Ўн тўрт булоқнинг сири

10:25 04 Декабрь 2018 Маданият
1034 0

Тарихий манбаларда тез-тез учраб турадиган Хўжамушкент Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида жойлашган. Бу ердаги қадамжо ободонлаштирилиб, зиёрат қилинадиган табаррук масканлардан бирига айланган.

Зиёратгоҳда тор йўлаклар орқали биридан бошқасига ўтувчи катта-кичик ғор ва бир нечта булоқлар мавжуд. Халқ орасида Хўжамушкент, яъни мушкулларни осон қилгувчи хўжа номи билан машҳур тарихий зотнинг асл исми Хўжа ибн Исоқдир (баъзи манбаларда Мавлоно Абу Исҳоқ деб юритилади). Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ривоятга кўра, жанггоҳда душманларнинг қўли устун келган чоғда, Хўжа ибн Исоқ тепаликка чиқиб ортидан таъқиб этаётганлардан қутулиш мақсадида Яратганга илтижо қилади ва ерга мушт уради. Унинг мушти ўрнида ғор пайдо бўлади. У шу ғорга кириб ғойиб бўлади ва Маккадан чиқади...

Хўжамушкент зиёратгоҳи Жиззах шаҳридан 150 километр узоқликда. Ушбу муаззам маъво баҳор ойларидан бошлаб гавжумлашади.

Зиёратгоҳдаги ўн тўртта булоқнинг ҳар бири ўзига хос таъми ва шифобахш хусусиятига эга. Булоқлар қўшилиб, сойга айланади. Айтишларича, бу зилол сув минг дардга даво. Улар ўз хусусиятига қараб алоҳида номланади. Ниятбулоқ — ниятингизга етинг, Муродбулоқ — муродингизга етинг каби.Иситмабулоқ, Қўтирбулоқ кабилар ҳам ер остидан чиқадиган сувларнинг қандай дардларга даво бўлишига қараб эътироф этилади. Яхши ният билан келганлар бу булоқларда юз-қўлларини ювиб, шифобахш сувлардан тўйиб-тўйиб ичишади. Обиҳаётнинг инсон организмига фойдали минералларга бой эканлиги илмий жиҳатдан исботланган.

Атрофдаги турфа дарахтлар, гуллар, ажиб ифор таратувчи райҳонлар зиёратчиларнинг баҳридилини очади.

Қадамжода Хўжамушкент — Хўжа ибн Исоқнинг рамзий қабриустигахонақоҳ қурилган.Кираверишдаги масжид, дам олиш жойлари, чойхона ва меҳмонхона зиёратгоҳ кўркига кўрк бағишлайди. Бу ерга хорижий сайёҳлар ҳам кўп ташриф буюради. Улар ҳамюртларимиз қатори булоқларда юзларини чайишади, сувидан роҳатланиб ичиб, яхши ниятлар қилишади.

— Ислом оламида машҳур аллома, тасаввуф илмининг билимдони Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг қадамжоси мазкур ҳудуддаги Чанговул қишлоғида мавжудлиги тадқиқотлар натижасида маълум бўлган эди, — дейди Жиззах давлат педагогика институти Тарих ўқитиш методикаси кафедраси катта ўқитувчиси Фаррух Акчаев. — Хожа Юсуф Ҳамадоний фаолияти билан боғлиқ маълумотларни тўплаш жараёнида у кишининг устози Мавлоно Абу Исҳоқ ҳазратлари эканлиги аниқланди. Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг устози Шайх Абу Исҳоқ ҳазратлари бўлганлиги қайд этилган. Бу асарда яссавийлик тариқати валийлари қаторида “Исҳоқ ота” тўғрисида ҳам маълумот келтирилади. Шунингдек, Абу Хафс Насафийнинг “Қандия” асарида Юсуф Ҳамадонийнинг Мовароуннаҳрга келиши ҳақида:“Ҳамадон вилоятида 11 нафар ошналари ҳамроҳлигида келган эдилар. Уларнинг тўртинчиси Хожа Исҳоқ”, деган маълумотлар мавжуд.

Мазкур манзилга туташ тепаликда қадимий мозорқўрғонлар бор. Зардуштийлик даврига оид сопол синиқлари аждодларимизнинг ҳаёт тарзи, маданиятидан дарак беради.

Обод манзилда файз ва барака бўлади. Хўжамушкент ҳам ободлик туфайли сўлим гўшага айланди. Илгари қаровсиз бўлган булоқлар қайта кўз очди, манзарали дарахт ҳамда анвойи гул кўчатлари ўтқазилди. Масжид биноси таъмирланди, хонақоҳ тикланиб, йўлаклар бунёд этилди. Ҳозиргикунда бу ердан зиёратчиларнинг қадами узилмайди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019