ОКМК заводларини модернизация қилишга 357,5 миллион АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилмоқда

08:38 27 Август 2020 Иқтисодиёт
267 0

«Олмалиқ КМК» АЖ асосий ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш дастури”доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар туфайли комбинат жамоаси пандемия даврида ҳам карантин чекловларига қатъий амал қилган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини мунтазам оширишга эришмоқда. Белгиланган режалар муттасил бажарилиб, маҳсулотлар экспорти ҳажми ҳам кенгаймоқда. Амалдаги барча инвестиция лойиҳаларининг босқичма-босқич ўз самарасини бераётгани ишчи-хизматчилар моддий манфаатдорлигини ошишига, маҳсулотлар сифати барқарорлашишига олиб келяпти.

Бу ҳақида «Олмалиқ КМК» АЖ корхоналарида модернизация ва реконструкция ишлари" мавзусида ўтказилган пресс-турда маълумот берилди.

2019-2022 йилларда Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш ва Рух заводлари қувватларини модернизация қилиш ва тубдан янгилаш ишларига 357,5 миллион АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда ушбу объектларда таъмирлаш ва тиклаш, қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда.

Мис бойитиш фабрикасида бу борадаги ишлар кўлами кун сайин ортиб бораётир. Мисолларга мурожаат этамиз: флотокамералардаги хизмат муддатини ўтаб бўлган аэрацион узеллар маҳаллийлаштириш дастури доирасида тайёрланган замонавий ускуналарга алмаштирилди. Натижада, руда таркибидан мис ажратиб олиш кўрсаткичи 75 фоиздан 84 фоизга ошди.

“Outotec” компанияси кон-бойитиш ва металлургия саноати корхоналарига техник ечимлар тақдим этиш бўйича жаҳондаги етакчи хорижий ҳамкор ҳисобланади. Унинг комбинатга тақдим этадиган “Larox PF60 132/140” пресс-фильтрлари йилига қўшимча 21,0 млн метр куб табиий газ сарфини иқтисод қилиш имконини беради. Комбинатда ҳозир бу жараённи амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

АҚШнинг “DERRICK Corporation” нуфузли компанияси билан эса замонавий юқори частотали ғалвирлаш тизимларини ўрнатиб бериш юзасидан тегишли келишувга эришилди. Бу янгилик туфайли майдаланган рудаларни таснифлаш кўрсаткичларида жиддий ўсиш суратларига эришилади.

Комбинат маъмуриятининг таъкидлашича, Даниянинг “FLSmidth” трансмиллий компанияси тақдим этадиган марказга интилувчи концентраторлар мисни бойитиш жараёнларида руда таркибидаги олтинни ажратиб олиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Россия Федерациясининг «НИИПИ "ТОМС» лойиҳалаш институти тақдим этган бош лойиҳа асосида фабриканинг янчиш ва флотациялаш цехига 6 метрлик икки дона янги тегирмонлар қуриш, бойитиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган 5 та қуюлтиргич (сгустител)ларни алмаштириш ҳам режалаштирилган. Бу ишларни 2021 йилда якунлаш кўзда тутилмоқда. Ана шунда комбинат таркибидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари яна бир неча баробарга ортади.

Мис эритиш заводида ҳам қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. 40 минг тоннадан зиёд сульфат кислотасини сақлашга мўлжалланган омбор қурилиши, ҳаво тақсимлаш цехидаги ҳар бирининг қуввати 15 минг метр кубни ташкил қилувчи “Hanwha” SM-6000 компрессорларининг ўрнатилиши шулар жумласидандир.

Биздаги маълумотларга кўра, мазкур цех жамоаси суткасига 40 минг тоннагача кислород ишлаб чиқаришга эришмоқда. Коронавирус пандемияси даврида республикамиздаги бу касалликни даволашга ихтисослаштирилган мавжуд тиббиёт муассасаларининг ушбу кислородга бўлган эҳтиёжини ҳисобга оладиган бўлсак, бу жараённинг аҳамияти янада ойдинлашади.

Бир сўз билан айтганда, белгиланган режа ва топшириқлар муттасил бажарилмоқда. Жорий йилнинг январь-июль ойларида меҳнат жамоаси томонидан мис катоди ишлаб чиқариш режаси 103,3 фоизга, олтин 101,6 фоизга, кумуш эса 135,2 фоизга бажарилди.

Бу ютуқларнинг барчаси комбинат ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимларининг мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрамига муносиб туҳфасидир.

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?