Олий Мажлис Сенатида элчилар ҳисоботлари эшитилди

20:01 12 Март 2020 Сиёсат
399 0

Хабар берганимиздек, бугун, 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Европа мамлакатларидаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг парламентга жорий йил 24 январь куни йўллаган Мурожаатномасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 январда ўтказилган биринчи мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга мувофиқ ўтказилди.

Мажлис ишида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Сенат аъзолари, республиканинг алоқадор вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ҳамда вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Европа мамлакатларидаги Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари томонидан хорижий мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ижро этиш юзасидан амалга оширилган ишлар, шу жумладан экспортни кенгайтиришга, инвестицияларни жалб қилишга ва республика ҳудудларига туристлар оқимини оширишга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботлари тақдим этилди.

Ўтказилган очиқ ва мақсадли муҳокамада дипломатик миссияларнинг барча масалалари ва устувор вазифалари кўриб чиқилди, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди ҳамда хорижда республиканинг иқтисодий манфаатларини тарғиб қилишдаги тизимли камчиликлар кўрсатиб берилди.

Мамлакат ҳудудларида айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда Ўзбекистоннинг қатор элчихоналари фаолияти кучайтирилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, айрим дипломатик миссиялари раҳбарларининг фаолиятида жиддий камчиликлар ва амалий натижалар йўқлиги қайд этилди.

Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига батафсил тавсиялар берилди ва улар олдига ўз фаолияти натижадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлис якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?