Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир

15:13 15 Май 2018 Жамият
1047 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Жамиятдаги ҳар қандай қусур ва камчиликларнинг илдизини аксар ҳолларда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитдан излаш нечоғли ўзини оқлагани каби кучли, барқарор ҳамда фаровон давлат тизими негизини ҳам, аввало, мустаҳкам оилалар ташкил этишини бугун тобора чуқур англаб етмоқдамиз. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллий ва маънавий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда оила институтини ривожлантириш, бу соҳада йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқ ҳамда муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари олдига долзарб вазифаларни қўяётгани бежиз эмас.

Кўплаб ижтимоий оғриқларга сабаб бўлувчи эрта никоҳларнинг жамиятимизда кузатилаётгани, ҳар йили ажралишлар сони 10-11 фоиз ошиб бораётгани, аёллар жиноятчилиги, вояга етмаганлар назоратсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарлиги кўп учраётгани, афсуски, айни ҳақиқатдир. Бундай нохуш манзараларга узил-кесил чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш учун, албатта, оилалар билан ишлаш тизимига ҳаётий, самарадор механизмларни жорий қилиш замон талабига айланди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони замирида ҳам, асосан, ана шу мақсадлар ўз ифодасини топган.

Мазкур Фармон билан “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ягона тизим сифатида Вазирлар Маҳкамасининг ҳузурида ташкил этилгани бугунги шиддаткор глобаллашув жараёнида ахборотлашган оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида муҳофаза қилиш ҳамда мустаҳкамлашга муҳтож экани ва ҳар қандай давлатнинг истиқболи оила мустаҳкамлиги билан чамбарчас боғлиқлигини яққол тасдиқлаб турибди.

Таъкидлаш жоиз, айни вақтга қадар оилаларни алоҳида ижтимоий институт сифатида мониторинг қилувчи ҳамда бу борадаги ягона сиёсатни амалга оширувчи давлат органи мавжуд эмас эди. Оилалар билан ишлаган ташкилотлар тарқоқ равишда фаолият юритарди. Масалан, маҳалла институти фақатгина маҳалла кесимида, хотин-қизлар қўмитаси аёллар масаласида, соғлиқни сақлаш тизими она ва бола саломатлиги йўналишида ҳамда шу каби бошқа қатор ташкилотлар ҳам ўз объекти тизимида давлатимизнинг оила сиёсатида иштирок этиб келарди холос.

Мутлақо янгидан шакллантирилган Марказнинг асосий вазифаси эса давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, парламент, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Ўзбекистон оилаларини мустаҳкамлаш ягона ғояси атрофида бирлаштириш, бу борада самарали давлат сиёсатини юритиш, мамлакатда фақат соғлом оила соғлом жамият устуни бўлиши тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига сингдиришдан иборатдир.

Биз ушбу мақсадлар йўлида етакчи олимлар ҳамда мутахассисларни, лозим бўлса, хорижий экспертларни Марказ фаолиятига кенг жалб қиламиз. Барча даражадаги оилалар ривожига тегишли масала ва муаммоларни илмий усулларда, амалий тадқиқот олиб бориш орқали таҳлилий ёндашган ҳолда ҳал этиш ниятидамиз. Албатта, бугунги замондаги турли таҳдидлар шароитида оилалардаги қийинчиликлар кўрсаткичлари аниқ масштабини аниқлаш, уларни ҳар бир ҳудуд кесимида, ҳудуднинг ўзигагина хос географик, этник-ижтимоий, тарихий, маданий-маърифий хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар тарафлама ўрганиш талаб қилинади. Оила мустаҳкамлигига эришиш, замонавий намунали оила моделини шакллантириш учун, биринчи навбатда, барча соҳадаги илмий ишланмалар ҳолатини инвентаризациядан ўтказиш ҳамда истиқболда амалга ошириш лозим бўлган фундаментал амалий ва инновацион илмий ишлар режасини ишлаб чиқиш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Ўзбекистон илм-фанида муайян ютуқлар бор, албатта. Кўпгина давлат ҳамда нодавлат, халқаро ташкилотлар грантлари орқали долзарб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаётган бўлса-да, олдинда бажариладиган изланишлар кўлами ҳали жуда катта. Айниқса, демография йўналиши бўйича илмий ишлар ва мутахассисларнинг етарли эмаслиги, оилавий психологларнинг деярли йўқлиги, шахслараро муносабатлар, оилавий тадбиркорлик, ижтимоий хизмат соҳасидаги зиддиятлар, уларни бартараф этишнинг илмий ечимларини топиш масалаларида тизимли фаолиятни йўлга қўйишимиз зарур. Шу пайтгача оила соҳасида олиб борилган илмий ишлар айнан ҳудудлардаги муаммоли масалалар билан уйғун эмас, шу сабабли аксарият тадқиқотлар ўзини оқламаган, яъни реал ҳаётга жорий қилинмаган.

