Омбудсман: “Муассасаларда яратилган шароитлар инсон қадр-қиммати ва шаънини таҳқирлайди” 

11:11 01 Март 2019 Жамият
273 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 “Халқ сўзи ONLINE”/Мунисхон Каримова. Омбудсман ўз ҳисоботида ўтган йилда сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка чалинган беморларни даволаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган барча 16 та ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаси мониторинг билан қамраб олинганини таъкидлаб ўтди. 

Мониторинг натижалари таҳлили мазкур жараённи ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда қатор тизимли муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди. 

Унга кўра:

- соҳани бошқаришнинг қонунчилик ва методик базаси ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди. Масалан, 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги Қонун. Қонун қисқа баён этилган 14 та банддан иборат бўлиб, шундан 3 таси ҳаволаки норма ва яна 2 та банд кучини йўқотган ёки ўзгартиш ва қўшимчалар киритиладиган норматив ҳужжатлар рўйхатини белгилаб беради. 26 йил давомида Қонунга муассасаларда даволаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш тартибини аниқлаштириш бўйича тузатишлар киритилмаган.

- муассасаларда яратилган шароитлар инсон қадр-қиммати ва шаънини таҳқирлайди. 16 та муассасадан 10 тасида беморлар сони уларда яратилган койка-жойлар сонидан ортиқ экани қайд этилди. Жумладан, Андижон вилоятида 2 баравар, Қорақалпоғистон Республикасида 1,5 баравар, Тошкентда 1,4 баравар ортиқ. Айрим ҳолларда беморлар полга солинган матрасларда ётади. Бир кунда бир нафар беморнинг 3 маҳал овқатланиши учун 2018 йилда ажратиладиган маблағлар Сурхондарё вилоятида 6 484 сўмни ва Наманган вилоятида 7 317 сўмни ташкил этади. Даволанаётган хотин-қизлар бир бўлмадаги палаталарда эркаклар билан қўшни бўлиб яшайди ҳамда битта душхона ва ҳожатхонадан фойдаланади.

- муассасаларда беморларни тиббий даволашни ташкил этиш ва гигиена жуда номақбул аҳволда. Дори-дармонлар хариди тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилишига қарамай, муассасаларга ташриф буюрилган вақтда уларнинг айримларида асосий буюртирилган психотроп препаратлар йўқ эди (Фарғона, Хоразм ва Андижон вилоятларида, Тошкент шаҳрида), муддати ўтган дори-дармонлар ишлатилар эди (Фарғона вилояти), бир марта ишлатиладиган шприцлар, тизимлар ва қўлқоплар йўқ эди (Хоразм вилояти). Даволашнинг бир ярим йиллик курси 7-14 кунлик муолажалар билан алмаштирилади. Муассасалар иш самарадорлигининг пастлиги беморларнинг 30-40 фоизида касал қайталаниши ва улар такроран даволашга қабул қилиниши билан тасдиқланади;

- маънавий-маърифий ишлар олиб борилмаяпти ва беморларни ижтимоий мослаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаяпти. Муассасаларда беморлар бир ярим йилгача бўлган даврда янгилик олмаслиги мумкин. 11 та муассасада ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган телевизорлар, радиоприёмниклар ва даврий нашр йўқ. Маданий ва ҳуқуқий камол топтириш борасида муассасаларда ҳуқуқий ва илмий-оммабоп адабиётлардан иборат кутубхона фонди мавжуд эмас. Муассасалар беморларнинг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватламайди, уларда жисмоний тарбия машғулотлари ўтказилмайди, жамоавий спорт турлари учун шароитлар йўқ;  

- беморларнинг меҳнат билан машғул бўлиши ва касбий кўникмаларга ўқитиш курслари ташкил этилмайди. “Меҳнат терапияси” касалларни даволаш ва ижтимоий мослаштиришнинг ажралмас қисми сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужжатларида акс этган. Меҳнат билан шуғулланиш беморларнинг ўзига бўлган ишончини оширишга кўмаклашади, носоғлом қарашлар, боқиманда ва жамият учун номақбул турмуш тарзи пайдо бўлишининг олдини олади. 

Иккита муассаса бўйича мониторинг натижаларига кўра Омбудсман томонидан:

- Бош прокурорга хатти-ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши аниқланган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида илтимоснома киритилди (Қўқон шаҳридаги муассаса бўйича);

- соғлиқни сақлаш вазирига инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишини, шунингдек уларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Тақдимнома киритилди (Андижон вилоятидаги муассаса бўйича).

Омбудсман Илтимосномаси прокуратура органлари томонидан кўриб чиқилиши натижасида муассаса раҳбарияти қарори юзасидан 5 та протест киритилди, 5 нафар мансабдор шахс интизомий жазога тортилди, бюджетга 3,0 млн. сўм ундирилди. Омбудсман Тақдимномасини кўриб чиқиш якунлари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таъсирчан чоралар кўрилмади.

Муассасалар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида “Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасаларида сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка чалинган беморларни даволаш бўйича инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мониторинги якунлари тўғрисида” ахборот-таҳлилий хат тайёрланди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палатали, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига киритилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019