Онлайн: “PROlogue” халқаро кинофестивали ўз ишини бошлади

10:41 27 Ноябрь 2018 Маданият
683 0

Фото: “Халқ сўзи Online”

“Халқ сўзи Online“/Ҳасан Тошхўжаев. 27 ноябрь куни Ёшлар ижод саройида “PROlogue” халқаро кинофестивали доирасида “Ўзбек киносининг тарихи” фотокўргазмаси ўз ишини бошлади.

Мазкур кўргазмадан 70 та сурат ўрин олган бўлиб, унда ўзбек киноси ривожланишининг олти даврида тасвирга туширилган бадиий фильмлардан лавҳаларни кўриш мумкин. Масалан, 1925 йили “Шарқ юлдузи” кинофабрикаси номи остида фаолият бошлаган ҳозирги “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган илк ўзбек бадиий фильмлари - “Ўлим минораси” (реж. К. Ёрматов), “Иккинчи хотин”, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларидан то ўтган асрнинг 60-йилларига қадар бўлган фурсатда яратилган “Қасам” (илк ўзбек овозли фильми), “Бой ила хизматчи”, 60-70-йилларда суратга олинган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тошкент - нон шаҳри”, 70-80-йилларда тасвирга туширилган “Шум бола”, “Еттинчи ўқ”, қайта қуриш даврининг ўзига хос жиҳатлари очиб берилган “Сиз кимсиз?”, “Келинлар қўзғолони”, қолаверса, мустақиллик йилларида яратилган “Ватан”, “Сабот” сингари кинофильмлар лавҳаларидан баҳра олиш мумкин.

Ғайрат Мўминов томонидан тайёрланган ушбу фотокўргазма 29 ноябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилаётган “PROlogue” IV Халқаро кинофестивалининг асосий тадбирлари жорий йилнинг 27-30 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Premier Hall Cinema” кинотеатри ва Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019