Олмазор туманида 2018 — 2020 йилларда қарийб 100 миллион долларлик 50 та лойиҳа амалга оширилади

10:48 17 Июль 2018 Иқтисодиёт
276 0

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Парламент ва ҳукумат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган қўшма мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июнь куни Олмазор туманига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбарининг туман фаоллари билан ўтказилган йиғилишда берган топшириқлари ижроси юзасидан қўшма мажлисга тайёргарлик кўриш бўйича Олий Мажлис палаталари ҳамда Ҳукумат томонидан тегишли “йўл хариталари” тасдиқланган эди. Уларга асосан, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган тақдимотлар ва ахборотлар қўшма мажлис иштирокчиларига ҳавола этилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига вазифалар юклатилди. Ўз навбатида, парламент, маҳаллий депутатлик корпуси ҳамда жамоат ташкилотларига мазкур масалалар ижроси юзасидан таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш вазифаси топширилди.

Сўзга чиққанлар туманга инвестицияларни жалб этиш, кичик саноат зоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, ушбу йўналишда “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат”, Фармацевтика агентлиги зиммасига Олмазор туманида замонавий ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш вазифаси юклатилганди. Унинг амалга оширилиши юзлаб янги иш ўринлари ташкил этилишига, пировардида ҳудуд ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилиши муқаррарлиги қайд этилди.

Қўшма мажлисда мазкур инвестицион дастурлар юзасидан мутасадди ташкилотлар тақдимотлари эшитилди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаровнинг маълум қилишича, Олмазор туманида бугунги кунда уюшма таркибига кирадиган 23 та корхона фаолият юритади, уларнинг 15 тасида қўшимча яна 100 тага яқин иш ўринлари яратиш мумкин. Бундан ташқари, туманда амалга ошириш учун 8 та янги лойиҳа ишлаб чиқилди, бунга 17,5 миллион доллар сармоя киритилади. Бу лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилса, туманнинг экспорт салоҳияти йилига яна 12 миллион долларга кўпаяди.

— Маҳаллаларда хонадонма-хонадон айланиб чиқиш асносида ўнлаб қаровсиз, бўш турган бино ва иншоотлар аниқланди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев. — Ваҳолонки, бугун кўплаб тадбиркорлар ўз фаолиятини кенгайтириш ҳамда инвестиция жалб қилиш учун қўшимча биноларга эҳтиёж сезмоқда. Саноатни, кичик бизнесни ривожлантириш орқали туман аҳолиси, айниқса, аёллар ва ёшлар учун юзлаб иш ўринларини яратиш мумкин. 2018 — 2020 йилларда туманда умумий қиймати 97,2 миллион АҚШ доллари, шу жумладан, 57,2 миллион долларлик тўғридан-тўғри чет эл инвестициясини жалб қилиш бўйича 50 та лойиҳа шакллантирилди. Ушбу лойиҳалар доирасида иккита шифохона, 8 та саноат, 10 та тўқимачилик, 13 та чарм-пойабзал маҳсулотлари, 3 та тиббий воситалар, 2 та тежамкор лапмалар ва қуёш коллекторлари, 3 та қандолат ва сариёғ ишлаб чиқариш корхоналари, 2 та спорт соғломлаштириш мажмуаси, мебель ишлаб чиқариш корхонаси, замонавий меҳмонхона, мактабгача таълим муассасаси, 2 та кўп қаватли тураржой, логистика маркази ва супермаркет қурилади. Бунинг эвазига туманда қарийб 5 минг иш ўринлари яратилади.

— Биз нефть-газ, кимё, қурилиш соҳалари учун латекс ва ПВХ қопламали қўлқоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, — дейди “Armatex” МЧЖ директори Рустам Аҳмедов. — Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион доллар бўлиб, унинг ярми хитойлик шериклар томонидан киритилмоқда. Узоқ вақт мобайнида бўш турган фармацевтика базаси ҳудудидан 5 минг квадрат метр жой ажратиб берадиган бўлишди. 2019 йилнинг охирига бориб, мазкур лойиҳа тўла қувват билан ишлай бошлайди. Қўшимча 200 та иш ўрни яратилади. Қўлқопларнинг асоси маҳаллий пахта матосидан ҳамда резина қопламаси учун хом ашё эса Жанубий Осиё мамлакатларидан олиб келинади. Ҳозирги кунда бундай қўлқоплар чет элдан импорт қилинади. Корхонамизнинг биринчи босқичдаги қуввати маҳаллий бозордаги талабнинг ярмини қоплашга етади. Қолаверса, маҳсулотларимизга Қозоғистон ва Россия компанияларидан қизиқиш билдирилмоқда.

Бундан ташқари, Олмазор туманида йиллар давомида тўпланиб қолган уй-жой коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, кўп қаватли уйлардаги канализация тармоқларининг аҳволи, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш билан боғлиқ муаммолар, ободонлаштириш борасидаги жиддий камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилди.

Шу билан бирга, туманда аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида ҳам қатор камчиликлар мавжуд.

Қўшма мажлисда туман тиббий хизматининг аҳволи, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим тизимидаги масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Муҳокама жараёнида ушбу соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан уй-жой коммунал хўжалиги, бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ҳамда халқ таълими вазирларининг тақдимот ва ахборотлари эшитилди.

— Мактабгача таълим тизимида ҳам қатор янгиликлар юз беради, — дейди халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгаши депутати Лола Мусажонова. — Тумандаги аксарият оилалар учун ушбу масала долзарб аҳамиятга эга. Негаки, етти ёшгача бўлган 20 мингдан ортиқ болалар бор. Тумандаги 58 та маҳалладан 20 тасида бирорта ҳам болалар боғчаси йўқ. Натижада 6 минг 200 нафардан ортиқ болалар мактабгача таълим муассасасига қамраб олинмаган. Яқин истиқболда туманда олтита давлат, яна 20 та давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасасини барпо этиш режалаштириляпти. Натижада 2 мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз мактабгача пухта тайёргарликдан ўтишади.

Туманнинг бугунги ва истиқболдаги тақдири учун ҳал қилувчи куч бўлган ёшларни тарбиялаш, уларнинг куч ва имкониятларини эзгу мақсадлар рўёбига тўлиқ сафарбар этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш масаласи доимий диққат марказида туриши зарур. Бу борада муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, унинг натижаларидан қаноат ҳосил қилиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Олмазор туманида тадбирлар ўтказиш, маҳаллаларда “Ёшлар меҳнат гузарлари”ни қуриш бўйича тақдимот ҳам намойиш этилди.

— Олмазор туманида республикамизда Президентимиз ташаббуси билан синов тариқасида халқ депутатлари Кенгаши котибияти тузилди, депутатлар орасидан котибият раҳбари сайланди, — дейди Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров. — Котибият доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳлари фаолиятини такомиллаштиради, сессияларга тайёргарликни мувофиқ-лаштиради, Кенгаш ва доимий комиссиялар иш режалари ижроси устидан назорат ўрнатади. Бу депутатлар фаоллигини оширишга, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишига доир дастурлар ижроси, бюджет маблағлари сарфланиши устидан самарали депутатлик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Мажлисда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган ва Олмазор туманида амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди, тақдимотлар асосида “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов иштирок этди.
Қобил ХИДИРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар