Олий таълимда коррупция қай даражада?

09:49 19 Январь 2020 Жамият
1052 0

18 январь куни Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари У.Исмаилов, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов қатнашди.

Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар оқсаётганлиги, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан қутула олмаётганлиги йиғилишда танқидий муҳокама этилди.

Бош прокурор ўз маърузасида, олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди.

Жумладан, коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари кузатилаётганлиги кўрсатилди.

Йиғилишда сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқувюртларига тўғри келиши танқид остига олинди.

Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан 
3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади.

Коллеж ва лицейларда эса, 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган.

Соҳада коррупциянинг олдини олиш ва унга чек қўйиш борасидаги чоралар етарли самара бермаётганлигини кенг жамоатчилик фикри тасдиқламоқда.

2018 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик Маркази ўтказган сўровда иштирок этганларнинг 29 фоизи олий таълим тизимида коррупция кенг тарқалган деган фикрни билдирган бўлса, 2019 йилда бу салбийкўрсаткич 35 фоизни ташкил этган.

Ўтган йилнинг август ойида Интернет орқали ўтказилган сўровда Юридик, Иқтисодиёт, Миллий, Ахборот технологиялари университетлари ҳамда Тиббиёт академияси коррупция энг кўп тарқалган олий ўқув юртлари 
сифатида кўрсатилган.

Комиссия раиси талабалик сафига қабул қилиш жараёнларинитакомиллаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Жумладан, ўқишга киритиш важи билан 115 нафар, жумладан, 
58 нафар олий ва 57 нафар ўрта махсус таълим ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси К. фуқаро Д.ни институтнинг бухгалтерия факультети сиртқи йўналишига ўқишга киритиш учун 10 минг АҚШ доллари олганда ушланган.

Қарши давлат университетининг проректори Н. махсус сиртқи 
бўлимга кириш имтиҳонларидан ўта олмаган О.ни ўқишга киришида ёрдам бериш важи билан 3 минг АҚШ доллари олгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Ижодий имтиҳон жараёнлари холис ва адолат билан ўтказилмаётганлиги танқид остига олинди.

Хусусан, Фарғона давлат университети ўқитувчиси С., қабул комиссия аъзоси эканлигидан фойдаланибфуқаро А.ни ижодий имтиҳондан юқори балл олишида ёрдам бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олганда ушланган.

Сўнгги икки йилда 21 нафар талабанинг бундай жиноятларга аралашиб жавобгарликка тортилганлиги тизимдаги коррупция оқибати сифатида кескин танқидга олинди.

Бош прокурор маърузасида, мутасаддиларга олий ўқув юртларининг таълим тилидаги замонавий дарслик ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш зарурлигини кўрсатди.

Таҳлиллар, олий таълим муассасаларида ўқув режаларидаги фанларнинг 24 фоизи бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.

Масалан, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида 1.552 нафар талаба таҳсил олса-да, бор – йўғи 15 номдаги 45 дона дарслик мавжуд.

Айрим олий ўқув юртларида дарслик ва ўқув қўлланмалари маънан эскириб, ҳозирги замонавий талабларга жавоб бермайди.

Масалан, тўқимачилик соҳасидаги олий ўқув юртларидаги 429 та дарслик ва қўлланманинг ҳар тўртинчиси 10 йилдан 30 йилгача, ҳар учинчиси 30 йилдан 50 йилгача бўлган вақт оралиғида нашр этилган.

Олий таълим муассасаларида ахборот ресурс марказлари, айниқса, кутубхоналардан фойдаланишда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам рўй-рост кўрсатилиб, ахборот — коммуникация технологияларини таълим жараёнларига кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Магистратура йўналишида йўл қўйилган айрим суиистеъмолчилик ҳолатлари кескин танқид қилинди.

Ўзбекистон Миллий университетида декан лавозимида ишлаган А. ва ўринбосари Ю. фуқаро Р.ни магистратура йўналишига киритиш эвазига ундан минг АҚШ доллари олганлиги учун унга нисбатан суд ҳукми билан жазо тайинланган.

