“Божалар-комьюнити”, “Start up club”, “Runner”, “Voydod karaoke”, “Qo‘zg‘olonshou”... ёхуд она тилига ҳурмат ҳақида

11:04 18 Октябр 2019 Маданият
339 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

1989 йил. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилиниш арафасида баҳс-мунозара авжига чиққан. Энг асосий мавзу ушбу қонун талабларига риоя қилиш муддати ҳақида. Қонун лойиҳасида бу муддат ўн йил деб белгиланган бўлса, депутатлар муҳокамасидан кейин саккиз йилга ўзгартирилган эди ўшанда. Кейинчалик, 1995 йил 21 декабрдаги ўзгартиришларда бу муддат кўрсатилмаганди.

Қарангки, бугун ўша кунга саккиз йил ҳам эмас, ўн йил ҳам эмас, ўттиз йил тўлибди. Шу давр ичида она тилимизга бўлган муносабат қанчалик яхши томонга ўзгарганлигини ўйласак, юртимиздаги мустақиллик туйғуси халқимиз руҳиятини кўтарганлиги кўз ўнгимизда намоён бўлади. Мустабид замонда айтадиган гапимизни рус тилида ифодалай олмай қанчалик қийналганимиз ҳамон ёдимизда. Истиқлол арафасида тилимизга давлат мақоми берилганида чин маънода эркинлик гаштини юракдан ҳис қилдик.

Қонуннинг 2-моддасида “Ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулкидир” дея мустаҳкамлаб қўйилиши кенг жамоатчиликнинг ғурурига ғурур қўшди.

Ахир ўзбек каломи ҳаётимизга, турмуш тарзимизга шу қадар сингиб кетганки, уни бошқа тилга таржима қилиб тушунтириб бўлмайди. “Ҳорманг”, “Бор бўлинг”, “Хирмонингизга барака”, “Умрингизга барака”, “Қадамингиз қутлуғ бўлсин” каби ўзбекона лутфларда ¬халқимизнинг асрий тажрибаси, кўнгли поклиги, ҳақиқий донишмандлиги ифодасини топган.

Биргина Тошкент метросини олайлик. Қайси бекатга келганимиз, олдинда қандай бекат бизга пешвоз чиқиши давлат тилида эълон қилинади. Шуниси диққатга сазоворки, метрога тушган ҳар қандай миллат вакили ўзбек тилидаги каломни осон -тушунади. 

Бирор манзилни аниқлаш учун маълумотлар бюросига қўнғироқ қилсак, соф ўзбек тилида жавоб оламиз. Бир вақтлар нуқул ўзга тилда гапиришга мажбур бўлган “тез ёрдам”ни чақириш ҳам содда ўзбекларга катта муаммо эди.

Шу йил баҳорда “Туркистон” саройида “Олтин қалам” Миллий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросимида БМТ ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотларнинг вакиллари, ҳижжалаб бўлса-да, ўзбек тилида чиқиш қилишди. Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси бўлган хоним Алишер Навоийнинг “Олам аҳли билингизким...” сатрларини ёддан айтди. Залдагилар уларни қизғин олқишлашди. Сабаб? Чунки бу дипломатлар ўзбекча нутқ ирод қилиш орқали Ўзбекистонга, ўзбек халқига самимий ҳурмат кўрсатишди. Етти ёт бегона миллат вакилларининг бундай ҳафсаласи, ўзимизда туғилиб, умр бўйи шу ерда яшаб, маҳаллий миллат тилини ўрганмаган юртдошларимизнинг тутуми бизни ажаблантиради. Ахир Ўзбекистоннинг нонини еб, шу юрт фуқароси ҳисобланиб, тилини ўрганмаган инсонлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Яна бир муаммо. Олий маълумотли, ҳатто номзодлик, балки докторлик диссертациясини ҳимоя қилган зиёлиларнинг баъзилари ўз она тилида тўрт қатор матнни ёзолмайдилар. Отаси ўзбек, онаси ўзбек, ўзи ҳам ўзбек, лекин русча савод чиқарган. Яқинда шундай олимлардан бири рус тилида ёзган мақоласини олиб келди. Ушбу матнни, яхшиси, ўзингиз ўзбекчалаштириб беринг, десак, “Ана шунга нўноқмиз-да”, деган жавоби бизни ўйга толдирди. Қизиқ, биз тилга олган Қонун бундай зиёлиларга тааллуқли эмасми?!