Демак, бизнинг устувор вазифаларимиздан бири, бу — соҳадаги ҳақиқий илм соҳибларини атрофимизга бирлаштириш, долзарб изланишларга муайян ҳудудларга хос бўлган муаммолардан келиб чиқиб ёндашиш, тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этишда бош-қош бўлиб, оилалардаги қийинчиликларни бартараф қилишнинг илмий хулосаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалда қўллашдир.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида жорий йилнинг 9 апрель куни Тошкент шаҳрида илк бор Ўзбекистоннинг таниқли оилашунос олимлари, экспертлари, тадқиқотчилари, ҳуқуқшунослари, демографлари, психологлари, иқтисодчилари, социологлари, тарихчилари, диншунослари, шунингдек, прокуратура, адлия, ФҲДЁ органлари, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари, жами юз нафардан зиёд мутахассисларни бир даврага жамулжам қилдик.

Ушбу анжуманда Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатининг тамойиллари атрофлича муҳокама этилди. Маълум бўлдики, қилинган ишлардан кўра, амалга оширилажак ишларимиз кўп экан ва биз фақат бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳозирги кундаги муаммо ҳамда бўшлиқларни ҳал этишимиз мумкин экан.

Алалхусус, анжуман иштирокчилари билан “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ қилишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича истиқболдаги вазифаларни келишиб олдик. Хусусан, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ҳамда хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотларни мунтазам ўтказиб борамиз. Ўз навбатида, умуминсоний ҳамда миллий оилавий қадриятларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятга сингдириш масалаларига илмий-инновацион жиҳатдан ёндашамиз.

Анжуманда қатор халқаро ташкилотлар, чет эл давлатларининг оилашунослари қатнашгани эса оила — никоҳ муносабатлари соҳасидаги илғор хорижий амалиётни илмий таҳлилларга таянган ҳолда чуқур ўрганиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан узвий ҳамкорлик ҳамда тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасидаги дастлабки қадамларимиздан бўлди. Анжуман якунларига кўра, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясининг лойиҳаси тайёрланди ва яқин вақтларда қабул қилиниши мўлжалланмоқда.

Худди шунингдек, вояга етмаганларни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг моддий процессуал масалалари, ажралишларнинг олдини олиш, ёшларга оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий ҳамда психологик асосларини ўргатиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали замонавий намунали оиланинг мезонларини ишлаб чиқиш ва бошқа кўплаб мавзуларда нафақат пойтахтда, балки чекка ҳудудларда ҳам хонадонма-хонадон юрган ҳолда илмий изланишлар олиб борилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Маълумки, судлар томонидан қарор қабул қилинаётганида, энг аввало, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ҳамда болалар манфаатларини муҳофаза этиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чораларни кўриш, шунингдек, эрта ва қариндошлар ўртасидаги ҳамда шаръий никоҳларнинг олдини олиш, бу борада жавобгарликни кучайтириш бўйича “Оила” маркази масъул ходимлари томонидан Оила, Жиноят, Уй-жой, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари тегишли моддаларига ўзгартишлар киритиш юзасидан, “Медиация тўғрисида”ги, “Оилавий зўравонликка қарши кураш тўғрисида”ги ва “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаларига таклифлар берилди.

Фаолиятимиз бошланган қисқа давр ичидаги дастлабки илмий-амалий тадқиқотларимиз натижалари ёшларнинг оилавий турмушга тайёр эмаслиги, келинга қайнона ёки оиланинг бошқа аъзолари турли кўринишда зуғумлар ўтказиши, хотиннинг эр томонидан камситилиши, қудалар ўртасидаги тушунмовчилик, арзимас олди-бердилар ҳам ёшларни бир-биридан ажратиб юбориши, бошқа жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигидан далолат бермоқда. Демак, оила институтини мустаҳкамлаш учун аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тушунтириш-тарғибот ишларини шунчаки ҳисобот эмас, балки ҳақчил, тўғри ва самарали олиб бориш ҳаётий заруратга айланмоқда. Табиийки, бу “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказидан замонавий усул ва ёндашувларни амалиётга татбиқ этишни талаб қилади. Шу маънода, энг аввало, ёшларни, ўғил-қизларимизни нафақат жисмонан, балки ҳуқуқий, руҳий, маънавий, моддий тайёргарлиги масаласи ҳам ўта долзарб ва бу борада кенг қамровли изланишлар олиб боришимиз лозим. Жумладан, ёшларни турмушга тайёрлашни бола туғилишидан бошлаш кераклиги, таълим тизимига ахлоқшунослик, оила соҳасига йўналтирилган фанларни киритиш, турмушдан аввал ёшларни психологик жиҳатдан бир-бирига мутаносиблигини текшириш, тиббий назорат самарадорлигини ошириш, энг муҳими, турмуш қуриш учун қандай билимларга эга бўлиши лозимлигини никоҳ ёшидаги шахсларга етказишимиз даркор. Умуман, оила маданияти ҳамда маърифатини бутун умр мобайнида мустаҳкамлаб бориш лозимлиги принципини шакллантиришга эришишимиз зарур.

