Она тилимизнинг тақдири ўз қўлимизда

23:54 27 Февраль 2020 Жамият
855 0

Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси етти мингдан зиёд тилда сўзлашаркан. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 та тилда) Ер шари аҳолисининг 90 фоизи гаплашади. Қолганлари кам фойдаланадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир. Қувонарлиси шуки, бизнинг тилимиз ана шу барқарор 1 фоизга киради. Ўзбек тилида Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 150 кишидан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган, ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашадиган 40 та тилдан биридир.

VII-VIII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой обидалари барча туркий халқлар қатори бизнинг ҳам қадимий бойлигимиз, меросимиз саналади. Буюк аждодимиз Билга Ҳоқон 711 йилда ўз битиктошида қадимги турк тилида “эй туркий элим. Сен ўзингни англа, ўзлигингга қайт, шундай юксаласан!” дея келгуси авлодларга васиятнома битган эди.

Ўрта асрларда Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий сингари алломалар ўз асарларини туркийда битиб, тилимизнинг ривожига ҳисса қўшишди. Буюк мутафаккир Ҳазрат Алишер Навоий эса, чин маънода бугунги ўзбек адабий тилининг пойдеворини мустаҳкамлади. Унинг ташаббуси билан она тилимиз Хуросон мулкининиг давлат тилига айланди. Навоий илк бор ўзбек тилида “Хамса” яратиб, буюк девонлар тузиб, унинг бошқа тиллардан кам эмаслигини исбот этди. Ўз байтларида нафақат ўзбек тилининг бойлиги ва нафосати, балки ўзбек элининг миллий қиёфаси, қадриятларини ҳам тараннум этди:

Шоҳ тожу хилқатиким, мен тамошо қилғали,

Ўзбаким бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Ўзбек тилидан темурийлардан ташқари, турли даврларда Олтин Ўрда, шайбонийлар, аштархонийлар, ўзбек хонликлари даврида ҳам асосий тил сифатида фойдаланилган. 1870 йилда ўзбек тилидаги илк газета “Туркистон вилоятининг газети” чоп этила бошлаган. ХХ аср бошларида ўзбек тили Бухоро ва Хоразм Республикалари (БХСР ва ХХСР)нинг, Туркистон Мухторияти ва Туркистон АССРнинг, кейинчалик Ўзбекистон ССРнинг расмий тили бўлган. Фақат 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.

30 йилдан сўнг...

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Тошкент-сити” ишбилармонлик марказида ўтказилган тантанали анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тилимизнинг тарихи, бугунги кундаги мавқеи, унинг нуфузини ошириш юзасидан амалга оширилиши кутилаётган чора тадбирлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.

Президентимиз, ўзбек тили ҳақида сўз юритаркан, шундай деган эди:“Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин. Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир”.

Дарҳақиқат, ҳали шўролар тузуми тарих саҳнасида барқарор турган бир пайтда бу қонуннинг қабул қилиниши ўзига хос мардлик ва жасорат намунаси бўлган эди.

Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди.

Қонун ислоҳотга муҳтожми?

Сир эмас, бугунги нуқтаи назардан келиб чиқиб қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, такомиллаштириш, ундаги талабларни қатъийлаштириш зарурати юзага келди. Қонун моддаларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг кўпчилигида “давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам...” иборасига тез-тез дуч келамиз.

Қонунни ўқиб чиқар эканмиз, у ўта эҳтиёткорлик, мулойимлик билан тузилганига, очиғини айтганда, қонундан кўра кўпроқ тавсиянома ўхшашини англаймиз. Унда имкон даражасида ўзбек тилининг мавқеини бошқа тиллардан ошириб юбормасликка ҳаракат қилингандек туюлади. Қонуни билан яхши танишиб чиққан, бошқа тилда сўзлайдиган ёки бошқа миллатга мансуб фуқаролар “давлат тилини ўргансак ҳам, ўрганмасак ҳам бўлаверар экан” деган хулосага бормаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Давлат тилидаги қонунни бузиш, давлат тилига ҳурматсизлик унинг ҳуқуқий оқибатлари қонунда аниқ кўрсатиб берилмаган.

Баъзи мамлакатларнинг давлат тили ҳақидаги қонунлари нисбатан мукаммалроқ ва қатъийроқ ишлаб чиқилгандек, назаримизда. Масалан, Тожикистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 3-моддасида “Тожикистон Республикасининг ҳар бир фуқароси тожик тилини билиши шарт” экани кўрсатиб қўйилган. 27-моддада эса, “Давлат тили ҳақидаги қонун нормаларни бузган мансабдорлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши” белгиланган.

Қозоғистон Республикасининг “Давлат тили ҳақидаги қонуни”нинг 4-моддасида “давлат тилини билиш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар бир Қозоғистон Республикаси фуқаросининг бурчи экани” белгилаб қўйилган.

Арманистон Республикасининг “Тил ҳақида”ги қонунида эса, турли анжуманлар, мажлислар, халқаро конференциялар, съезд ва сессияларда арман тилида ўқилмайдиган ҳар қандай нутқнинг синхрон таржимаси таъминланиши қатъий белгиланган.

Ҳа, чиндан ҳам, Давлатимиз раҳбари мазкур анжуманда ўттиз йил муқаддам қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, такомиллаштириш зарурлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Аччиқ, аммо очиқ гаплар

Табиийки, тил ҳақидаги қонун мукаммал, замон талабларига мос бўлмаганидан кейин, унинг таъсири ҳам ҳаминқадар бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Буни биз ҳозирга қадар ҳар қадамда учратганмиз. Биргина, юртимизда ўтказиб келинган халқаро анжуманларда давлат тилига бўлган муносабатни олайлик. Тилимизга бўлган ҳурмат-эътибор ана шундай паллада кўзга ташланиши керакмасми? Ҳолбуки, бундай анжуманларда салом-аликдан бошқа бирорта ўзбекча сўз эшитмаслик ҳеч кимни ажаблантирмайди. Хўш, қўшни ва қардош ўлкаларда бу борада вазият қандай?

Иш юзасидан қўшни ва қардош мамлакатларга кўп бориб тураман. Жорий йилнинг май ойида Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилган медиа-форумда иштирок этдим. Тадбирда сўзга чиққан қозоғистонлик расмийлар ўз маърузаларини она тилида ўқишди. Синхрон таржималар қозоқ, рус ва инглиз тилларида тенг олиб борилди.

Орадан кўп ўтмай, Боку шаҳрида ўтказилган бир халқаро анжуманда ҳам худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Маҳаллий иштирокчилар озарбойжон тилида ўқиган маърузасини таржимонлар синхрон тарзда рус ва бошқа тилларга ўгириб беришди.

Бир неча йил муқаддам Грузияда бўлганимда кўчалар, бинолар, пештоқлардаги ёзувлар барчаси грузинча экани эътиборимни тортганди. Фақат хорижлик туристларга қийинчилик туғилмаслиги учун айрим жойларда инглиз тилидаги битиклар учрайди.

Бу каби кузатишларим сўнгида “ҳеч бир халқ ўз она тилини бизчалик “қадрламас” экан” қабилидаги аччиқ хулосага келгандим. Афсуски, бу фикримни ҳамон ўзгартиролмай келаман.

Ҳолбуки, бугун ўзбек тилини хорижликлар ҳам қизиқиш билан ўрганмоқда. “Би-би-си”, “Америка овози”, “Эрон овози”, “Спутник” сингари йирик ахборот маҳкамалари дунёнинг кўплаб тиллари қаторида ўзбек тилида ҳам ўз материалларини эълон қилиб боришади. Хитойда, Туркияда, Америкада, Германияда, Ҳиндистонда ўзбек тили бўйича махсус тадқиқотлар олиб борилади, илмий ишлар ҳимоя қилинади.

Шундай экан, бу борада давлат раҳбарининг алоҳида ташаббуси кўрсатгани бу каби муаммолар ечимида муҳим ўрин тутиши муқаррар.

Замон ўзгарди, талаблар ҳам...

Тан олиш керак, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва эътиборини ошириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширила бошланди.

Жумладан, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари ташкил этилмоқда.

2019 йил 21 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Унга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Ушбу фармонда она тилимизнинг келгуси тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида алоҳида тузилма – Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.

Бу тузилма давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаб келмоқда.

Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида, раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Эндиликда мазкур лавозимдаги шахслар зиммасига ташкилот ва муассасаларда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари, дастурлар, “йўл хариталари”нинг ижросини таъминлаш, бу борадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, ходимларнинг давлат тилини чуқур ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратиш сингари вазифалар юкланган. 

Куни кеча бу борада яна бир янгиликни эшитиб, барчамизнинг кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 73-сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилибди.

Ушбу жамғарма ўзбек тилини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, тилимизни ривожлантириш лойиҳаларига грантлар ажратиш, китоб ва қўлланмалар чоп этиш, медиа-масулотлар, компьютер дастурлари, мобил иловалар тайёрлаш, бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш сингари эзгу мақсадларга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Ҳаммаси ўз қўлимизда...

Гапнинг очиғи, шу пайтга қадар тилимизни ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш учун давлат даражасида бу қадар катта эътибор қаратилмаган эди.Гарчи ҳар йили 21 октябрь санаси арафасида қулоч-қулоч мақолалар ёзиб, тадбирлар ўтказиб келган бўлсак-да, барибир вазият ўзгармасдан қолаверар, “юқори идоралар”да ҳужжатлар асосан рус тилида қабул қилинар, йирик халқаро анжуманлар тугул, маҳаллий даражадаги мажлислар ҳам кўпинча бошқа тилларда юритиларди.

Ўз-ўзидан равшанки, қуйида ҳам шу ҳолат кузатилар: — бозор, дўконларда, жамоат жойларида, биноларнинг пештоқида, ташқи рекламаларда бошқа тиллардаги битиклар манаман деб кўзга ташланиб турарди.

Албатта, бу нуқсонларни қисқа вақт ичида тўлиқ бартараф этиш қийин. Бундай ҳолатлар бугун ҳам батамом йўқотилгани йўқ. Аммо, бу борада дастлабки қадамлар қўйилди. Давлат раҳбари бу йўналишдаги ишлар назоратини ўз қўлига олди. Тегишли тузилмалар тузилди, мутасаддилар тайинланди, ваколатлар, вазифалар, чора-тадбирлар белгиланди.

Энди қолгани ўз қўлимизда. Шунча эътибор, шарт-шароит бўла туриб, ундан фойдалана олмасак, тилимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга етарлича эътибор қаратмасак, бунинг учун ўзимиз, фақат ва фақат ўзимиз айбдор бўламиз.

Аслида, она тилимиз Яратганнинг бизга инъом этган буюк неъмати, аждодларимизнинг энг нодир, бебаҳо мероси, буюк мутафаккирларимизнинг бизга қолдирган омонатидир. Биз бу омонатни кейинги авлодларга ҳам бенуқсон, бус-бутун ва мукаммал ҳолда топширишимиз лозим.

Рустам Жабборов,

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?