Баъзан бошқарув идораларида масъул лавозимда ишлаётган ходимлар ҳам ўз тилида ёзишлари қийинлигини айтишади. Айрим ҳужжатларга назар ташласангиз, у аввал рус тилида ёзилгани, сўнг давлат тилига таржима қилингани кўриниб туради. 

Биз ўз тилини унутган амалдорларга ўттиз йил олдин қабул қилинган Қонуннинг 4-моддасидан қуйидаги парчани айнан келтирамиз: “Ўзбекистон Республикасида ишловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари ўз хизмат вазифасини бажариш учун республика давлат тилини етарли даражада билишлари шарт. Ўз фаолиятига кўра аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шахслар ¬хизмат вазифасини бажариш учун ¬давлат тилини зарур бўлган даражада билишлари лозим”.

Қонун ишлаши учун нима қилиш керак? Юқоридаги моддани идоралар пештоқига ёзиб қўйиш керакми?

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейин 27 йил ўтиб, яна бир тарихий воқеа рўй берди: 2016 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди. Ўзбек тили ва адабиётининг ҳақиқий табиатини ўрганиш, унга ривожланиш йўлини очиш билан машғул олий ўқув юртини Навоийдан бошқа яна кимнинг номи билан аташ мумкин?! Шўро даврида шу соҳага ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институтини рус мумтоз шоири номи билан атаганимиз ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Янги очилган университет талабалари “Мен Алишер Навоий бобомиз номи билан аталган ўқув юртида ўқийман”, деганда қанчалар ёқимли жаранглайди бу сўзлар.

Тилимиз софлигини сақлаш унга тўғри келган-келмаган сўзларни тиқиштиришга йўл қўймасликни англатади. Лекин айрим ижодкорлар ўзига хос йўл тутиш, баъзан жаҳон мезонларига бўйлашиш деб ҳисоблаб, ўзбекча сўз ёнига инглизча ёки ¬бошқа тилга мансуб сўзларни сунъий ёпиштиришга ҳаракат қилишмоқда. “Zo‘r” TV телеканалида “Божалар-комьюнити” деган кўнгилочар кўрсатувни эслайсизми? Бу атаманинг иккинчи қисми нима маъно англатишини кўпчилик билмаса керак. “Ёшлар” телеканалидаги “KameRadar”, “Start up club” кўрсатувларини ўз тилимизда номласа бўлмайдими? “Тошкент” телеканали дастури билан танишсангиз “Toshkent live”, “Highway”, “MFaktor praktikum”, “Hi-Tech” (ўзбекчада “Юксак технологиялар” дейиш мумкин), “Travel time” (шу кўрсатувдан бири юртимиздаги муқаддас қадамжоларга бағишланди, қизиқарли, албатта. Лекин нега шундай номланган?) каби жумбоқларга дуч келасиз. “Спорт” телеканалида “Battle time”, “Runner”, “Ревью” каби кўрсатувлар нимани англатишини тополмаслигингиз мумкин. Ахир бу кўрсатувлар ўзбек томошабинларига мўлжалланган-ку? Шунингдек, “Оилавий” каналда “Like”, “Миллий” TV каналида “MTV showkids”, “TV-Sale”, “M-news”, “Voydod karaoke”, “Qo‘zg‘olonshou” каби кўрсатувлар номини ўз тилимиздаги жозибали сўзлар билан номлашнинг иложи йўқмикан? Ахир ёшларимиз ҳаётдаги ахборотни ҳам, маънавий бойликни ҳам, асосан, телевидение орқали олишади-ку?! Бундай сунъий номлар нафақат тилимизни, дилимизни ҳам бузади.

Ўзбек тилининг нафосатини Алишер Навоий бобомиздан тортиб асрлар мобайнида мумтоз ёзувчи ва шоирларимиз ўз ижодлари орқали намоён этиб келишган. Аждодларимиз яратган бой меросни зўр иштиёқ ва ҳафсала билан ўрганишимиз керак. Бунинг учун Ватанимизда давлат мақоми берилган ўзбек тилини эъзозлашимиз, қалбларимизга сингдиришимиз керак. Бу чин ватанпарварликнинг яна бир намунаси ҳисобланади.

Шуҳрат ЖАББОРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019