Она тилимиз ривожи йўлида маҳаллалар ташаббусни қўлга олиши керак

16:13 29 Октябр 2019 Жамият
90 0

Иллюстратив фото

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳамда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳар биримизга ғурур-ифтихор бағишлаши билан бирга, улкан масъулият ҳам юклайди.

Давлатимиз раҳбари миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи — ўзбек тили байрами куни билан халқимизни қутлар экан, она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ҳамда мавқеини янада юксалтириш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди. Бу яқинда қабул қилинган Президент Фармонида ҳам акс этди.

Дарҳақиқат, она тилимиз борки, дунёда ўзбек деган миллат бор. Миллатимиз бор экан, маҳалладек ўлмас қадрият бардавомдир. Шу боис миллий тил ва маҳалла бир-бирига уйғун тушунчалар саналади.

Собиқ тузум даврида шўро мафкураси миллатни ўзлигидан мосуво қилиш учун унинг она тилини йўқотишга урингани ўзбек тили ривожланишига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Энг ёмони, юртимиз ҳудудлари миллийлигимизга мутлақо алоқаси йўқ атамалар билан номланди. Ўзбеклар она тилини қўйиб, русий забонда сўзлашишни маданият белгиси деб билдилар. Аммо халқимизга хос ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳаллалардаги муносабатлар, ўзаро алоқа-аралашув, оилавий қадриятлар талқинида она тилимизга ҳурмат сақланиб қолди. Таъбир жоиз бўлса, маҳалла она тилимизни бағрида асраб-авайлади.

Шу ўринда танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслик керак. Бугун маҳалла фуқаролар йиғинларида она тилимизга муносабат қай даражада? Йиғин фаоллари она тилимиз равнақи учун қандай курашишяпти?

Кузатишлардан аёнки, ҳозиргача тилимизни қадрлаш борасида маҳаллалар томонидан олиб борилаётган иш кўнгилдагидек эмас. Айрим маҳаллалар ҳудудида турли пештоқлар, баннерлар, плакатларга ёзилган ажнабий сўзларни ўқиб, бирон чет давлатга келиб қолдикмикин, деймиз. Тўғри, тил — тирик ҳодиса, луғат бойлиги янги сўзлар билан мунтазам бойиб бориши, янги тушунчалар кириб келганда ажнабий атамалар ҳам тилда акс этиши табиий ҳол. Аммо бу зинҳор адабий тил меъёрларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги керак. Кўча-кўйлардаги ёзувлардаги қўпол имло хатоларини қўя турайлик, афсуски, аксарият йиғинларда “маҳалла” сўзининг “махалла” тарзида нотўғри ёзиб (боз устига, катта-катта ҳарфлар билан) қўйилганига гувоҳ бўламиз. Аслида тилга ҳурматсизликнинг энг яққол мисоли бўлган бундай ачинарли ҳолатлар ана шу ердаги йиғин ходимларининг саводсизлигини шундоқ кўрсатиб турибди.

Савол туғилади: нима учун ўзбек тили камситиляпти-ю шу ҳудуд эгалари — маҳалла мутасаддилари бунга бепарво? Ахир 9 мингдан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида тузилган Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияларнинг асосий вазифаси юқоридаги каби нохуш ҳолатларга, саводсизликка қарши курашиш эмасми? Ваҳолонки, мазкур комиссияларнинг 9 ёки 12 нафардан аъзоси бор. Бу кишилар ҳудуддаги энг зиёли инсонлар. Демак, айни комиссия фаол ишга тушса, жуда катта куч майдонга келиши аниқ. Бундай имконият туфайли тилимизни камситувчи ҳолатларни бартараф этишда қийинчилик туғилмайди. Бундан ташқари, йиғин раисларининг маслаҳатчилари ҳам тилимизнинг қадрсизланишига қарши тура олишлари жоиз.

