Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Россия Федерацияси Мажлиси Федерал Кенгаши Раиси билан учрашди

13:42 02 Октябр 2019 Жамият
86 0

Бугунги кунда Ўзбекистон барча йўналишларда очиқ, дўстона ва фаол ташқи сиёсий фаолият олиб бормоқда. Бунда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу тариқа, бир қатор хорижий давлатлар билан яқин парламентлараро алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларни қамраб олган ҳолда жадал тараққий этмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада фаол кенгайтиришнинг муҳим асосларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Мисол учун кейинги уч йилда Ўзбекистонда Россия Федерацияси парламентининг қатор аъзолари, жумладан, 2017 йилда Ильяс Умаханов, 2018 йилда Владимир Жириновский ва Алексей Езубов, шунингдек, 2019 йилда Владимир Шаманов ва Леонид Калашников билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Маълумки, яқинда Россия Федерацияси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди.

2019 йил 2 октябрь куни Россия Федерация Мажлиси Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко бошчилигидаги Россия Федерацияси делегациясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига расмий ташрифи эса, ана шу ташрифларнинг мантиқий давоми бўлди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон-Россия парламентлараро муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунучилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов томонидан юқори мартабали меҳмонга мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда жамиятда аёллар ролини ошириш борасида диққатга молик ишлар қилинаётгани, бу борада парламент аъзоларининг иштироки хусусида тўхталиб ўтилди. Депутатликка номзодлар ичида аёллар учун камида 30 фоиз квота ўринлари яратилишига доир норма қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилгани қайд этилди.

Учрашувда, шунингдек, Россия Федерациясининг “Росатом” давлат уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда атом электростанциясини қуриш бўйича амалга оширилаётган стратегик лойиҳа ва унинг аҳамият хусусида ҳам сўз юритилди. Меҳмонлар томонидан Ўзбекистонда атом энергетика секторининг шаклланиши ва ривожланиши учун қонуний асосларни яратиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ишлаб чиқилиб, қабул қилинганига юқори баҳо берилди.

Музокаралар чоғида Россия Федерацияси Мажлиси Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко парламентлараро ҳамкорликнинг келгусида кенгайиши ва мустаҳкамланишида доимий учрашувларнинг муҳимлигини билдирди. Икки давлат қонун чиқарувчи органларининг ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир мулоҳазаларини баён қилди.

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни келгусида ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ўзаро савдо ҳажми 5 фоизга ўсди ва 3 млрд. долларга етди. Истиқболда савдо ҳажмини янада кенгайтириш мумкинлиги, бунинг учун барча имкониятни ишга солиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Учрашув якунида Россия Федерацияcи Мажлиси Федерал Кенгаши вакиллари Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтажак парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф қилинди.

Томонлар мазкур учрашув икки томонлама парламентлараро муносабатлар тарихида янги саҳифа очишига ва Ўзбекистон–Россия ҳамкорлик уфқларини янада кенгайтиришига ишонч билдирдилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019