини аниқлади. Жазо тайинлашда барча жиҳатларни эътиборга олинди ва унга 9,7 миллион сўм жарима жазоси тайинлади.

Судда иккинчи томоннинг хатти-ҳаракатларига ҳам баҳо берилди. Аёл пора бериш, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши қонунга хилоф эканлигини била туриб, бевосита ёки воситачи орқали мансабдор шахсга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш мақсадида, судланувчига 2,5 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган. Бу қилмиш учун унга 7,4 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Пора сифатида берилган ва кейинчалик айбланувчидан олинган 2,5 минг доллар давлат фойдасига мусодара этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар