Оилавий муносабатларга дарз кетмасин, акс ҳолда...

22:07 01 Июль 2020 Сиёсат
264 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари комиссияси томонидан Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда «Пандемия даврида оилада соғлом муҳитни сақлаш: муаммолар ва ечимлар» мавзуида онлайн видеомулоқот шаклида давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, оила ҳар биримизнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Чунки ушбу муқаддас даргоҳда улғаямиз, камол топамиз, ўзлигимизни англаб етамиз. Шу боис, мамлакатимизда оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, айниқса, ҳозирги мураккаб шароит — коронавирус пандемияси даврида улардаги соғлом муҳитни асрашга янада жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки инсонлар пандемия сабабли, оилада кўп вақтини ўтказмоқда. Бу эса оила аъзолари орасидаги муносабатларни аксарият ҳолларда яқинлаштиришга хизмат қилса, айрим ҳолатларда чигаллаштириб юбормоқда.

Видеомулоқотда оилавий муносабатлар, кундалик ҳаётда учрайдиган келишмовчиликлар, қайнона-келин муносабатлари, йигит ва қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масалалари хусусида сўз юритилди. Қайд этилганидек, оиладаги носоғлом муҳит нафақат ҳуқуқбузарликлар, балки оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига ҳам шароит яратиши мумкин. Кейинги вақтларда мамлакатимизда оилавий муносабатлар чигаллашиши оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар рўй бераётгани бунга яққол мисолдир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун мутасадди ташкилотлар доимий ва узвий ҳамкорликда иш олиб бориши зарур. Шу билан бирга, жойларда ушбу йўналишда тарғибот ишларини янада кучайтириш лозим.

Тадбирда яна бир муҳим масала — оилавий зўравонлик, унинг оқибатларига тўхталиб ўтилди. БМТ маълумотларига кўра, оилавий зўравонликдан азият чеккан аёллардан бўлган телефон қўнғироқлари ўтган йилга нисбатан 60 фоизга ошган. Ишонч телефонларига қўнғироқлар беш баробар кўпайган. Оилавий зўравонликдан нафақат аёллар, балки болалар ва қариялар ҳам азият чекмоқда. Бу ҳақдаги маълумотлар Европанинг кўплаб давлатларидан олинмоқда. БМТ Фондининг шарҳларида келтирилишича, коронавирус сабабли изоляция чоралари яна ярим йил узайтирилса, дунёда яна 30 миллион атрофида зўравонлик ҳолатлари қайд этилиши мумкин.

Давра суҳбатида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ишларни тизимли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Ҳудудларда муаммоли оилаларга тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?