“Open Andijan” I-Халқаро инвестиция форуми қандай ўтказилди

14:40 21 Октябр 2019 Жамият
420 0

Ўзбекистон ўз тарихида янги босқични бошлади. Энди унинг олдига қўйган аниқ мақсади бор. Ана шу манзил сари дадил одимлаётган республикамизда, энг аввало, иқтисодий юксалиш сари қўйилган қадамлар ўзининг дастлабки натижасини бера бошлади. Андижон вилоятида 19-20 октябрь кунлари бўлиб ўтган “Open Andijan” I-Халқаро инвестиция форуми бу борадаги муҳим одимлардан бирига айланди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг январь ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегация Ҳиндистонга ташриф буюриб, “Жўшқин Гужарат - 2019” IX Халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. Форумда сўз олган республикамиз Президенти Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаб, икки томонлама манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун бир қанча ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Гужаратнинг улкан салоҳияти ва Андижон вилояти билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларидан келиб чиқиб, Андижонда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳудудларининг бизнес-форумини ташкил этишни таклиф этган эди. Нафақат, икки халқни, балки эзгу амалларга тилакдош бўлган Озарбайжон, Афғонистон, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Грузия, Миср, Исроил, Индонезия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Сингапур, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Чехия, Жанубий Корея, Япония давлатларидан ташриф буюрган, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар, халқаро молия институтлари раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги форум самарали учрашувларга бой бўлди.

-Ўзбекистонда тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, иқтисодий ҳамкорлик қилиш, мамлакатга инвестиция олиб кириш борасидаги имкониятлар ҳар доимгидан ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда,-дейди Ҳиндистоннинг Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани.-Хусусан, Андижон вилоятидаги мавжуд имкониятлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон минтақалари ўртасидаги дўстлик, шериклик муносабатларини янада шакллантиришга хизмат қилади. Шу боис ушбу форумда иштирок этаётган 80 нафар гужаратлик тадбиркорлар андижонлик ишбилармонлар билан истиқболли лойиҳаларга асос солади, деган умиддаман.

Форум давомида иштирокчиларга Андижон вилоятининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, сайёҳлик, тўқимачилик ва автомобилсозлик, шунингдек, фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар намойиш этилди.

-Форум давомида гувоҳи бўлдимки, Андижонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган,- дейди Ҳиндистон савдо-саноат палатаси Федерацияси хотин-қизлар ташкилоти президенти Харжиндер Каур Талвар хоним.-Айниқса, ҳунармандчилик борасида эришилаётган ютуқлар ибратлидир. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ўртасидаги уйғунликни ҳис этиб турибман. Тадбирда 20 нафар тадбиркор ва ҳунарманд аёлларимиз ҳам фаол иштирок этди ва андижонлик хонимлар билан ўзаро тажриба алмашдилар. Бугунги дўстона муносабатлар тез кунда амалий ҳамкорликка асос бўлади.

Халқаро форум доирасида қатнашчилар ҳукмига машинасозлик тармоғида маҳаллийлаштиришга қаратилган 17 та инвестиция лойиҳаси, қишлоқ хўжалигида 5 та, фармацевтика соҳасида 4 та, енгил саноат йўналишида 6 та лойиҳа ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қатор лойиҳалар тақдим этилди.

Президентимизнинг 2019 йил 14 январдаги “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Андижон фармацевтика зонасига асос солинди. Форум доирасида Ҳиндистоннинг “Cadila Pharmaceutikals Limited” компанияси билан 2019-2022 йилларда 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш ҳисобига фармацевтика жиҳозлари, дори-дармонлар ишлаб чиқариш лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди. Шу куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва Ҳиндистон давлатининг Гужарат вилояти бош вазири Вижай Рупани иштирокида “Cadilla Pharmaceuticals Limited “ компаниясининг дори ишлаб чиқариш заводига тамал тоши қўйилди. Айтиш жоиз, ушбу компания Ҳиндистоннинг йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири бўлиб, Аҳмадобод ва Гужарат штатларида фаолият юритади. Компанияда 4 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилади. АҚШ, Япония, Африка ва МДҲнинг қатор давлатларида тадқиқот бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

Андижонда бўлиб ўтган форум ўзининг маънавий-маърифий жиҳатлари билан ҳам аҳамиятга эга. Зеро, шу куни тадбир иштирокчилари вилоятнинг айниқса, таълим соҳасида олиб борилаётган салмоқли ишлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Андижон шаҳридаги Ҳиндистоннинг Шарда университетида талабалар учун яратилган шароитни кўздан кечирдилар. Айни пайтда бу ерда 400 нафар талабалар жаҳон андозаларига мос равишда таҳсил ола бошладилар. Форум доирасида бўлиб ўтган очилиш маросими ҳар икки давлат учун тарихий аҳамият қозонди. Маълумки, Шарда университети Ҳиндистондаги хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланиб, 2009 йилда ташкил этилган. Ҳиндистоннинг хусусий университетлари орасида хорижий талабалар сони бўйича биринчи ўринни эгаллайди. У ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлайди. Мазкур олийгоҳ 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Андижон шаҳрида янги ташкил этилган филиалида талабалар қабул қилишни бошлади.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар ҳар соҳада ўз ифодасини топиб бормоқда. Андижон туманида Ҳиндистон давлат ва сиёсат арбоби Сардар Пател номи билан аталувчи кўча ва бюстининг очилиш маросими ана шу муносабатларнинг ёрқин мисоли бўлди.

Тадбирда шунингдек, 31 та давлатдан ташриф буюрган делегация аъзолари вилоятнинг инвестицион муҳити билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номи остида тўқимачилик, автомобилсозлик ҳамда фармацевтика ва бошқа қатор соҳаларда фаолият олиб бораётган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаларида қатнашган хорижлик мутахассислар ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятига баҳо бердилар.

-Корхонамиз гарчи Ўзбекистон билан мустаҳкам алоқалар ўрнатган бўлса-да, шахсан мен бу давлатда илк бор бўлишим,- дейди Россиянинг Тольяти шаҳрида фаолият юритувчи “Волгоцеммаш” очиқ акциядорлик жамияти бош директори Димитрий Обливансев.-Биз цемент ишлаб чиқарувчи ва тоғ-кон металлургия корхоналари учун ускуналар ишлаб чиқарамиз. Айни пайтда Жиззах вилоятида йирик лойиҳани ҳамкорликда амалга оширяпмиз. Андижон вилоятида бўлиб, шунга амин бўлдимки, бу мамлакатнинг имкониятлари катта. Бу эса, хорижлик инвесторлар билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун асос бўлади.

“Open Andijan” I-Халқаро инвестиция форуми қатнашчилари, шунингдек, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик йўналишларидаги имкониятлари билан яқиндан танишиб, Хонобод шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятига юқори баҳо бердилар. Қизғин музокараларга бой бўлган тадбирда 31 та хорижий давлатлардан 330 дан ортиқ хорижий инвесторлар, республикамизнинг барча вилоятларидан жами 300 дан ортиқ маҳаллий инвесторлар иштирок этдилар. Натижада 405 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри 22 та шартнома имзоланган бўлса, 60 млн. АҚШ доллари миқдорида 12 та экспорт шартномаси имзоланди.

Бир сўз билан айтганда, “Очиқ Андижон” халқаро форуми вилоятнинг жаҳон майдонига юз тутиши учун янги имкониятларни яратиб берди. Илк қадамлар эса истиқболли манзилларга бошлашидан умидвормиз.

Саминжон ҲУСАНОВ,
(“Халқ сўзи”)

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019