Онани алмаштириб бўладими?..

20:38 05 Май 2019 Жамият
354 0

Дунёда биз билган ва билмаган сир-синоатлар жуда кўп. Шулардан бири тил масаласидир. Тил ҳақида гап кетганда, уни Онага менгзаш одат тусига кириб қолган. Бундай ёндашув жаҳон тилларининг ҳаммасида деярли бир хил: ОНА ТИЛИ.

Тилимиз худди онамиз каби бизни оқ ювиб, оқ тараган, бизга улкан имкониятлар эшигини очиб берган, аммо эвазига ҳеч нарса талаб қилмайдиган ноёб ҳодиса саналади. Яшаш тарзимиз, кийинишимиз, овқатланишимиз, юриш-туришимиз негизида она тилимизнинг беминнат хизматлари ётади.

Ҳамманинг ёдида бўлса керак, 80-йилларнинг охирида озодлик, мустақиллик учун бўлган саъй-ҳаракатларнинг жон томирини тил масаласи ташкил этган ва миллат дарди, миллат келажаги учун қайғурган ҳамюртларимизнинг аксарияти ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши масаласини дадил кўтариб чиқишган эди. Ўшанда ҳам юрагида ҳадик, қўрқув бўлган бир гуруҳ миллатдошларимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми бермаслик ёки икки тиллилик масаласига маҳкам ёпишиб олишганди. Юртимиз бошида турган буюк инсонларнинг теран тафаккури, узоқни кўзлаб юргизган сиёсати ва улкан жасорати туфайлигина тилимизга давлат тили мақоми берилганди. Республикамизнинг чекка-чеккаларидан келган халқимиз вакиллари ҳам марказ кўчаларида, давлат идоралари ва ташкилотларида ўз она тилисида гапириш имкониятларига эга бўлганди. Ҳаммамиз гувоҳ: бу сиёсатни давлатимиз раҳбарлари то ҳануз оғишмай юргизиб келмоқда.

Шу кунларда бир гуруҳ зиёлиларимиз томонидан рус тилига расмий тил мақоми берилиши тўғрисидаги мурожаатни ўқиб, шу юртнинг оддий бир фарзанди сифатида ҳайрон бўлиб қолдим. Республикамизда рус тилини ўрганишга ҳеч қандай монелик қилинмаётган, тил сиёсатида дунё давлатларига ўрнак бўладиган сиёсат олиб борилаётган, халқимиз томонидан бошқа миллат вакилларининг барчасига ўзига яраша шарқона иззат-икром кўрсатилиб, ҳамма халқлар бир-бири билан дўст, иноқ бўлиб, битта ягона Ўзбекистон халқи бўлиб яшаётган пайтда кимга керак бўлиб қолди бундай “Мурожаат”. Ошкоралик, демократия ниқоби остида халқ қалбидаги энг теран риштани “чертиш”, у билан ҳазиллашиш эмасми бу?!

“Мурожаатнома” битган инсонларнинг бошқа иши йўқми?! Ахир улар шу халқ берган неъмат туфайли ялтир-юлтур кийимларни кийиб, қимматбаҳо машиналарни миниб, ўзбек тилида ёзилган мукофотларни олиб юришибди-ку!? Ўзларининг соҳаларида сийқаси чиққан қўшиқлар, бир пулга қиммат кинофильмлар тақдирини ўйлашса яхши бўларди. Маданиятимиз, санъатимиз соҳасида Президентимиз томонидан кўтариб чиқилаётган масалаларни ҳал этишда уларнинг ёрдамлари жуда-жуда зарур. Бунинг ўрнига улар кимларнингдир “топшириғи”ни бажараётган бўлсалар ажаб эмас.

7 та тилда таълим-тарбия ишларининг олиб борилиши дунёнинг биронта давлатида йўқ. Кўчаларига инглиз, немис, араб, рус тилларида рекламалар тўлиб-тошиб ётган, лавҳалар, кўрсаткичларнинг кўринарли қисми рус ёки инглиз тилларида битилган юрт дунёда борми ўзи?! Асло йўқ! Уларга нисбатан индамаётганимиз остида халқимизнинг бағрикенглиги, тинчлик-осойишталикни ҳамма нарсадан устун қўйиши, ҳар қандай миллат вакилларига нисбатан хайрихоҳлик нигоҳи билан боқиши сабабчи бўлмоқда, десам янглишмаган бўламиз.

Шундоқ ҳам рус тили ва унинг ривожланишига ҳеч ким тўсқинлик қилаётгани йўқ. “Давлат тили” ҳақидаги Қонуннинг тегишли жойларида рус тилининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни кўрсатиб қўйилган. Л.Н.Толстой, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов асарларини ҳамма жойда тарғиб қилиб юрибмиз. Шу кунгача рус миллатига мансуб биронта шахс ўз она тилига нисбатан ўзбекларнинг менсимай мурожаатда бўлаётгани ҳақида шикоят қилгани ҳам йўқ. Яна ўзимиз... Бу қора кўзойнак тақадиган жаноблар битта ҳақиқатни билиб олишса яхши бўларди. Бугун бизга битта рус тили эмас, улуғ маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек “тўртта тилни ўрганиш” ҳам камлик қилиб қолди... Ўзбекистон дунё мамлакатлари билан бўйлашаётган, жаҳонда ўз ўрнини топишга астойдил уринаётган бир пайтда бунда субъектив ёндашиш фойда келтириш ўрнига зарарга ишлайди. Рус халқи билан ўртадаги муносабатларимизни лойқалатишга олиб келади. Наҳотки, катта-катта фильмларни олишга ақли етган, анча-мунча халқ артистлари ҳам чиқа олмайдиган саҳналарда туриб қўшиқ айтган маданиятимиз ва санъатимиз дарғалари шу оддий ҳақиқатни билишмаса. Уларни алқаб юрган халқ бу ҳақда нима дейди?!

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши бу – Яратганнинг иродаси. Унга қарши бориш халқпарварликдан, фидойиликдан эмас. “Қонун” бандларига ўзгартиришлар киритиш учун ҳиссиётларга берилмаслик, 4000 йиллик тарихчилик анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда ўта босиқлик билан узоқни кўзлаб иш кўрмоқлигимиз зарур. 18 та дарғанинг гапи билан ўн саккиз минг олам ичида ягона бўлган ўзбек миллати ва ўзбек халқининг иродаси букилиб, улар айтган ҳавойи сўзларга учиб қолмайди.

Лутфий, Атойи, Навоий, Яссавий, Бобурлар алқаган, Нодира, Увайсий, Зулфиялар баралла куйлаган, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийлар қалам тебратган табаррук тил бу. Бу тилнинг илдизлари тарихнинг олис қаърига етиб боради. Не-не босқинлардан, зулмлар ўтиб келган бундай улкан чинорни ўрнидан қўзғатиб бўладими? У бир гуруҳ инсонларнинг истакларига қарама-қарши равишда дунёнинг энг бой ва қадимий тилларидан бири сифатида минглаб, миллионлаб инсонларни улғайтиришда, тарбиялашда давом этаверади. Ахир, у бизнинг онамиз-ку! Онани ҳам алмаштириб бўладими?..

Абдулҳай Собиров, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети “Лексикология ва диалектология” кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019