Олий таълим муассасаларида 13 мингдан зиёд талабалик ўрни бўш қолди

11:49 31 Август 2018 Жамият
787 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Миллий матбуот марказида “Жамият тараққиётининг устувор йўналишлари ва халқаро стандартлар талабларига мос олий таълим тизимини яратиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган тадбирда таълим тизимига жорий этилаётган янгиликлар ва соҳага оид қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу ҳақда “Маърифат” газетаси сайтида маълум қилинди.

Тадбирда олий таълим муассасаларига қабул бўйича бу йилги тест синовлари натижалари сарҳисоб қилинди. Маълумот берилишича, жорий йилда қишлоқ хўжалиги техникаси, ирригация ва мелиорация, ишлаб чиқаришлар технологияси таълим соҳалари бўйича ҳужжат топширган абитуриентлар сони камайган.

Журналистика ва ахборот технологиялари, ветеринария таълим соҳалари бўйича эса ўсиш кузатилган. Ҳужжат топширган 679 979 нафар абитуриентнинг 622 030 нафари замонавий ахборот технологиялари асосидаги шаффоф тест синовлари жараёнида иштирок этган. Синов натижаларига кўра, республика бўйича ўртача ўтиш кўрсаткичи давлат гранти асосида 123 бални, тўлов-контракт асосида 101,9 бални ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш, педагогика, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария таълим йўналишлари бўйича ҳудудлар кесимида тасдиқланган мақсадли қабул квоталари доирасида 2 214 нафар абитуриент ўқишга тавсия этилди. Навоий вилоятининг олис Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларидан 74 нафар абитуриент қўшимча грант асосида ўқишга қабул қилинди.

Жорий ўқув йили учун ажратилган 13 мингдан зиёд квота бўш қолди. Сабаби, давлат грантига кириш учун абитуриент 68 балл, тўлов-контракт бўйича 56,7 дан юқори балл йиғиши керак. Қайсидир ўринларда мана шу ўтиш балини тўплаган абитуриентлар сони кам бўлди. Шу боис, белгиланган 82 900 нафар ўринга 69 516 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига ўқишга тавсия қилинди. Алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларида 8 909 та ўрин учун касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилди.

Тадбирда олий таълим муассасаларига хорижий фуқароларни қабул қилиш ҳақида ҳам маълумот берилди. Хорижий фуқароларни квоталардан ташқари, суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилиши натижасида жорий ўқув йилида 1924 нафар хорижий фуқаро ўқишга қабул қилинди.

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, уларнинг академик илм-фан, ишлаб чиқариш билан интеграциясини кучайтиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

— Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълимда талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими такомиллаштирилади, — деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Одил Абдураҳмонов. — Талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли усуллари, жумладан, педагогнинг якуний назорат жараёнидаги иштирокини истисно этадиган тизим жорий этилади. Якуний давлат аттестация имтиҳонлари оптималлаштирилади ва асосий эътибор битирув-малакавий ишлари ёки мутахассислик фанларидан давлат имтиҳонига қаратилади.

Вазирлик томонидан хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 8 та филиал, 22 та қўшма факультет, 46 та икки томонлама қўшма дастурларни амалга ошириш орқали кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг иш ҳақи оширилгани, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар