Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Самарқанддаги мактабда қилинган зўравонликка муносабат билдирди

18:57 25 Июль 2018 Жамият
377 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёшлар масалалари бўйича комиссияси Самарқанддаги махсус мактабда қилинган зўравонликка муносабат билдирди. Бу ҳақда комиссиянинг Facebook‘даги саҳифасида маълум қилинган.

“Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ёшлар масалалари бўйича комиссияси Самарқанддаги махсус мактабда мактаб маъмуриятининг болалар билан қилинган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини таълим-тарбиядаги йўл қўйиб бўлмас ҳолат деб баҳолайди. Чунки таълим тарбияда мажбурлов, зўравонлик ва босим ўтказиш ҳолатлари инсоний қадриятларга тўғри келмайдиган усулдир. Бундай шароитда инсон ижобий хулқ атворга эга шахс сифатида камол топмайди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари айниқса, бола ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланган қонунлар қабул қилинган ва унинг амалга оширилишини таъминлашга ҳар биримиз масъулмиз. Бунда биринчи навбатда таълим соҳаси вакиллари, устоз ва мураббийлар барчага ўрнак бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Шу жиҳатдан олганда биз Самарқанддаги махсус мактаб маъмурияти, педагогик жамоасининг болалар билан қилган нотўғри тарбия усули ва муомаласини кескин қоралаймиз ва бу ишнинг қонунларга мувофиқ ўрганилиши, айбдорлар жазоланиши ҳамда келгусида бундай ҳодисаларга йўл қўйилмаслигини ваколатимиз даражасида назорат қилиб борамиз.

Умид қиламизки, махсус мактабдаги ушбу нохуш вазият хусусий ҳолат бўлиб юртимиздаги минглаб фидойи, жонкуяр ўқитувчи ва мураббийларимизнинг ҳурмати ва шаънига дахл қилмайди”, дейилади комиссия баёнотида.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар