«Оқаётир Илоҳий меҳр»... Анна Ахматова — ўзбеклардан меҳр кўриб, ўзбек заминига меҳр қўйган шоира

16:52 19 Октябр 2018 Маданият
887 0

Дунёга машҳур рус шоираси Анна Андреевна Ахматова (ҳақиқий фамилияси – Горенко) 1889 йил 11 июнда Одессада таваллуд топди. У она томонидан татар хони Ахмат хонга бориб тақалади.

Анна ўзининг илк шеърини ўн бир ёшида ёзган. Анна Ахматованинг биринчи шеърий тўплами — “Оқшом” 1912 йилда, иккинчи тўпламии “Тасбиҳ” — 1914 йилда эълон қилинади ва шоира ҳар икки тўплами билан бутун Россия бўйлаб шуҳрат қозонади. Александр Блок каби таниқли шоирлар шоира шеърларини юксак баҳолашади. Владимир Маяковский эса шоирага шундай баҳо беради: “Анна Ахматова шеърлари яхлитлиги билан эътиборга моликдир, улар ҳар қандай танқидга дош бера олади, ҳар қандай тазйиқда дарз кетмайди”.

1921 йили инқилоб душмани сифатида унинг эри Николай Гумилёвни отишга ҳукм қилишади. 1935 йилда ўғли Лев Гумилёвни қамоққа олишади. Шоира 17 ойни қамоқхона навбатларида ўтказади. Бошига тушган мислсиз уқубат ва изтиробларни у “Марсия” поэмасида ёрқин ифода этган. Шоира Иккинчи жаҳон уруши даврида Тошкентга кўчиб келганлиги ва у ерда икки ярим йил яшаганлиги кўпчиликка маълум. Унинг бу даврда ушбу заминга бағишлаб яратган шеърларида Шарқ нафаси  ўзига мафтун қилади.

Ёлғизликда яшаётган шоирани фақат Тошкентдаги қўни-қўшниларигина эмас, балки нотаниш одамлар ҳам қўллаб туришган. У кейинчалик ҳам Тошкентда бир қария унга сут олиб келиб, ўта тавозе билан ҳузурида қўлларини қовуштириб туришини, айниқса, қариянинг бир гал столдаги кўзгуни олиб, унинг юзига тутгани ва сўнгра кўзгуни меҳр билан ўпганини ҳаяжон билан ёд оларди.

Етти юз йил келмадим, бу ер
Ўзгармабди ҳеч қанча, бироқ...
Оқаётир Илоҳий меҳр
Хаёл етмас чўққиларда оҳ.
Юлдузлару сувлар жўровоз,
Қорамтир кўк гумбази ҳамон.
Соврилади донлар елда, соз
Она куйлар бир қўшиқ омон.
Менинг пишиқ уйим – Осиё.

“Етти юз йил келмадим, бу ер”  сатрлари билан ўзининг улуғ аждодларига ишора қилган шоира ўзбек халқи ўзига яқин ва азиз эканлигини теран англайди. Унинг 1942 йил 23 февралда Тошкентда ёзган “Жасорат” шеъри яшин тезлигида фронт бўйлаб тарқаб кетади.  Бу шеър “Правда” газетасида босилиб чиққач, Ҳамид Олимжон уни, “рус ҳарбий лирикасининг ноёб намунаси”, деб атаган эди.

Самарқанд зиёратига боришни канда қилмаган шоира бетоб ҳолда  алаҳсираб ётганида қуйидаги сатрларни ўқиган экан:

Атиргуллар ўлкаси абад
Самарқандда ўлмоқ учун, юр...

Тошкентнинг Жуковский кўчасидаги 54-уйда Анна Ахматова 1942-1944 йиллар давомида Абдулла Қаҳҳор, Тимур Фаттоҳ, Владимир Луговской, Ксения Некрасова, Лидия Чуковская билан қўни-қўни бўлиб, ҳамнафасликда яшади. Унинг ижоди янги ўзбек шеъриятининг ривожига кучли таъсир кўрсатди. Ўзбек шеъриятининг турли авлод вакиллари унинг шеърларини катта меҳр-муҳаббат билан ўзбек тилига ўгиришди. Юксак дид ва қўйма сатрлар ўзбек шеърхонларининг қалбларидан жой олди.

1953 йилда Сталиннинг ўлими муносабати билан Анна Ахматова “Эндиликда қамоқдагилар қайтади ва икки Россия — қамалганлар ҳамда қамаганлар, бир-бирларининг кўзларига қарайди. Янги давр бошланади”, деган тарихий сўзларини айтган эди. Метин иродали шоира бу янги даврда яна ўн уч йил яшаб, ижод қилди.

Ўзбекистонда жаҳон адабиётининг нодир намунаси сифатида ўнлаб шеърлар битган шоира кейинчалик ҳам қалбида ўчмас ёрқин из қолдирган ўзбеклар ва ўзбек заминини унутмади. “Бу шеърлар Тошкентники ва мен уларни ўз Ватанига жўнатаман”, деган эди у.

Миннатдор туйғулар оқади тўлиб,
Раҳмат ва хайр! — сизга, азизлар.
Дуррачамни силкийман кулиб,
Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий! — сизга азизлар.
Раҳмат, Тошкент! — кечир, мени кечиргил,
Сокингина гўшам, энг кўҳна уйим.
Юлдузларга раҳмат, гулларга раҳмат,
Ёш ва дилбар қора сочли оналар,
Ширин кулчалар тутган болалар,
Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!
Саккиз юз куним — мўъжизавий сас,
Шу мовийранг чексиз осмон остида,
Шу ложувард тубсиз уммон остида
Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,
Эй, оташин боғ...

Шойим БЎТАЕВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019