Омонат дунёда омон бўлайлик... — Ҳафта давомида матбуотда…

11:18 05 Июль 2020 Жамият
82 0

Ўтган ҳам, қайтган ҳам босма ОАВларнинг керак-кераксизлиги ҳақида ўзича фол кўриб ётган бир пайтда ЎзАдаги ҳамкасблар янги рукн очиб, кундан кунга адади камайиб бораётган газеталаримиз шарҳини йўлга қўйгани ва уларда чоп этилаётган катта-кичик мақолаларни ўз имконлари даражасида ўқувчиларга тарғиб қилаётгани таҳсинга лойиқ. Яна бу имконни ўзимизга – босма ОАВ вакилларига бериб қўйилганлиги ҳам ажойиб бўлди, назаримда. Мана, ўзимизни кўрсатиш учун майдон, тарғибот учун бечиқим имконият. Бир-икки шарҳдан кейин таҳририятга «газетанинг шу сонини қаердан олсак бўлади, фалон мақолани ўқимоқчи эдик» қабилида қўнғироқлар бўла бошлагани, айрим мақолаларимиз тилга туша бошлагани ҳам бор гап. Демак, башоратчилар хато қилишган экан. Айримлар газета-журналлардан шошма-шошарлик билан юз ўгираётган бўлишса-да, ҳақиқий ўқувчи ҳеч қачон босма ОАВдан воз кечмаслигидан далолат бу. Энди бу ёғи ота-боболаримиз билиб-билиб айтганидек, яна ўзимизга, меҳнатимизга боғлиқ...

Камина анча йиллар ТВда эфирга узатилган «Газеталар шарҳи» кўрсатувида бошловчилик қилганман. Кўрсатувнинг ёзилмаган бир қонуни бор эди. Ҳар бир шарҳ, албатта, мамлакатнинг бош нашри «Халқ сўзи» газетаси билан бошланиб, кичикроқ, дейлик «Тонг юлдузи» газетаси билан тугарди. Шарҳловчиларнинг ҳеч бири «шунинг аксини қилсак қандоқ бўларкин», деган саволни бермаган. Жумладан, ўзим ҳам. Чунки биз аввал қандай бўлган бўлса, кейин ҳам шундай бўлишига ўрганиб қолганмиз. ЎзАда янги рукн ташкил этилгач эълон қилинган шарҳларни кузатар эканман, шундай хулосага келдим. Ва, шу қолипни озгина ўзгартиришга жазм қилдим. Бу уринишимни хато ҳисоблайдиганлардан аввалдан узр сўрайман, янгилик сифатида қабул қиладиганларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Хуллас, бошладик.

Шубҳасиз, бугун ОАВнинг барча-барча шаклида пандемия масаласи бош режада. Кимдир бугун қанча юртдошимиз касалликка чалинганию, уларнинг қанчаси шифо топганини биринчилардан бўлиб эълон қилиб, ўқувчи сонини оширмоқчи бўлса, яна бошқаси бу баттол касалликдан ким, қачон, қаерда вафот этганини шов-шувли сарлавҳа остида чоп этиб «очко» ишлаш пайида. Лекин қандай қилсак бу балою офатдан қутуламиз қабилидаги мулоҳазали мақолалар камдек, назаримда. Ёлғон бўлмасин, қочган ҳам, қувган ҳам ўзлари эълон қилаётган хабару мақолаларини «Эҳтиёт бўлинг, ниқобсиз кўчага чиқманг» , деб тугатаётир. Шунисига ҳам шукур.

Энди яна ҳали бошланмаган шарҳимизга қайтсак.

Қўлимда «Жамият» газетасининг 3 июлда чоп этилган сони. Газетада чоп этилган «ИЯКДАГИ НИҚОБ ёки 30+30+30 кишилик тўйлар» сарлавҳали мақола эътиборимни тортди. Гулруҳ Мўминова шундай ёзади: «Тумандаги бозорлар нақ арининг уясидай ғувиллаб, одамлар билан гавжумлигига гувоҳ бўларкансиз, пойтахтдаги бозорда тарқалган коронавирус бизга таъсир қилмас экан-да, дея таассуф қиласиз. Айниқса, ниқоби иягида турган одамлар масофа сақлаш у ёқда турсин, бир қарич ҳам чиқмайдиган жойдан туриб суҳбатлашиб ўтирганига гувоҳ бўласиз...» 

Ҳаммамизга таниш ва жуда ачинарли манзара. Аслида «Бу коронавирус деган бало нега кундан кунга кўпайиб боряпти?» деб бир-биримиз билан ғийбатлашиб ўтиргандан кўра, ана шунга ўхшаш бир-икки мақолани ўқисак, фойдаси кўпроқ бўлармиди, дейман-да.

Шунингдек, мақолада бугун биз эл кўзига 30 кишилик тўй сифатида кўрсатишга ҳаракат қилаётган тўйлар аслида 30+30+30+... бўлиб кетаётгани ҳақида сўз боради. Афсуски, қанчалик ачинарли бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат. Журналист кўрган бу оғриқли ҳолатни маҳалла оқсоқоллари, участка нозирлари нега КЎРИШМАЁТГАНИ... Энди бу бошқа масала...

Айни мавзуда “ХХI аср” газетасида чоп этилган «Жонимиз омонат-ку, нега қўрқмаяпмиз?» сарлавҳали мақола ҳам ўқувчини ўйга толдириши шубҳасиз. Норқобил Жалил муаммога шундай ёндашади. «Энг аламли жойи, одамлар бу тилсиз ёвдан заррача қўрқмаётгани! Шу даражада бепарвоки, ҳатто йиртилай деб қолган ниқобларини чала-чулпа тақиб олганлар сон мингта. Ҳой, барака топгур, бу балойи азим касофатидан 26 нафар (мақола 02.07.2020 йилда чоп этилган.) юртдошимиз жон таслим қилди десангиз, нима бўпти, ажали етибди, ўлибди, ана айтишяпти-ку, буям гриппнинг бир тури эмиш, ўтади-кетади, дея қўл силтайдиганлар, минг афсуски, кўпаймоқда орамизда!..»Яна афсус билан қайд этамизки, орамизда ана шундай лоқайд инсонлар сафи кенгайса кенгаяяптики, асло камаймаяпти. Шу боис юртимизда кундан кунга касалланганлар сони ҳам ортиб бормоқда...

«Оила даврасида» газетасининг галдаги сонида эълон қилинган «КОММУНИЗМ ИЗЛАЁТГАНЛАР ёхуд нонингизни ҳалоллаб енг, ҳамкасб» сарлавҳали мақола ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. «Оғриқли нуқта» рукни остида чоп этилган журналист Эрпўлат Бахтнинг ушбу мақоласида ЯНА давлат тилига эътиборсизлик танқид тиғи остига олинади. Яна деб таъкидлаётганимга сабаб шуки, мамлакатимизда Давлат тили ҳақида қонун қабул қилинганига ўттиз йилдан ошаётган бўлса, ўтган йиллар мобайнида жонкуяр журналистларимиз, тилшунос олимларимиз қонун талаблари бажарилмаётгани ҳақида ёзишдан, барака топгур мутасаддиларимиз қулоқларини бекитишдан чарчашмади. Майлида, элда «томчи тошни тешади», деган нақл бор. Ёзаверсак, бир куни мутасаддиларнинг «бекилган» қулоқлари ҳам очилиб қолар...

«Ишонч» газетасининг 2020 йил, 2 июль сонида чоп этилган «ГАЗEТАДА МАҚОЛА ЧИҚАРМОҚЧИМАН» сарлавҳали битик юртимиз мактабларида фаолият олиб бораётган кўп минг сонли ўқитувчиларимизнинг дилидаги дардини тилга чиқаргани билан ҳам тош босади. Муаллиф Муҳаммадали Аҳмад «жамиятимизда ўқитувчининг нуфузини кўтаришга нечоғлик ҳаракатлар бўлаётганига қарамай, ҳали-ҳамон ўз устида жиддий ишлашни истамаётган устозлар борлиги»дан ёзғирса-да, аслида мақола ёзгани учун ўқитувчининг тоифаси оширилиши нечоғлик «адолат»ли бўлишига ҳам ишора қилган, назаримда...

