Оливье ШАВ: “Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар Швейцария ҳукуматининг ҳам, хусусий секторининг ҳам эътиборини тортди”

15:51 30 Август 2018 Сиёсат
96 0

Оливье ШАВ, Швейцария Конфедерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар Швейцария ҳукуматининг ҳам, хусусий секторининг ҳам эътиборини тортди. ­Янгиланиш жараёни ҳали узоқ ­давом этиши тушунарли, улар тўхтаб қолмаслиги ва муваффақият қозониши учун етарли асослар бор. Буни ўзбек халқининг яшаш сифати бутунлай ўзгариб бораётганидан ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати, айниқса, капитал ва инновациялар борасида кўмакка эҳтиёж сезаётган бугунги даврда Швейцария ўзи фаол бўлган, Ўзбекистон вакиллари анчадан буён иштирок этаётган Бреттон-Вуд молия институтлари ҳамда ЕТТБ йўналиши орқали мамлакатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Биз ҳам Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни тўла қайта ташкил қиляпмиз ва раҳбарият, хусусан, яқинда Ўзбекистонга ташрифини амалга оширган иқтисодиёт­ вазири Йоханн Никлаус Шнайдер-Амманнинг тавсияларидан сўнг ҳамкорликни янги ­босқичга олиб чиқмоқчимиз.

Биз, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган БМТ ташкилотлари, жумладан, Жаҳон банки томонидан тақдим қилинган чуқур таҳлилларни ўрганиб чиқдик ва ушбу тадқиқот ҳамда ундаги тавсияларни амалга оширишда кўмаклашишга тайёрмиз.

Ўз навбатида, охирги пайтда швейцариялик тадбиркорлар ҳам мамлакатингизга тез-тез келмоқда, икки давлат бизнес вакиллари ўртасида узоқ муддатли ва манфаатли битимлар тузиляпти. Қолаверса, Швейцариядан тобора кўпроқ саёҳатчилар, ҳатто ҳаво шари учувчилари ҳам (Самарқанд ва Бухорода парвозлари йўлга қўйилган ҳаво шарлари назарда тутилмоқда — таҳр.) ташриф буюриб, бу гўзал диёрингизнинг бетакрор табиати, маҳобатли тарихий шаҳарлари ва, албатта, меҳмондўст ўлкадаги ажойиб санъат ва меъморчилик дурдоналаридан баҳра оляпти.

Байрам муносабати билан ўзбек халқига ва мамлакат раҳбариятига энг яхши ниятларимни билдираман. Ватанингизни ривожлантириш йўлидаги интилишларингизда ­муваффақиятлар, тинч ва фаровон келажак тилаб қоламан!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар