Она тилисини фарзандидан устун қўйган кекса аёл иродаси. Ёхуд учта куч бирлашса, қўлдадир дунё

17:50 07 Октябр 2019 Жамият
309 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тилсиз миллат бўлмайди. Давлат ҳам. Бу уч тушунчанинг бирини бошқасидан айро тасаввур қилиш мумкин эмас. Абдулла Авлоний бежиз “Миллий тилни йўқатмак – миллатнинг руҳини йўқатмакдир”, демаган. Шунинг учун юксаламан деган мамлакат борки, миллатининг руҳини, ғурурини кўтаради, давлат тилининг обрўсини оширади. Шунда у ҳақиқий тараққиёт чуққисини забт эта олади.

Маълумотларга кўра, бугун дунёда 7000 дан ортиқ тил ва лаҳжа бор экан. Аммо ҳозиргача улардан 500тасигина илмий жиҳатдан ўрганилган дейилади. Жаҳондаги 1400та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи борлиги эса ҳар қандай одамни сергак торттиради. Айрим мутахассисларнинг айтишича, ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эга экан.

Ўзбек тилининг илдизлари узоқларга қадалган. Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири.

21 октябрь ўзбек миллати учун қутлуғ сана. Бундан 30 йил бурун шу куни халқимиз минг йиллик улуғ орзусига етишди. Шу куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ушбу санага ҳам саноқли кунлар қолди. Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлмоқда. Шу йилнинг 4 октябрь куни Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжат ҳам тарихий. Негаки, юртимизда тил кунини нишонлаш тўғрисидаги ҳали бирор марта давлат раҳбари томонидан қарор имзоланмаган эди.

Тил кунини юртимиз бўйлаб катта байрам қиламиз. Ўқувчилар ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танлови ўтказилади. Театрларимизда, кинотеатрларимизда, маданият саройларимизда буюкларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар кўрсатилади.

Ўзбек тилига бағишланган халқаро ва республика конференциялари ўтказилади. Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирлари бўлади. У ерларда “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари тузилади.

Бугун Ўзбекистон янгиланяпти. Миллий юксалиш йўлига чиқмоқда. Миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрнини ошириш бўйича катта ишлар бошланди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани ҳам ана шундай ислоҳотларнинг меваси. Янги олий ўқув юрти зиммасига давлат тилининг қаддини кўтариш борасида салмоқли вазифалар юклатилган. Университетда она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганилмоқда, ўзбек тили илмий асосда ривожлантирилмоқда, қўлланиш доираси кенгайтирилмоқда.

Кейинги йилларда давлат тили борасида эришилган энг катта яна бир ютуқларимиздан бири, бу ҳудудларда атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилаётганидир. Ушбу таълим масканлари ўқувчиларига ўзбек тили ва адабиёти фани чуқурлаштириб ўргатилмоқда.

Тилни шунчаки “алоқа воситаси” дегувчилар адашади. У инсоннинг ички дунёси кўрсатади, оламни идрок қилишига ёрдамлашади, тафаккур тарзи ва камолотини белгилаб беради. У дунёни англашга йўл. Тил миллий ғурур.

Давлат тилининг қаддини юксалтиришда асосий вазифа Ўзбекистон ёзувчи-шоирларига ҳам юкланади. Уларнинг аксари тил ҳақида куйинчаклик билан шеърлар ёзган, ёзмоқда, аксари эса тилни юксалтириш бўйича мустақил тадқиқотлар саналадиган китоблар ҳам чоп этмоқда. Эшқобил Шукурнинг “Бобосўз” изидан китоби шулар қаторида.

Тилни бойитувчи энг яхши манба бу шевалардир. Ҳар бир ҳудуднинг сўзларини ёзиб олиб, китоб қилиш эса хазина тўплашдай гап. Ўтган давр мобайнида бу борада ҳам арзирли ишлар қилинди. Масалан, Босим Тўйчибоев, Қозоқбой Қашқирли муаллифлигидаги “Зоминнинг тил қомуси”, Тўра Нафасовнинг “Қашқадарё халқ сўзлари” китоблари ҳақиқий дурдоналардир. Лекин бу билан тўхтаб қолмаслик керак. Керак бўлса, ҳар бир ҳудуднинг ана шундай луғатларини тузиб, нашр қилишимиз керак.

Ўзбек тилида сўзловчи, гаплашувчи кишилар бугун нафақат Ўзбекистонда, балки дунё бўйича ҳам тарқалган. Ер юзида тахминан 50 миллион киши ўзбек тилида гаплашар экан. Эндиликда, ҳатто, ўзбек тилини ўрганувчи ўзга тилли миллатлар ҳам кўпаймоқда. Хусусан, Берлиндаги Ҳумболд университетида ўзбек тилини ўрганаётган хорижлик талабалар, Марказий Осиё халқлари куй-қўшиқларини ижро этувчи “Чилтон” гуруҳи фаолият юритмоқда.

Агар биз чиндан ҳам миллатимизнинг асл фазилатларини, бошқалар ҳавас қилгулик урф-одатларини, ширин таомларини, гўзал адабиётини, маъноли фильмларини, жозибали тилини дунёга бунданда зиёда қилиб кўрсата олсак, мамлакатимизга қизиқувчилар сони янада ортади.

Тил борасида яна бир янгилик. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида кўчадаги рекламалар, жой номлари, фирмаларнинг номланиши билан шуғулланадиган “Номлаш” маркази очилди. Ҳозирги кунда ушбу марказ Пойтахтимиздаги Чилонзор тумани бўйича таҳлил олиб боряпти. Тез орада ушбу таҳлил натижалари умумлаштирилади ва уларни миллийлаштириш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар жўнатади.

