Олий Мажлис Сенати Раиси Жанубий Кореяда БМТнинг собиқ Бош котиби билан учрашди

11:20 07 Август 2019 Жамият
142 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация айни кунларда Корея Миллий Ассамблеяси Спикерининг таклифига биноан расмий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб турибди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Кореяга ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон парламенти делегацияси қатор самарали учрашувлар ўтказди.

Жумладан, Инчон шаҳрининг мэри Пак Нам Чун ва “Инчон” эркин иқтисодий зонаси комиссари Ли Вон Же иштирокидаги учрашув ташриф дастурининг дастлабкиси бўлди. Учрашув давомида томонлар Инчон шаҳри мэрияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда тарғиб қилишга интилаётгани таъкидланди.

Ташриф дастури доирасида Ўзбекистон делегациясининг Яшил ўсиш глобал институти президенти Пан Ги Мун билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда экология ва иқлим масалалари бўйича Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Орол денгизи билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларини тарғиб қилишни давом эттириш имкониятлари муҳокама этилди.

Бунда асосий эътибор Яшил ўсиш глобал институти кўриб чиқиши учун топширилган лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш мақсадида Ўзбекистоннинг кейинги режаларига, шунингдек мазкур Институтнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш имкониятларига қаратилди.

Қайд этилишича, Институт вакилларининг Ўзбекистонда бевосита бўлиши экологик соф технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, “яшил” иқтисодиёт принципларини, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологияларни комплекс жорий этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг олдини олиш, шунингдек Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш мақсадида Яшил иқлим жамғармасининг, шунингдек бошқа жамғармаларнинг молиявий маблағларини жалб қилиш бўйича GGGI институционал имкониятларини оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Пан Ги Мунни ва унинг жамоасини жорий йил 25 октябрда Ўзбекистонда ўтказиладиган Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш бўйича БМТ раҳнамолигидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари Яшил иқлим жамғармаси раҳбарияти билан ҳам учрашди. Қайд этилишича, БМТнинг 2010 йил охирида ташкил этилган GCF жамғармаси ривожланган мамлакатларнинг маблағларини ривожланаётган мамлакатларга юборади, уларга глобал иқлим исиши ва сув тошқини, қурғоқчилик ва нормадан ортиқ жазирамани енгиб ўтишда ёрдам беради.

Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси (БСОУ) Бош директори Ким Дэиль билан учрашувда БСОУнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан икки томонлама алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси БСОУнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. БСОУ Ўзбекистонда жорий йил декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайлови ҳақида хабардор этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва БСОУ котибияти ўртасида самарали ҳамкорлик ривожланмоқда, бу сайлов ташкилотчиларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида тажриба алмашиш ҳамда долзарб масалаларни муҳокама қилиш, хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибаси билан танишиш, илғор сайлов қонунчилигини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, Ўзбекистонда юз бераётган демократик ислоҳотлар ҳақида холис ахборотни халқаро ҳамжамиятга тезкорлик билан етказиш имконини беради. Ўзбекистон БСОУ билан ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришдан манфаатдорлигига урғу берилди.

Шунингдек, делегациянинг Корея Республикаси Ихтирочи аёллар уюшмаси раиси Инсил Ли, “Hyundai Motors” компанияси вице-президенти Санг Жун Ким билан учрашувлари ўтказилди. Парламент делегацияси аъзолари Корея-Ўзбекистон Бизнес-марказига бориб, унинг фаолияти билан танишдилар.

Парламент делегацияси ташрифи давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019