Оқ кабутарнинг парвози

15:00 05 Июль 2018 Маданият
141 0
Фото: wallpapers.99px.ru

— Абдумўмин Ўтбосаров “Ўзбекистон халқ артисти” унвонини олгани ҳақида газетада ўқиб, табриклашга ошиқдик,  ҳикоя қилади болаликдан бирга ўсган дўстим.

— Юксак мукофот муборак бўлсин, жиззахлик мухлисларингиз номидан табриклаймиз.

Ўша кунлари табриклар кўпайиб кетганми, Абдумўмин дафъатан эслолмади.

— Раҳмат. Кимсиз?

— Мен Жиззахдан Султонман.

— Қайси Султон, эслолмаяпман?

— Бизникига келувдингиз-ку. Фамилиям Донабоев. — Шундай дедиму “Ахир Абдумўмин республиканинг турли вилоят ва туманларида бўлганлиги, ҳар бирини эслаб қолиши осон эмаслигини ўйладим.

— Яна бир-иккита воқеани эслатинг.

— Ўшанда ўғлимизни уйлантиргандик. Сиз айтган гапларни ёзиб қўйганмиз. Вақти-вақти билан эшитиб турамиз.

— Ҳа, эслагандай бўлдим. Учрашувда журналист Шуҳрат Жабборов ҳам бор эди-я?

— Худди шундай. Шуҳрат билан синфдошмиз.

— Кўз олдимга келдингиз. Табрик учун раҳмат. Эслаганингиз учун алоҳида миннатдорман.

Бу суҳбатни эшитганда ич-ичимдан ғурурланиб қўйгандим.

... 2016 йилнинг илк кунида Султон менга телефон қилди.

— Абдумўминга нима бўлди? Таъзияга борганингизда бизнинг ҳам ҳамдардлигимизни билдириб қўйинг...

Ҳа, Абдумўмин Ўтбосаров бир марта кўришган инсонлар қалбида ҳам ўзи ҳақида ёқимли таассурот қолдирарди. “Мен бу инсоннинг қўлини олганман, суҳбатида бўлганман” деб юрганлар юртимизда минг-минглаб эканлигига шубҳа йўқ. Ҳозир ҳам айрим телеканалларда ҳужжатли ёки илмий-оммабоп фильмларда Абдумўминнинг овози янграб қолса, “Эҳ, шундай одам орамизда йўғ-а” деб қоламиз. Бундай ҳолатда ўзимизга таскин берамиз, Оллоҳнинг иродаси дея кўникамиз. Бироқ марҳумлар ҳақида гап кетганда кўпинча “У инсондан нима қолди?” деган саволни берамиз. Назаримда, анча-мунча насрий ва назмий китоблар муаллифи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошевнинг “Мўминга бегона баҳор” китоби маълум маънода ўша саволга жавоб бергандай, мухлислар маънавий эҳтиёжини қондиргандай.

Аввало, китоб муаллифи А. Ўтбосаров билан нафақат ҳамкасб, балки ҳаётда ҳаммаслак, “жигарлик даражасига сазовор бўлган” инсон. Ўз қадрдони ҳақида сўз айтишга, хотирлашга тўла маънавий ҳуқуққа эга. Абдумўминнинг меҳнаткашлиги, ҳалоллиги, интилувчанлиги, ишбилармонлиги ва оилапарварлиги барчанинг назарига тушган.

Абдумўмин телевидениеда, телефильмда, кинода ва радиода яхши ишлар қилиб кетди. Радиодаги охирги ишларидан бири — “Амир Темур сиймоси” радиофильми бўлди. Пиримқул Қодиров асари асосида тайёрланган бу иши Абдумўмин Ўтбосаровнинг ҳақиқий сухандонлик иши, информациявий ёки публицистик эмас, айни бадиий иши бўлдики, бу унинг “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвонига лойиқ ва  оқлайдиган ижодий иши эди. Муслимбек ана шу эътирофларни баён этар экан, қалб нидосини прозада ифода этолмай қолса, шеърга ўтади. Унинг қайралган қалами учидан бамисол ўт-олов сочилади.

Муаллифнинг айтишича, Абдумўминнинг китоб мутолаасига меҳри бўлакча экан.Айнан муттасил китобхонлик оддий сухандоннинг кенг мушоҳада соҳиби бўлишига, ижоднинг бошқа уммонларида ҳам бемалол сузишига имкон берган. У бўш қолди деганда қўлига китоб олар экан. Бу фазилат ҳаммамиз учун, айниқса, ёшлар учун чинакам ибратдир.

Эсимда, Абдумўминнинг Бодомзордаги ҳовлисига бир ҳовуч фотиҳа учун борганимда бизга Муслимбек пешвоз чиққанди. Тиловатдан кейин ундан кўнгил сўрадик. Шогирдининг ўлими унга қаттиқ таъсир қилган, айтиш мумкинки, ўзини бошқа оламда яшаётгандай тутарди. Нега шундай бўлади, эркин нафас олиб турган одамнинг юраги тасодифан уришдан тўхтаб қоладими, дея ажабланарди. Ўша лаҳзаларда айтган ҳасратини қисман шу китобда ҳам ўқидик: “Аммо Абдумўмин Ўтбосаров тинимсиз изланишда бўлганидан, доимий талабгир сухандонлигича қолаверди. Бировларга ўхшаб “катталар”нинг эшигида энгашиб туриш ўрнига, ўз устида ишлади, жонини бериб ишлаб, ўзини кўрсатди, буюрилган ишни кутилганидан яхшироқ қилишга ҳаракат қилди ва булар ўз самарасини берди. Қариндош-уруғсиз, “валинеъмат” ота-онасиз, манфаат кўзлаб ва шуҳратпараст “акахон”лар ёрдамисиз ўзини ўзи оёққа қўйди. Энди келин қилиб, худодан набиралар сўраб ўтираман, деганида эса, фалак яна адолатсизлик қилди. Унинг ёшгина жонига зормиди фалак!”.

Муслимбекнинг Минор қабристонида ўзига хос митингни олиб боргани, у ерда қалбининг туб-тубидан чиққан сўзларини ифода қилиши китобхон вужудини ларзага солади.

Худди шу ўринда Абдумўминнинг ёзув студиясидан касалхонага жўнатишгани, муаллиф эшитган заҳоти реанимация бўлимига елиб боргани ҳикоя қилинади. Бу фожеали воқеа тафсилоти бошдан-оёқ Муслимбекнинг юрагидан, қалб меҳваридан ўтказиб ёзилган. 

Нохуш ҳолатдан кейин интернетнинг турли сайтлари Муслимбекка мурожаат қилишади. “Абдумўмин қандай инсон эди?” Бу саволга марҳумнинг энг яқин сафдоши, дўсти сифатида Муслимбек жавоб беради. Унинг ҳамиша сўзида устувор эканлигини, фақат меҳнат қилиш билан бандлигини, оилада яқинларига меҳрибонлигини ва бошқа фазилатларини айтади.

Муслимбек 1999 йилда таҳририят буюртмасига биноан А. Ўтбосаров билан суҳбат қилган экан. Бу дилкаш гурунг китобда берилиши мухлислар учун айни муддао бўлган. Суҳбат орқали китобхон Абдумўмин ва унинг оиласи билан яқиндан танишади. Қаранг, бахт фалсафаси ҳақидаги саволга Абдумўмин қандай жавоб қилади: “Ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистондан, Ватандан юз ўгириб бўлмайди. Унинг юзига оёқ қўйиб бўлмайди. Ватан — иймон. Иймон — охират неъмати. У бахтга элтувчи йўлчи юлдуз. Бу дунё бўлмаса, у дунё бахтига етайлик. Энг асосийси, бу ер — менинг ота юртим, фарзандларимнинг ҳам ватани”.

Бу сўзлар Ватан ҳақидаги ҳар қандай баландпарвоз гаплардан аъло-ку?! Бу сўзлар тўғридан-тўғри китобхон қалбига етиб боради. Назаримизда, бу самимий эътирофлар нафақат Абдумўминнинг, балки Муслимбекнинг ҳам ён-атрофидагиларга дил мурожаати. Ахир суҳбат муаллифи Муслимбек-да. Шундай таъсирчан сўзлар, чин маънодаги ҳайқириқ суҳбатдошнинг чуқур ўйланган саволларидан келиб чиққан.

Китобнинг “Хотиралар” бобида асар қаҳрамонининг синглиси Барно Ўтбосарова, ҳамкасблари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Насиба Иброҳимова, Фарҳод Бобожонов, Ўзбекистон халқ артистлари Муҳаммадали Абдуқундузов, Султонали Маннопов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Турсун Қоратоев, турмуш ўртоғи Гўзал Раҳимжонова ва бошқа сухандонларнинг Абдумўмин Ўтбосаров ҳақида эсдаликлари жой олган. Шуни айтиш керакки, ушбу хотираларнинг бирортасида ҳам такрорий фикрлар учрамайди, улар ўзлари учун яқин бўлган инсоннинг турфа фазилат ва хислатларини ўз нигоҳлари орқали кашф этишган.

Муҳаммадали Абдуқундузов Евгений Евтушенконинг “Оқ кабутар” достонини Абдумўмин билан бирга тайёрлашганини эслайди. Таниқли актёрнинг хотиралари шундай якунланади: “...Дафн маросимидан чиқаётиб, осмонда парвоз қилиб юрган бир гала кабутарларга кўзим тушди. Назаримда, Абдумўмин ҳам бир кабутарга, оқ кабутарга айланиб, осмонга, мовий кенгликларга қараб парвоз этаётгандай бўлди. Абдумўмин ҳаётдаги парвозининг энг баланд нуқтасида орамиздан кетди. Аммо бу парвозни давом эттирадиган комил фарзандлари, набиралари бўлади ҳали. Мен шунга ишонаман”. 

Навбатдаги бобда Абдумўмин Ўтбосаровнинг турли нашрлар ва эфир мавжларида янграган суҳбатлари берилган. Уларнинг аксариятини китоб муаллифи М. Йўлдошев қоғозга туширганки, бу хизмат ҳам эътиборга сазовордир. Дикторлик санъатининг ўзига хос сирларидан ҳикоя қилувчи маҳорат сабоқлари, шунингдек, А. Ўтбосаровнинг китоб муаллифи билан ижтимоий тармоқдаги ёзишмалари ҳам мухлисларни қизиқтириши табиий. Китоб якунидаги “Топган гул...” бобида Абдумўминнинг қаламига мансуб ижод намуналари тақдим этилган. Бу билан ҳар бир инсон ортидан айтиладиган: “Нима қолди?” деган саволга жавоб олгандай бўламиз.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар