Она юрт тупроғи дардимизга малҳам бўла олади

16:44 06 Июнь 2019 Маданият
370 0

Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ҳалима Худойбердива ижодида Ватан мавзуси бош йўналишни ташкил этар эди. Унинг турли йилларда адабий давраларда, суҳбатларда билдирган долзарб мавзулардаги фикр-мулоҳазалари эса бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани билан аҳамият касб этади. Уларда халқимизнинг суюкли шоирасининг уйғоқ руҳи акс этиб, янгроқ овози жаранглаб тургандек бўлади..

Президент ҳақида

Шеъриятга борлиғини бағишлаган инсон ҳаётни чуқур англаб, уни янада яхши кўриб бораверади. Умрим давомида турли синовларга дуч келдим. Лекин ижоддан тўхтаганим йўқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга адабиётга, ёзувчи ва шоирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратаётган алоҳида ғамхўрлиги, камтарин меҳнатларимни юқори баҳолаб, Ватанимизнинг юксак мукофоти — “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлагани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Президентимизнинг Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ғоятда оқилона қарори аллақачонлар қақраб қолган ерга ҳаёт бахш этиш учун ёққан ёмғирдек бўлди. Бу адабий ҳаётимизда узоқ вақт кутилган воқеадир. Адабиёт ва ижодкорларимизнинг мақомини юксалтириб, халқига чин дилдан хизмат қилиши учун уларга шароит яратиб бериш мазкур ҳужжатнинг тарихий аҳамиятини англатади.

Ижодкорнинг қаддини кўтариш, унинг заҳматли меҳнатини эъзозлаш давлат раҳбарининг диққат марказида тургани адабиётимиз манглайида қуёш балққани билан баробардир. Юртбошимиз шахсан ўз назоратларига олиб, ёш иқтидор эгалари тирикчиликнинг кўчаларида ҳар кўйга тушиб, бебаҳо истеъдодини йўқотиб қўймасин деб уй-жой, бошпана беришни йўлга қўйдилар. Бу — жуда улуғ иш, ҳали бунинг юксак самараларидан халқимиз жуда кўп баҳраманд бўлади. Бундан йигирма йиллар муқаддам шахсан ташаббуслари билан ташкил этилган Зомин семинарининг очилишида Шавкат Миромонович “Ёш ижодкорларимизнинг катта адабиётга қўйган қадамлари қутлуғ келсин”, деган сўзни айтган эдилар.

Шахсан давлатимиз раҳбари таклифлари асосида “Дугоналар” журнали дунё юзини кўрди, десак, хато бўлмайди. Бу журнал аёлларимизнинг бахтиёрлик қўшиқларигагина жўр бўлишга эмас, балки уларни қийнаётган ғаму ташвишларга елкадош бўлишга, ўша ташвишларни биргаликда енгиллаштиришга, ўзбекнинг ойбарчин қизларини тарбиялашга, алпомиш йигитларига мардлик сабоқларини етказишга ҳаракат қилади.
Президентимизнинг “Аёлни, онани рози қилсак ҳамма ишларимиз яхши бўлади”, деган эзгу ғояларини руёбга чиқариш учун бу журнални севимли нашрга айлантириш йўлида фаолият бошладик.

Истиқлол – бизнинг эркинлигимиз

Истиқлол – бизнинг эркинлигимиз. Мустақиллик биз учун шонли, шукуҳли неъмат. Таъбир жоиз бўлса, у бизнинг қўлларимиз, қанотларимиздир. Бу улуғ эркинликни туйишнинг ўзи ҳам бизга қудрат  бағишлайди, юксак зафарлар сари чорлайди. 

Муайян давлат ва жамиятнинг эркинлиги шу юртда яшовчилар учун сув ва ҳаво каби заруратдир. Айни пайтда жамиятимиздаги эркинлик асосида барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиб фаолият юритаётган аёлларимиз ўз назокатларини, ақлу фаросатларини, самимият ва қалби покликни биринчи ўринга қўйишларини истардим.

Жамиятимизнинг инсонийлик ва ахлоқий ақидаларини поймол қиладиган ҳар қандай ҳаракатга адабиёт, китоб, санъат энг яхши чорадир.

Энг муқаддас сўзлар – Она, Ватан сўзлари

Энг муқаддас сўзлар – Она, Ватан сўзлари. 

Биз, оналар, бор имкониятимиз билан тупроғида отамиз, онамиз, қолаверса, буюк аждодларимиз ётган шу Ватанга болаларимиз юрагини меҳр-муҳаббат ришталари билан чамбарчас боғлашимиз керак. Шунда келажагимиз, қолаверса фарзандларимиз келажаги, албатта, буюк бўлади. 

Бизнинг қалбимиз қатида шодлигимизда ҳам, қайғули кунларимизда ҳам юрагимиз қон-томирида гупуриб турадиган, душманимиз ҳам кўксимиздан юлиб ололмайдиган бемисл бир гавҳаримиз бор. У ҳам бўлса – Ватанга муҳаббат туйғуси. Юрагида муҳаббат ёлқинланаётган Аёллар бор экан, бу заминда, бу юртда фидойи авлодлар улғаяверади.

Менинг ижодим Ватаним ва ватандошларим ҳақида. Қайси бир мавзуда бўлмасин, ундан шу азиз юртимнинг бўй-басти, азиз халқимизнинг тийнати балқиб туради. 

Биз ўз Ватанимизга томир ёйиб боғланиб кетганмиз. Она юрт тупроғи дардимизга малҳам бўла олади. 

Ижодкор ҳақида

Ижодкорлик, қайси соҳада бўлмасин, инсонни ҳамиша эзгуликка етаклайди. 

Адабиёт соҳасидаги ижодкорлик бу ёзувчи-шоирлар яратаётган асарлари орқали ўзининг ҳамда замондошлар кўнглидаги қувончу дардларини қоғозга тушира олиш имкониятидир. 

Бугунги давр ижодкорининг асосий вазифаси мустақиллик туйғусини одамлар онгу шуурига, руҳига сингдиришдан иборат бўлмоғи лозим.

Ижод ҳам кўкламга ўхшайди. У гуллаётган пайти атрофга ўз тароватини сочади, одамлар кайфиятига, руҳиятига таъсирини ўтказади, мудроқ қалбларни уйғотади. 

Ижодкор қайси даврда яшамасин, шу давр таъсири унинг ижодида акс этмай қолмаганидек, ўзи ҳам яшаётган муҳитига ижобий таъсир эта олиш қудратига эга бўлиши лозим. Шу давр одамлари руҳиятига, юрагига эзгулик уруғини сочиш, ҳақиқий ижодкорнинг иши ҳисобланади.

Обод турмуш

Обод турмуш ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Уни турмушнинг ҳар қандай қийинчиликларидан чўчимайдиган мард инсонлар яратади.

Ватан учун диёнатли, фидойи, юрти учун керак бўлса жонини ҳам аямайдиган фарзандлар тарбиялаб вояга етказишимиз мамлакатимиз ободлиги учун қўйилаётган пойдевордир, аслида. Аёлларимизнинг ҳар бири буни чуқур англаб турибди, деб умид қиламан.

Қаерда бўлмасин ўша ерни гуллатиб ўтириш¸ одамнинг бурчи деб ўйлайман.

Шеър ҳақида

Шеърни аввало Аллоҳ беради, ёзилишига сабаб бўладигани эса дард.

“Муқаддас аёл” шеъри… Бу ўзбек аёлининг дарди, унинг бошидан кечирган кечмишлари. Ҳар бир аёл ҳаётида учраши мумкин бўлган ҳол, ҳар бир аёл юрагида уйғонган дард, изтироблар бу шеърда акс этган. Ҳар бир шеър ўзича бир воқеа, ўзича бир тарих. Аммо бу “воқеа”, “тарих”ларини шарҳлаб бўлмайди.

Она тили ҳақида

Бизнинг ўз тилимизга бўлган ниҳоясиз муҳаббатимиз ҳам бошқа тилларни севишимизга, чанқоқлик билан ўрганишимизга заррача-да халақит бермайди деб ўйлайман.

Тирикликнинг энг қувончли кунларида бизнинг давомимиз бўлиб ҳар бир фарзандимиз дунёга келар экан, бу хазинани биз уларга, ўз болаларимизга ўтказамиз. Йўқотмас, тўлдириб, кўпайтирса кўпайтирар-у, камайтирмас қилиб. Борди-ю бирорта фалокат рўй бериб бу хазинани фарзанд йўқотса, бу ҳол яхшиликдан дарак бермайди. Бу катта йўқотиш армони унинг тош қотган дийдасини тимдаламаса, энди уни қайтадан бешикка белаб алла айтишга тўғри келади. Чунки унинг сезгиси уйғониши, тили қайтадан чиқиши керак. Унга худди чақалоқ маҳалларидагидай эзилиб-эзилиб, узоқ-узоқ алла айтишимиз лозим. Агарда бу чорлов, бу фиғон унга кор қилавермаса, биз ҳам Чингиз Айтматовнинг улуғ Найман онасидай белимизни сириб боғлаб манқуртга айланган бу гўдакнинг хотирасини уйғотишга киришмоғимиз керак бўлади:

Танқид ҳақида

Адабиётдан, айниқса танқиддан бирорта объектни ўққа тутувчи қурол сифатида фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

Ҳаётда баъзан меъёр билан ёққан ёмғирдай далаларни яшнатиб юбориш мумкин бўлган танқидга, баъзан эса бу ёмғир бевақт ва бемеъёр ёғиб экин-тикинни ер билан битта қиладиган танқидга дуч келамиз. Пайҳон бўлган экин-тикин қаддини ердан кўтариб гуллагунча, ҳосилга киргунча қиличини қайраб қиш келади. Шунингдек, обдон олиб бориб-олиб келинган шўрлик ижодкор қайтиб оёққа тургунича ҳам умрининг гуллаш фасли ўтиб кетадики, натижада битта танқид туфайли ижодкор ҳам, адабиёт ҳам теппа-тенг зарар кўради. Бундан ташқари, гоҳо-гоҳо айрим мақсадларни кўзлаб, шоир тили билан айтганда, “мақсадчалар” учун хизмат қиладиган танқидлар ҳам учраб турадики, бундай танқидлар нафратга ҳам арзимайди. 

Бевақт, асоссиз, ҳаддан зиёд мақтовнинг зарари ҳам бундан кам эмас, албатта.

Холис танқидни қадрлайман.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби ташкил этилиши ҳақида маълум қиларкан, жумладан, шундай деди:“Ҳамма нарса эътибор ва муносабатда. Шунинг учун агар сизлар қўллаб-қувватласангиз Ҳалима Худойбердиеванинг ижодидан баҳраманд бўлиб, ундан кучли руҳий қувват ва маънавий озуқа олиш учун Гулистоннинг чиройли жойида ижод мактабини ташкил қилсак ва Ҳалима Худойбердиеванинг ҳам ҳайкалини қўйиб, ҳаммамиз шунга эътибор қилсак”.
Бундай эътибор вақт ўтган сайин янада кучайиб боради. Чунки, ўз юртини жону дилидан яхши кўриб, ўз халқи дарди билан яшаганлар ҳаёти мангуликка дахлдорлиги билан бошқаларга, айниқса, ёшларга ибрат бўлишга арзийди. 

“Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019