Олам гўзаллиги Наманганда жилолангандай

15:13 28 Май 2019 Жамият
277 0

Бугун Наманганнинг барча йўллари вилоят марказидаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғи билан туташгандай. Олам гўзаллигини ўзида мужассамлаштирган маскан, мана уч кундирки, миллионлаб нафосат шайдоларини гул ва чечаклар ифори, кўзни қувнатадиган ажиб манзаралардан баҳраманд этмоқда. Ҳар қачонгидан жозибали ўтаётган анъанавий “Гуллар байрами”нинг мақоми бу йил янада юксалган. Халқаро тус олган анжуман меҳмонлари қаторида чет элдан келган гул ишқибозлари, саргузаштталаб сайёҳлар ҳам анчагина. Энг муҳими, байрам тадбирлари аввалида гулга бурканган автомобиллар карвонидан ўзига хос автопарад ташкил қилингани, айниқса, кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди.

- Мамлакат ҳарбий қудрати, ишлаб чиқариш салоҳияти намойиш этилган парадларга ўрганган кўзларимиз, гуллар шаҳри маънавий дунёсини кўз-кўз қилган автопараддан ҳайратга тушди, - дейди оиласи билан байрамга келган қўқонлик Абдурашид ота Муродиллаев. – Бу, барқарор тинчлигимиз ифодаси, зеро, кунлари осойишта юртдагина кўнгилга сайру-томошалар сиғади.

Одамлар боғни ажиб сайлгоҳга айлантирган гул кўргазмаларини зўр қизиқиш билан томоша қилишяпти. Уларнинг ҳар бири ўзига хос мавзу, ўзига хос йўналишда, юрт равнақи, фан-техника ютуқлари, кундалик ҳаётимизнинг маълум қиррасини мужассамлантирган кўринишда. Байрам аҳли намойишга қўйилган гулларни томоша қилибгина қолмасдан, ўзларига ёққанини ҳарид ҳам қилишяпти. Уйчи қишлоғининг Ёркатай қишлоғидан келган Маъруфжон Каримовга ажратилган жой ҳамиша гавжум. Гулчилар сулоласининг тўртинчи авлоди бўлган бу йигитнинг катта бобоси Абдукарим Қосимов бундан эллик тўққиз йил аввал ташкил қилинган биринчи “Гуллар байрами”нинг ташкилотчиларидан бўлган. Энди чевара ҳам нафосат ошуфтаси. Мазкур соҳани оилавий бизнес сифатида маҳкам ушлаган Маъруфжоннинг ҳовлиси 7-8 минг турдаги гулу-чечаклардан иборат катта гулзорга айланган. Кейинги йилларда иссиқ ўлкаларда ўсадиган зайтун, дафна дарахтлари, япон беҳисини ҳам маҳаллийлаштиришга эришди. Соҳани маҳкам ушлаган оила йилига 100 миллион сўмга етказиб даромад олаётир. Ёркатайлик тадбиркорнинг байрамга олиб келган гуллари орасида ватани Канада бўлган “Sekas” пальмаси бор. Бир тупининг сотув баҳоси 4 миллион сўмга тўғри келадиган манзарадор бутанинг бу ерда ҳам харидори чиқди.

Бугун жонажон юртимизнинг бошқа гўшаларига ҳам ёйилган Наманган гулчилиги, айниқса, бу ерда йўлга қўйилган анъанавий байрам кўплаб минтақаларда янгидан-янги гулкорларни кашф этяпти. Пойтахтнинг Сирғали туманида яшовчи Юлдуз Шарофиддинова анжуманга ўзи парваришлаётган 30 дан ортиқ турдаги гулларни келтирибди.

-Ўзбекистон учун янгилик бўлган ноёб гулларни ўстиришга қизиқаман,-дейди Ю. Шарофиддинова. – Масалан бизда кактус кўп, бироқ, мана бу сингари ранглиларини кўрганмисиз. Нидерландиядан келтирилган Цикломин, Примула, Хитойда ўсадиган Аспарантусни ҳам маҳаллий шароитга мослаштирдик. Гулчиликнинг ҳадисини олган наманганликлар билан баҳслашиш қийин бўлсада, бу гал совринли ўринлардан бирини эгаллаш ниятидаман.

Эндиликда гуллар фестивали деб номланаётган анжуман дастури ранг-баранглиги билан эътиборни тортади. Жойларда эстрада санъати ижрочилари иштирокидаги концертлар, дорбоз ва масхарабозларнинг миллий ўйинлари, мўйқалам усталари кўргазмаси ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар анжуман шукуҳини оширяпти.

Гул сайли манзараларини завқ билан суратга тушираётган ажнабий эътиборимизни тортди.

- Сеулдан келиб Наманган давлат университетида дарс беряпман,-дейди кореялик Чин Ён. – Бизда ҳам, масалан, Илсан шаҳрида ҳар йили гул байрами ўтказилади. Бироқ, Намангандагига етмайди. Атрофга қаранг, бутун олам гўзаллиги шу ерда жилолангандай.

Бу сингари олижаноб фикрлар бугун байрамда ОАВ вакиллари қатнашаётган бир қатор давлатларнинг кундалик газеталари, интернет нашрлари ва телевидениеси орқали онлайн тарзда мамлакатимиз ташқарисига узатилаётган материаллардан баҳраманд хорижликларда ҳам шаклланаётгани кишида ифтихор туйғуларини уйғотади. “Namahgan flowers” эса меҳмонларни чорлашда давом этмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019