Яна бир оғриқли жиҳат кишига тинчлик бермайди. Кўча-кўйда айрим юртдошларимиз, айниқса, ёшлар жуда қўпол, уят сўзларни, жаргон ва вулгар ибораларни ишлатишади. Бундайларнинг уйида ҳам айни каломлар ҳар куни “янграши” аниқ. Аслида ширинсўзлик, муомала маданияти — оилани мустаҳкамловчи устунлардан. Шундай экан, маҳалла фуқаролар йиғинларида одамларнинг нутқ маданияти, муомала сирлари, тўғри ва нафис талаффуз қоидаларини тарғиб қилиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқдир. Қайноналар момоларимиздан мерос эркалаш иборалари — “айланиб кетай”, “жоним қоқиндиқ”, “кўп яшанг”, “борингизга шукр”, “барака топинг” каби сўзларни қанча кўп ишлатишса, хонадонлардаги муҳит шунча соғлом ва барқарор бўлишини тушуниб етишсин. Келинларнинг нутқи асрлар синовидан ўтган тавозели, меҳрли, ҳурматга йўғрилган жумлалар билан қанчалик бойиса, шу оиладаги турмушга айрилиқ соя солмаслигини билишсин. Баъзи ёш йигитлар борки, оғзидан чиққан ҳар гапига уятли сўз аралаштирмаса, фикр билдиролмайди. Ҳар гапида бўралатиб сўкиб турадиган кимсанинг хонадонини тинч, оиласини барқарор деб бўладими? Аслида шундайларни тарбиялаш ҳам маҳалланинг асосий вазифаларидан. Эр кишининг тилига эрк бермаслиги, чиройли нутқ ҳар доим кишига хотиржамлик, манфаат, ҳурмат келтиришини одамларга тушунтириш зарур.

Кўча-кўйда ва жамоат жойларида сўкинганларга қонунчилигимизда тегишли чоралар белгилаб қўйилган. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик саналадиган,жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузадиган шу каби хатти-ҳаракатлар учун жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади. Бироқ бу қоидага риоя этмаганлар камдан-кам ҳоллардагина жазога тортилмоқда. Айни масалада жавобгарликни кучайтириш тилимизни путур етишдан асрайди.

Озгина эътиборсизлик ҳам тилимизда акс этади, энг ёмони, бу маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Шу боис тилни асраш, унинг учун қайғуриш фақатгина йилнинг октябрь ойида авж олиб, сўнг тўхтаб қолмаслиги керак. Қолаверса, бу жараёнда маҳалла энг фаол куч бўлиб майдонга чиқиши, тилимизнинг жонкуяр ҳимоячиси сифатида ташаббусни қўлга олиши зарур. Тилга эътибор барча йиғинларда қизғин тус олиб, умуммиллий ҳаракатга айланса, натижа залварли бўлади. Бунда тил учун кураш фақат тилшунослар гарданида эмаслигини барча англаб етиши даркор. Зеро, ҳеч ким четдан келиб вазиятни ўнглаб бермайди, аксинча, ўзбек тилига салгина эътиборсизлик ёт кучлар тегирмонига сув қуйса-қуядики, манфаат келтирмайди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, таъкидлаш ўринлики, маҳаллаларда ҳар ҳафтанинг муайян кунини она тилимиз тарғиботига бағишлаш ўринлидир. Ўша куни йиғин ҳудудида катта ҳарфлар билан ёзиб, илиб қўйилган номлар, реклама матнларининг имло қоидаларига мувофиқлиги, ўзбек тилига мансублиги, мазмун-моҳиятини таҳлил қилиб бориш, қўпол сўзлар ишлатиш билан боғлиқ аниқланган ҳолатларни тезда бартараф этиш чораларини кўриш керак.

Қаерда тилга эътибор бўлса, она тилида ижод қилишга шарт-шароит яратилса, ўша жойда миллий ривожланиш кучаяди. Қаерда тилимиз қадр топса, ўша ерда маҳалланинг бебаҳо имкониятлари иш беради, одамийлик, хайр-эҳсон, меҳр-оқибат тушунчалари бардавом бўлади. Шундай экан, она тилимизнинг мавқеига путур етишига йўл қўймайлик, уни соф ҳолда келажак авлодга топшириш учун бор имкониятларни ишга солайлик.

Шавкат ЖАВЛОНОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019