Оқибатларнинг олдини олиш бугунги ҳаракатларга боғлиқ

11:53 04 Июнь 2020 Жамият
351 0

Иқлим ўзгариб туради. Аммо сўнгги юз йил ичида бу ўзгаришлар инсон фаолияти натижасида тобора кескинлашмоқда. Бунга, асосан, атмосферага иссиқхона газларининг чиқарилиши асосий омил бўляпти. Яъни ҳозирги вақтда уларнинг ҳавога чиқарилиш даражаси 1990 йиллардагига нисбатан тахминан 50 фоизга ортган. Бунинг оқибатида ердаги ўртача ҳарорат ҳам кўтарилиб, қурғоқчилик, сув тошқинлари, ўсимлик ва ҳайвонот турларининг йўқолиши, чўлланиш жараёнларининг кучайишига олиб келмоқда. Буларнинг бари, ўз навбатида, инсоният ҳаётининг деярли барча жиҳатларига таъсир қиляпти.

Иқлим ўзгаришини тўхтатиб бўлмайди, бироқ унинг салбий оқибатларини юмшатиш мумкин. Бу борадаги ҳаракатсизлик ҳам миллий, ҳам халқаро миқёсда кечиктириб бўлмайдиган муайян чоралар қабул қилинишига қараганда анча қимматга тушади. Бундай фикрлар кеча пойтахтимизда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадлар ҳамда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати бўйича ташкил этилган жамоатчилик эшитувида айтиб ўтилди. Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб онлайн тарзда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, «Логос» ННТ, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Халқаро сув менежменти институти (IWМI), Марказий Осиё ва Кавказ Глобал сув ҳамкорлиги ташкилоти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) каби халқаро ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда парламент, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадларга эришишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида дастур ва лойиҳалар қамровини янада кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Маълумки, 1972 йили БМТ Бош ассамблеясининг 27-сессиясида строф- муҳит муаммоларига дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадида 5 июнь — Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили дунё бўйлаб ушбу кунда оммавий «яшил» акциялар, концертлар ва танловлар, илмий, амалий ва маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Бироқ бу йил коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли бундай тадбирлар онлайн виртуал тарзда амалга оширилмоқда.

Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари, шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги қарори билан тасдиқланган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси» доирасидаги ишларни ҳам муҳокама қилишди. Бу борада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги маҳаллий органлар ва ННТ салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланиб, 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадларнинг ва Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини янада жонлантириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

Экологик муаммолар, табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик тоза, ресурс тежамкор, энергия манбалари ҳамда сувни тежаш технологияларидан фаол фойдаланиш борасидаги янгиликларни ОАВ ва ижтимоий тармоқлар вакиллари фаолияти эътироф этилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?