Нукус давлат педагогика институти собиқ ректори ва проректори магистратура босқичига синовдан ўтган 55 нафар талабгорнинг имтиҳон натижаларини сохталаштирганМазкур ҳолат бўйича айбдор шахсларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.

Талабалар ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупцияга дуч келаётганлиги, бунга олий ўқув юрти ва вазирлик айрим мутсасаддилари бош қўшганлиги кескин танқид остига олинди.

Муқаддам олий таълим соҳасида ишлаб, таълим билан боғлиқ порахўрлик ва фирибгарлик жиноятлари учун 4 маротаба судланган 
У. Олий таълим вазирлигида масъул лавозимда ишлаб, таълим билан боғлиқ қатор жиноятларга қўл урган.

Жумладан, У. Россия ва Украина тиббиёт олийгоҳларида таълим олаётган икки нафар талабанинг ўқишини Тошкентдаги олийгоҳларга кўчириш учун 4 минг АҚШ доллари олганлиги фош этилган. Бундан ташқари, терговда, У. яна 6 та ҳолатда ўқишга киритиш, талабаларнинг ўқишини тиклаш ва кўчириш масаласини ҳал қилишга ваъда бериб, 14 минг АҚШ долларини пора тариқасида олганлиги аниқланган.

Йиғилишда комиссия раиси, коррупция ҳолатларига таълим жараёнларнинг очиқ ва шаффоф ташкил этилмаганлиги сабаб бўлганлигини кўрсатиб, бундан соҳадаги ҳар бир раҳбар ходим ўзига тегишли хулоса чиқариши лозимлигини таъкидлади.

Олий таълим муассасалари илмий — тадқиқот фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар ҳам йиғилиш аъзолари томонидан муҳокама этилиб, илмий даража бериш тартиб — таомилларидаги мураккабликлар, ўринсиз талаб ва коррупциявий омиллар таълим сифатига таъсир кўрсатаётганлиги қайд этилди.

Бюджет маблағларини сарфлаш жараёнидаги талон-торожликлар соҳадаги асосий коррупциявий омиллардан бири бўлиб қолаётганлиги, ўтган йилда Давлат молиявий назорати департаменти томонидан текширилган 1.107 та вазирлик муассасаларининг 1.035 таси ёки 93 фоизида 16,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Олий таълим соҳасида йўл қўйилган коррупция ҳолатларининг асосий сабабларидан бири — ижро интизоми, юридик хизмат фаолияти етарли йўлга қўйилмагани, деб кўрсатди комиссия раиси.

Маъруза якунида Бош прокурор Н.Йўлдошев, олий таълим масаласига эътиборсиз қаралган вазиятларда юзага келадиган мудҳиш оқибатлар ҳақида сўз юритиб, Жанубий Африка Республикаси Стелленбосс университети пештоқига ёзиб қўйилган қуйидаги иборани иқтибос сифатида келтирди.

“Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир.

Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади.

Таълимнинг инқирози – бу миллат инқирозидир”.

Комиссия йиғилиши қизғин муҳокамалар билан кечди. Сўзга чиққан Президентнинг маслаҳатчиси А.Абдувахитов, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Судьялар Олий Кенгаши раиси У.Мингбоев, Қонунчилик палатаси депутатлари Д.Арипов, Ш.Бафаев, Сенат аъзолари Б.Матмуратов, З.Низомходжаев, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази директори Р.Камилов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратходжаев, Республика Олий таълим Кенгаши раиси Ў.Умурзаковлар олий таълим соҳасида коррупцияни олдини олиш бўйича вазифалар борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов, вазир ўринбосари У.Бегимқулов, вазирлик бош бошқарма бошлиғи А.Холиқов, Фарғона давлат университети ректори Р.Максудов, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ректори А.Рискулов, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори вазифасини бажарувчи Б.Онорбоев, Юридик университет ректори Р.Ҳакимов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори К.Шарипов, Фармацевтика институти ректори И.Алимджанов, Стоматология институти проректори А.Хайдаровларнинг тушунтириш 
ва изоҳлари эшитилди.

Йиғилиш якуни бўйича олий таълим соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш, қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019