ОНЛАЙН: Медиа-тур иштирокчилари “Уста Юсуфжон наққош” хусусий корхонасида бўлишди.

09:46 28 Август 2019 Жамият
183 0

Фото: Хурсандбек Араббоев

Халқаро ҳунармандчилик фестивали олдидан журналистлар учун бўлиб ўтаётган медиа-турнинг иккинчи куни Фурқат туманидаги Ўзбекистон халқ устаси, наққош Муҳаммадали Юнусовнинг устахонаси ва у ердаги музей кўргазмасидан бошланди.

“Уста Юсуфжон наққош” хусусий корхонаси асосчиси, нуфузли кўрик-танловлар ғолиби Муҳаммадали Юнусов устахонасида қўл меҳнатига асосланган маҳсулот тайёрлаш жараёни, ҳунармандчилик намуналарини кўздан кечирдик, ёғоч ўймакорлиги музейида бўлиб, уста билан суҳбат қурдик.

Фото: Хурсандбек Араббоев

— Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси 1879-81 йилларда қурилган шаҳарнинг тарихий обидаси ҳисобланади. Ушбу элчихона ҳудудида 2013 йилнинг 18 февралида ёғоч ўймакорлиги санъати намунасида учта очиқ айвон, сўри, хонтахта, Қўқон ароба, элчихонанинг кириш эшиги ва бошқа анжомларни қуриб битказганмиз, —дейди Муҳаммаджон Юнусов. — Бино очилишига ташриф буюрганлар элчихонага миллий хусусият ва файз кирганлигини таъкидлашган. Ўзбек миллий ҳунармандчилиги ва қурилиш ишлари жараёнига қизиқиш билдирган Украина президенти топшириғи билан элчихонанинг қулай ва серқатнов қисмига Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятига тегишли видеофильмлар, фотолар намойиш қилинган. Юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган семинарлар ташкил этилиб, биз – фарғоналик усталарнинг миллий ёғоч ўймакорлиги санъати намуналаримиз намойиш қилинган. Бу воқеалар шунча йил ўтибдики, ҳеч ёдимдан кўтарилмайди.

Фото: Хурсандбек Араббоев

Миллий ёғоч ўймакорлиги санъатини тиклаш ва авлодларга етказиш мақсадида “устоз-шогирд” анъаналарини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Минг нафардан зиёд шогирдим бор. Уларнинг 50 нафари миллий ёғоч ўймакорлиги ҳунарини миридан-сиригача ўрганиб, ҳунаримиз билан боғлиқ ҳар ишнинг устаси сифатида мустақил фаолият юритишяпти. 25 нафарининг маҳорати эса алоҳида мақтовга лойиқ. Ўзи фикрловчи, кенг дунёқараш ва иқтидорга эга бу уста-шогирдларим бемалол мустақил лойиҳалар яратиб, уларни амалга ошира олиш даражасига эришганлар.

Фото: Хурсандбек Араббоев

Уста ўймакор М.Юнусов шу кунгача Фарғона шаҳридаги узумни қайта ишлаш корхонаси, “Бахт” уйи, Фурқат туманида Абдуқаҳҳор ота зиёратгоҳи, Тошкент шаҳрининг янги ҳалқа йўли ёқасидаги “Хон чорбоғи” тепалиги ва қатор ташкилот ва муассасаларда миллий ҳунармандчилик ишларини амалга оширган. 2015 йилда Самарқанд шаҳридаги Дониёр пайғамбар мақбарасида 60 нафар устазода шогирдлари билан 8 қирралик, 8 устунлик миллий аркли айвон, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом масжиди мажмуаси айвон устунлари, пойтахтимизнинг Юнусобод даҳасида Қатағон қилинганлар хотирасига қурилган музейнинг устунларини ҳам ўймакор нақшлар билан безатишган. Пойтахтимиздаги миллий боғда “Халқ амалий санъати” галереясининг айлана айвон қисми, Самарқанднинг Ҳазрати Имом Исмоил Ал-Бухорий мажмуаси айвонлари қурилиши, Жиззахда “Ипак йўли” чойхона-оромгоҳи ва юртимизнинг кўплаб туман-шаҳарларида чойхона-оромгоҳларнинг ёғоч ўймакорлиги ишлари айнан М. Юнусовга тегишли.

Фото: Хурсандбек Араббоев

Айни пайтда Қўқон шаҳрида ўтказиладиган фестивалга тайёргарлик ишлари доирасида Жомеъ мажмуасига 21 устун тайёрлаш ишлари ўз якунига етказилди.

— Бошида қийинчилик кўрган одамнинг келажаги бўлади, —дейди биз билан суҳбат давомида М. Юнусов. —Бир яхши шогирд тайёрлаш учун 10 йил вақт кетади. Зеҳни тез бўлса 7 йилда ўрганади. Айрим шогирдлар эса узоқ йиллар ўргансалар-да, ихтиро ҳам, ижод ҳам қилмайдилар. Буюртмани уста кўрсатгандек бажариб беришади холос. 1000 тадан 25 нафаридагина ижодга мойиллик бўлиб, муваффақиятга эришади. Устахонамизда нақшларни ҳам ўзимиз чизамиз, лойиҳаларимизни ўзимиз яратамиз ва қурамиз. Бу ҳунарда бетакрорликка эркин ва мустақил ижод билан эришиш мумкин. Катта оиланинг фарзанди бўлганман. Ёғоч ўймакорлиги, наққошлик ота касб. Мен 5-авлод устазодаман. Ўғилларим ҳам ҳунаримни эгаллашган. Хусусий корхонамизнинг асосий ишларини бугунги кунда ўғилларимга ишониб топширяпман. 2 ўғил, икки қизим ва 13 неварам бор.

Фото: Хурсандбек Араббоев

2007 йилда тажрибалаи устанинг хизматлари муносиб тақдирланиб, “Ўзбекистон халқ устаси” давлат мукофотига сазовор бўлди. Бугун уста ишлатган катта закров ранда, кичик босма ранда, жафсранда, коншранда, хаткаш, чўпса, текислаш эгови, кошак арра каби қатор ўймакорлик ускуналари ўрнини замонавийлари эгаллаган. Бу дастгоҳлар устанинг ёғоч ўймакорлиги тарихи акс этган музейидан ўрин олган.

Фото: Хурсандбек Араббоев

Бироздан сўнг медиа-тур иштирокчилари Қўқон эркин иқтисодий зонасидаги йирик лойиҳалар - “Шаффоф омадли саноат”, “Geat Kokand” корхоналари фаолияти билан яқиндан танишадилар.

Медиа-тур давом этмоқда.

Фото: Хурсандбек Араббоев
Фото: Хурсандбек Араббоев

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019