Олимжон Тўйчиев: Грантлар доирасида докторантларни тайёрлашни йўлга қўйиш керак

13:45 28 Октябр 2020 Жамият
277 0

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев раислигида Олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва Фанлар академияси илмий тадқиқот институтларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари иштирокида йиғилиш ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокама қилинди.

"Мазкур фармон Учинчи Ренессанс пойдевори, унга етакловчи ҳужжат бўлиши кутилмоқда. Унинг имзоланиши тарихий воқеа бўлади. Фармон лойиҳаси бўйича бугунги йиғилишимиз барчамиз учун ўз фаолиятимизга янгича назар ташлаб уни янада яхшилаб олишимизга замин яратади", деди О.Тўйчиев.

Йиғилишда Фармон лойиҳаси кенг муҳокама қилиниб, айниқса илм-фан ва инновацияларга тегишли бўлган 4 та банди алоҳида кўриб чиқилди.

Ҳужжат лойиҳасининг 26-бандда 2021 йилдан бошлаб, 100 нафар ёшларни нуфузли олимларга бириктириш, ҳамда олис ва чекка ҳудудларга ҳам грантлар ажратиш кўзда тутилган бўлиб, барча ҳудудларни қамраб олиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари иштирокида щтказилган Фармон муҳокамасида 100 нафар камлик қилиши, бошланишига 200 нафар ёшларни нуфузли олимларга бириктириш масаласини кўтаришган.

"Биз ҳар бир ОТМларда илмий тадқиқотчилар, докторантлар билан суҳбатлашишни бошладик. Бу ўз навбатида тадқиқотчиларнинг муаммо ва камчиликларини ўрганиш имконини бермоқда. Улар фақатгина стипендиялар билан тадқиқот иши олиб бориб бўлмаслиги, етарли шароитларсиз тадқиқот олиб бориш қийин эканини айтишмоқда. Бу ўз-ўзидан илмий изланишлар натижадорлигига ва давлат томонидан докторантлар учун ажратилаётган квоталар сонини оширишга ҳам салбий таъсир қилмоқда. Масалан, бу йил докторантурага жами 3750 квотага талабнома сўралган бўлса, бюджетдан 1800 та ажратилган. Ўз ўрнида бу миқдорни ошириш учун натижадорлик деган масала кўндаланг қўйиляпти. Агар ёш олимлар илмий изланишлари самарадорлигини оширадиган бўлсак, янада катта натижаларга эришиш, кўпроқ квоталар олиш имкониятлари пайдо бўлади", деди О.Тўйчиев.

Вазир ўринбосари докторантурага қабул масаласида тўхталиб, ҳалқаро тажрибага асосланиб грантлар доирасида докторантларни тайёрлашни йўлга қўйишни таклиф сифатида киритди.

Ўз навбатида Тошкент кимё технологиялар институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Х.Пўлатов сўзга чиқиб, олий таълим муассасаларида атоқли олимлар, академиклар номидаги стипендияларни таъсис этиш ва ушбу стипендияга тавсия этилган талабаларни магистратурага имтиёзли қабул килиш тизимини такомиллаштириш ва ОТМларда соҳанинг машҳур академиклари номидаги аудиториялар ва илмий лабораторияларни ташкил этиш таклифини билдирди. Шунингдек атроф-муҳитни мухофаза қилиш соҳаси бўйича Давлат дастурлари доирасидаги грантларга квотани ошириш ва Фармон лойиҳасининг 2-иловасига техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш ваколатини илмий салоҳияти юқори бўлган ОТМлар ҳам бериш имкониятларини киритиш таклифларини билдирди.
Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Гуландом Бакиева Швеция мисолини келтириб ўтди. Ундан ташқари илмий иш ҳимоя муддатини 3 йилда эмас, бошқа муддатда тугатиш масаласи ҳам кўтарилди.

Фармонга спикерлар томонидан ҳар бир докторантга биттадан илмий асар таржимасини юклаш таклифи ҳам муҳокамага қўйилди. Бу талаб эса ёшларни илмий иш қилишга жалб этиш ўрнига ундан узоқлаштириши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Барча таклифлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилиб, раҳбариятга тақдим этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?