«Қишлоқ ҳаёти» газетасининг навбатдаги сонида чоп этилган “БИЗ ҚАЧОНДАН БУЁН ОИЛА СИРЛАРИНИ ҲАММАГА ДАСТУРХОН ҚИЛАДИГАН «ХАЛҚ»ҚА АЙЛАНА ҚОЛДИК?”сарлавҳали мақола муаллифи Бозорбой Бекмуродов кейинги пайтларда урчиб бораётган яна бир иллат – бировнинг дардидан «ўқувчи» йиғишга енг шимарган лўттибозлар ҳақида фикр юритади. Автоҳалокат туфайли жон талвасасида ётган одамларга ёрдам қилишнинг ўрнига уларни қўл телефонида тасвирга олиб, ким биринчи интернетга узатишга ҳаракат қилаётган ёшларнинг маънавияти нақадар пастлигидан, ахлоқи тубанлигидан надомат чекади.

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 3 июлда чоп этилган сонида Тошкент давлат юридик университети бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори Шуҳрат Якубовнинг «КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА ЯНА БИР МУҲИМ ҚАДАМ» сарлавҳали мақоласи чоп этилган. Мақолада мамлакатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга асосан ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, умуман, фармоннинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз боради. Шунингдек, филология фанлари номзоди Раҳмон Қўчқорнинг «ШАВКАТ РАҲМОН ҚАЛБИ» мақоласи шоир шеърияти ихлосмандларига яна бир туҳфа бўлган, десак адашмаймиз, албатта.

«Халқ сўзи» газетасининг 2020 йил 4 июль сонида чоп этилган Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоевнинг «ЭСКИЛИК САРҚИТИ БЎЛГАН АМАЛИЁТДАН ВОЗ КEЧИШ ВАҚТИ КEЛДИ» сарлавҳали мақоласи ҳам ўқувчининг эътиборини тортади. Чунки мақолада кейинги уч йилда мамлакат раҳбарининг ташаббуси билан юртимиз судлов тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва галдаги вазифалар хусусида сўз боради.

Одил судлов хусусида сўз борар экан «Куч – адолатда» газетасида чоп этилган«ЭГИЛГАН ҲАҚИҚАТ ҚАДДИНИ ТИКЛАДИ» сарлавҳали мақолага ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Мақола муаллифлари – жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Турғунали Мирзаев ва журналист Хуршид Султоновлар бир пайтлар ноҳақ қамалган ички ишлар ходими Рустамжон Тожибоевнинг бошига тушган кўргуликлар ва унинг оқланиши жараёни ҳақида ҳикоя қилади. Албатта, ноҳақ қораланган ҳар бир инсоннинг оқланиши, жазодан озод этилиши, энг асосийси, адолат қарор топиши – бу мамлакатимиз суд тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар бераётган мевалардир.

Албатта, бир кичик мақолада мамлакатимизда чоп этилаётган юзлаб газеталарни шарҳлаб бўлмайди. Шу боис ушбу мухтасаргина шарҳимизга кирмай қолган газеталарда фаолият юритаётган ҳамкасбларимиздан узр сўраймиз.

Ва сўзимизни мухтасар қилишдан аввал ҳамкасбимиз Норқобил Жалилнинг «Жонимиз омонат-ку, нега қўрқмаяпмиз?» сарлавҳасини андаккина ўзгартириб, машҳур ҳофизларимиздан бирининг қўшиғидаги ушбу сатрларни ёдга олишга қарор қилдик. Омонат дунёда омон бўлайлик, азизлар!

Ислом ҲАМРОЕВ,
«Адолат» газетаси бош муҳаррири
ЎзА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?