Олимпия чемпионларини етказиб берган масканнинг янги қиёфаси

15:11 14 Март 2019 Спорт
479 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 25 январдаги ПФ-5313-сон, “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон фармонларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3504-сон қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек спортнинг олимпия ва миллий турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ”Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинганди.

Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернат сифатида қайта ташкил қилинган собиқ РОЗКда (Республика олимпия захиралари коллежи) ўтган давр мобайнида қандай ўзгаришлар бўлди? Ҳукумат қарори ижроси бугунги кунга келиб қандай ҳолатда, Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида юзлаб ўзбек спортининг юлдузларини етиштириб берган масканга ташриф буюрдик. Бизни бу даргоҳда мактаб-интернат директори Мирсардор Алимов кутиб олди. Янгидан ташкил қилинган даргоҳда бўлаётган кутилаётган ўзгаришларни билиш мақсадида Мирсардор акани суҳбатга тортдик.

— Президентимиз ва Ҳукуматимизнинг спортга қаратаётган юксак эътиборлари намунаси ўлароқ, бизнинг мактабда ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда, — деб сўз бошлади М. Алимов. — Бугунги кунда республикамизга олимпия захираларини етказиб бериш мақсадида мактаб-интернатнинг инфратузилмаси бутунлай янгиланмоқда. Мазкур мактаб раҳбарлигига келганимга 9 ойдан сал кўпроқ вақт бўлган бўлса, шу муддатда мактаб жойлашган ҳудудни қайтадан ўрганиб чиқиб, 20дан ортиқ янги лойиҳаларни ишлаб чиқдик. Салкам 20 гектар майдонимиз бўлсада, илгари уларнинг кўп қисмидан тўғри фойдаланилмаган. Жуда кўп ҳудудлар бўш ётган. Айнан шу ўринларни ҳам замонавий иншоотлар билан тўлдириш мақсадида спортнинг кўплаб турлари учун биноларни қуришни режалаштирганмиз. шу маънода қисқа вақтда мактаб-интернат ҳудудидан унумли фойдаланиш мақсадида янги лойиҳани ишлаб чиқдик. Уларнинг баъзиларини қуриш ишлари бошлаб юборилган. Баъзилари битиш арафасида. Қолганларини ҳам инвесторларга таклиф сифатида киритганмиз. Тез орада уларнинг ҳам қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Албатта булар ўз-ўзидан бўлиб қолаётгани йўқ. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддиларига ҳам алоҳида раҳмат. Улар молиявий томондан бизни қўллаб-қувватлаб келишмоқда.

Мактаб директори билан бирга ҳудудни айланиш учун чиқдик. Ҳудудда шу кунга қадар ўқув бинолари, машғулот заллари, майдонлар билан қўшиб ҳисоблаганда 15 дан ортиқ иншоот мавжуд бўлган. Янги лойиҳага кўра, бундай бинолар сони 37тага етказилиши кўзда тутилган.

— Сув спорт учун мўлжалланган замонавий саройни битказдик. Бу ерда халқаро талабларга, олимпия талабларига жавоб берадиган барча шароитлар яратилган. Энг йирик халқаро мусобақаларни ҳам бу ерда ўтказиш мумкин бўлади. Тез орада камондан ўқ отиш учун мўлжалланган бино ҳам фойдаланишга топширилади. Бу бинони қуришда ҳомийлар ўз маблағлари орқали ёрдам беришди. Бунинг учун уларга раҳмат айтмоқчиман. Биз бу иншоот қурилиши учун 100 фоиз ҳомийлардан пул олдик, дейди мактаб раҳбари.

Билишимиз бўйича ҳозирги кунда қадар камондан ўқ отиш майдони бироз тартибсиз бўлган ҳудудда жойлашган. Енгил атлетика билан шуғулланувчи спортчилар билан улар қарийб бир ҳудудга тиқилиб қолишганди. Янги лойиҳада бу муаммо ҳам бартараф этилиши кутилмоқда.

Лойиҳаларда эътиборимизни тортгани бу усти ёпиқ кўринишдаги велотрек майдони ва оғир атлетика саройи бўлди. Велопойгалар ўтказишга мўлжалланган бино худди велоспортчининг бош кийимини эслатади. Оғир атлетика учун мўлжалланган бино эса гуёки штангани икки қўлда кўтариб турган спортчининг ҳолатини эслатиб туради.

— Бизда кўплаб спорт турларининг қароргоҳлари ҳам йўқ бўлган. Мактаб интернатимиз ҳудудида терма жамоалар учун база сифатида хизмат қилиши учун ҳам кўплаб иншоотлар қурилмоқда. Кураш мусобақаларини ўтказиш учун мўлжалланган бино қарийб 70 фоизга битиб қолди. Ҳозирда миллий кураш, спорт курашлари битта жойга йиғилиб қолишган. Янги бино ишга тушгач, улар алоҳида машғулот ўтказиш имкониятига ҳам эга бўлади. Шунингдек, бу залда турли мусобақаларни ҳам ўтказиш мумкин бўлади. Бундан ташқари от спорти, гандбол мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган ареналар ҳам барпо этилади. От спорти учун майдонимиз деярли шай ҳолатда. Бундан ташқари футбол стадионимиз 1961 йилда қурилган ҳолича умуман ташлаб қўйилган. Томошабинлар учун мўлжалланган қисми бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Энди ўша ҳудудни бузиб стадионнинг енгил атлетика мусобақалари ўтадиган қисмини кенгайтирмоқчимиз, дея қўшимча қилди Мисардор Алимов.

Бир сўз билан айтганда мактабда иш қизғин давом этмоқда. Лойиҳаларнинг барчаси амалга ошадиган бўлса, ҳудудни бемалол кичик олимпия шаҳарчаси сифатида кўришимиз мумкин бўлади.

Сафаримиз якуни арафасида мактабдаги ўқув-машғулотлар жараёни билан қизиқдик. Бокс, миллий кураш, спорт курашлари футбол, камондан ўқ отиш, босқон улоқтирувчи спортчилар машғулотларга зўр беришмоқда. Ҳар бўлим бўлажак мусобақаларга жиддий ҳозирлик кўрмоқда.

Умуман олганда бу даргоҳни ҳақиқий чемпионлар даргоҳи дейиш мумкин. Жуда кўплаб Осиё, жаҳон ва Олимпия чемпионларини етказиб берган мактаб-интернат бу натижаларни янада яхшилаш йўлида ҳаракат қилмоқда. Биз ҳам уларга бу ишлари амалга ошишида муваффақият тилаб ортга қайтдик.

Ҳаким Йўлдошев олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019