Оқил истеъмолчилар жамиятини яратиш — пировард мақсад

13:13 13 Март 2020 Жамият
544 0

Бизнинг асосий мақсадимиз чинакам демократик жамиятни барпо қилишдан иборат экан, бунинг учун, аввало,аҳоли ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда истеъмол маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Сабаби ўз ҳуқуқини англаган ва талаб қила олган жамият билангина биз кутган натижага эришамиз. Аҳоли истеъмол маданиятини ривожлантириш нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат ташкилотларнинг ҳам ҳиссаси анча салмоқли.

Жорий йил Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида ҳам “нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади”,деган асосли ундови фикримиз далилидир.

Бу борада Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жуда кўп манфаатли ишларни амалга ошириб келмоқда. Қилинган ишлар юзасидан, бугун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2020 йил 13 мартда“15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни” муносабати билан 2019 йил фаолияти якунлари ва жорий йилдаги режаларга бағишланган матбуот конференцияси ўтказди.

Конференцияда федерация фаолиятига оид масалалар ҳақида журналистларга ахборот берилди.
 

Хусусан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари – ижрочи директори Иномжон Тоғаев қайд этишича, федерация ва унинг таркибига кирувчи ҳудудий бирлашмалар ва истеъмолчилар жамиятларида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Масалан, 2019 йилда Федерацияга 10261 та ариза келиб тушди, унинг 9736 таси, яъни 94,9 фоизи ижобий ҳал этилди ва истеъмолчилар фойдасига жами 10 174 967 565 (ўн миллиард бир юз етмиш тўрт миллион тўққиз юз олтмиш етти минг беш юз олтмиш беш) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ва 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўрсатилган топшириқларни ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб бажариш мақсадида федерация жойларда 50 дан зиёд “Истеъмолчи кутубхонаси”ни ташкил этилмоқда, шулардан 10 таси фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Федерация жорий йилда ҳам қатор лойиҳаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлиб, булар жумласига, миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида “Сифат белгиси” рағбатлантирувчи мукофотини жорий этилиши ҳамда мустақил экспертизалар ўтказиш орқали, ички истеъмол бозоридаги маҳсулот ва хизмат турларини объектив баҳолаш, маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, миллий маҳсулотлар сифатига нисбатан ижобий имижни шакллантириш, юқори сифатга эга миллий маҳсулотларнинг ички ва ташки бозорга эркин кириб боришига имкон яратиш, миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватловчи “Ўзбек сифат тизими” жамоатчилик ташкилотини таъсис этишни киритишимиз мумкин.

Қайд этиш лозимки, шу кунларда Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) таклифи билан “Sustainable Consumer” (“Барқарор” (оқил) истеъмолчи”) шиори остида дунё мамлакатлари истеъмолчилар ташкилотлари атроф муҳит муҳофазасига қаратилган кўплаб тадбирларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалий иш ҳам қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Оролбўйидаги экология муҳитини соғломлаштириш мақсадида 2019 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси кўмагида “Оролбўйини обод этайлик” лойиҳасини амалга оширди ва Орол денгизининг сувсиз қолган 5 минг гектарлик ҳудудида ҳимоя ўрмонзори – саксовулзор барпо қилди.

Федерация ташаббуси билан Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати кўмагида жорий йилнинг 15-20 январь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилар форуми” ялпи мажлисларида муҳокама қилинган ҳамда унинг якуний декларациясида акс этган масалалар бу йилги “Sustainable Consumer” шиори остида ўтказилаётган кампанияга ҳамоҳангдир. Бунга форумнинг учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “барқарор истеъмол маданияти” мавзусини ҳамда якуний декларацияга киритилган “Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, яшаш шароитларини яхшилаш”га қаратилган бандини мисол қилиб келтириш мумкин.

Қайд этиш лозимки, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича етакчи принциплари”да атроф муҳитни асраш истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг асосий принципларидан бири экани белгилаб қўйилган.

Ушбу форумда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан кўплаб халқаро экспертлар, давлат ва нодавлат истеъмолчилар ташкилотлари вакиллари қатнашиб, бугунги тобора глобаллашаётган дунёда долзарб бўлиб турган электрон тижорат, туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва барқарор истеъмол маданияти борасида фикр ва тажриба алмашди. Унда иштирок этган ватандош экспертлар ҳам Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган ишлар хусусида форумнинг чет эллик иштирокчиларига ахборот берди. Якуний декларацияда уни ҳар 2 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди.
 

Матбуот конференцияси сўнгида Федерация билан яқиндан ҳамкорлик қилган ОАВ вакиллари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?