Та Жен Шен Хитой Халқ Республикасининг Шинжон вилоятидан. Ҳозирги кунда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг докторантурасида ўзбек тили йўналиши бўйича мустақил тадқиқотчи. Университет жамоаси Та Жен Шенга уйқаштириш унга Тожиддин дея ўзбекча исм ҳам қўйиб олишган. Бу исм унинг ўзига ҳам маъқул. У билан гаплашар эканмиз, ҳатто ўзбекча қочирим, мақол ва маталларни гапларига қўшиб ишлатганини кўриб, жудаям ғурурландим.

– Ўзбек мақоллари менга жуда ёқади, – дейди Та Жен Шен. – Масалан, “Пул бўлса, чангалда шўрва”, “Иш билганга бир танга, тил билганга минг танга”. Ўзим тўрт йил аввал Тошкентга келдим. Ҳозирги кунда оилам ҳам шу ерда. Хотиним Шарқшунослик институтида хитой тилидан дарс беряпти. Қизимни ўзбекча боғчага берганман.

Айни кунларда шоир Аъзам Обидов ташаббуси билан дунёнинг турли ҳудудларидан келган ижодкорлар юртимизда. Меҳмонлар ўзбекистонлик шоир ва ёзувчилар, рассомлар уй-музейларига, галереяларига, бориб, ижодкорларнинг мероси, ижоди билан танишмоқда. Ватанимизнинг тарихий жойларини ўз кўзлари билан кўришмоқда. Қишлоқлардаги ўқувчилар билан юзлашмоқда. Навоий ва бошқа шоирларимизнинг шеърларини ўз она тилларида, қолаверса, ўзбек тилида ўқишмоқда.

– Бир шоир дўстимиз Навоий ғазаллари инглиз тилида менга жўнатган эди, – дейди япониялик шоира, таржимон Кэ Мори. – Уларни ўқиб, жуда таъсирландим. Ғазаллар гарчи инглиз тилида бўлса-да, унинг чуқур маъносини, таъсирчанлигини, чиройли эканини ҳис қилдим. Навоий ғазалларида нафақат инсоннинг инсонга бўлган муҳаббати, балки Ватанга, заминингизга бўлган муҳаббатини ҳам сездим. Ва уларни мен япон тилига таржима қилдим.

Бундан юз йил аввал жадид боболаримиз миллий уйғонишни бошлаб беришган ва она тилимизнинг ривожи борасида кўплаб амалий ишларни қилишган. Бугун ҳам давлатимиз миллий юксалиш сари одимламоқда. Бугун ҳам Қодирийларга, Чўлпонларга, Фитратларга, Абдулла Авлонийларга эҳтиёжимиз бор.

Ушбу мақолага материаллар тўплаш жараёнида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда “Ўзбек тили ва адабиётини ўқитишда фан ва таълим интеграцияси” мавзусида бўлаётган семинарнинг устидан чиқдим. Шунда олий ўқув юрти аудиториясида янги ислоҳотларнинг маҳсули саналган ижод мактаби ўқувчиларини кўриб, тўғриси, завқим келди.

Она тилимизнинг эртасини мана шундай янги давр болаларига бемалол ишонса бўлади ва тилнинг қаддини янада кўтарувчилар ҳам шулар аслида. Булар келажак Қодирийлари, келажак Чўлпонлари, келажак Усмон Носирларию Авлонийлари. Абдулла Орипову Ҳалима Худойбердиевалари. 

Авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” бадиасида узоқ йиллар Францияда яшаган рассом йигит ва унинг авар онаси ҳақида ҳикоя бор. Муаллиф Париждан қайтгач, мусаввирнинг қондошларини қидириб топади. Бахтни қарангки, унинг онаси ҳали ҳаёт бўлади. Кампирнинг уйига йиғилган қариндошлари Ватанини ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ғамгин ҳикояни тинглашди, адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди. Она эса кутилмаганда сўраб қолади: “Сизлар аварча сўзлашдингларми?” Шунда Расул Ҳамзатов жавоб қайтаради: “Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча”.

Шунда она юзига қора чодрасини туширади, аварларда ўз ўғлининг ўлганини эшитган оналар шундай қилишар экан.

Узоқ жимликдан кейин муштипар: “Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар у ҳаёт бўлганида, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди!” дея суҳбатга нуқта қўяди.

Мана, миллий ғурур, она тилига бўлган садоқат! Бу йўлда ҳатто ўғлидан ҳам воз кечган муштипар ва миллатсевар аёл. Уни, ҳеч иккиланмай, миллат онаси, миллат қаҳрамони, десак бўлади.

Бундай ғурур аслида миллатини яхши кўрган ҳар бир инсонда бўлмоғи лозим. Бизнинг ҳам ҳар бир онамиз фарзандлари қалбида ўзбек тилини яхши кўриши учун ўша аёлнинг юрагида ёниб турган оловдай ўт ёқа олсин!

Ниятимиз улуғ ва ёруғ! Президентимиз имзолаган ушбу тарихий ҳужжат сабаб, янги Ўзбекистонда она тилимизнинг қадди янада юксалсин, айни пайтда кўпмиллатли халқимиз тотув ва ҳамжиҳат яшаб барча соҳаларда баланд-баланд чўққиларни забт этсин, дунёнинг қай бир ҳудудида, қайси мамлакатида бўлмасин, ҳар бир юртдошимиз ўзбекистонлик эканидан доим ғурурлансин! Ўзбекистон болалари ўзбекча сўзлаб, ўзбекча куйлаб, ҳамманинг ҳавасини келтирсин! Кун келиб дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган она тилимиз жаҳон тилларидан бирига айлансин!

Фозил ФАРҲОД


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019