Албатта, фаолиятимизнинг энг устувор томони, бу — оилавий ажралишларнинг олдини олишга қаратилган. Бу йўналишда куни кеча Сирдарё вилоятида олиб борилган илмий изланишларимизни якунладик. “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг масъул ходимлари, фан докторлари, профессорлар ва фан номзодлари, илмий тадқиқотчилардан иборат 4 та ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятининг 4 та шаҳар ҳамда 7 та туманида хонадонма-хонадон юриб тадқиқотлар олиб боришди. Маълум бўлишича, вилоят аҳолиси мамлакат аҳолисининг 2,5 фоизинигина ташкил этади, бироқ бу ҳудуддаги ажралишлар республика кўрсаткичининг 4 фоизини қамраб олмоқда. Ёки вилоятда ажралишлар 2012 — 2017 йилларда 92 фоизга ошиб кетгани ҳолат ўта жиддий эканидан далолатдир. Кўриниб турибдики, бу борада олиб борадиган ишларимизни тубдан ўзгартиришимиз, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашнинг самарали таъсирчан усулларини ишлаб чиқишимиз ва бу масалага ўта масъулият билан ёндашишимиз шарт.

Шу билан бирга, ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолган оилалар ҳам Марказимизнинг доимий диққат-эътиборида туришини қайд этиш ўринли. Бу масалага Наманган вилояти мисолида мутахассисларимиз янгича инновацион ёндашувни жорий қилишга киришди. Хусусан, Тўрақўрғон туманидаги қатор муассасалар (ҳокимлик, соғлиқни сақлаш, бандлик, ФҲДЁ, ички ишлар, маҳалла ва бошқалар) билан ҳамкорликда аввал оилага кўрсатиладиган хизматлар комплекс ўрганиб чиқилди. Кейинги босқичда бу ахборот билан ишлаш юзасидан оила соҳаси мутахассисларига тренерлар ёрдамида мукаммал билим берилади. “Оила” маркази мутахассислари давлат ҳамда нодавлат ташкилотларига оилага хизмат кўрсатишни таъминлаб берувчи мутахассис сифатида яқинлаштирилади. Натижада қийин аҳволга тушган оилалар давлат хизматидан баҳраманд бўлади. Бу жаҳон амалиётида мавжуд тажриба бўлиб, ижтимоий иш касбига эга бўлган ходимлар фаолияти катта истиқболга эга. Бунда оила тўлиқ давлат ҳимояси ҳамда кўмаги билан таъминланади. Марказимиз ходимларининг вазифаси эса маҳаллаларда қийин аҳволга тушган оилаларни аниқлашда кўмаклашиш, уларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш, маълумотлари базасини тўплаш, маҳалла хизматчилари ва бошқа тегишли мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда давлат хизмати манзилли етиб бориши устидан мониторинг юритишдан иборатдир.

Бинобарин, ушбу йўналиш ва умуман, оилалар билан ишлашда барча соҳа мутахассислари керакли билим ҳамда кўникмага эга бўлиши керак. Айнан шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг Фармони билан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази зиммасига илк бор махсус ўқув курсларини ташкил этиш вазифаси юклатилди ва бу курсларда мутахассислар оила психологияси, оила маънавияти, ёшларни турмушга тайёрлаш, соғлом ҳамда мустаҳкам оила барпо этиш, мухтасар айтганда, оила соҳасидаги давлат сиёсатининг асослари бўйича мунтазам равишда билим, малака ва тажрибаларини ошириб боришади. “Оила” марказининг Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлар бошқармалари ҳузурида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажралишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар бўйича кадрлар малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш бўйича ана шундай махсус ўқув курслари эрта-индин ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

15 май — Халқаро оила куни муносабати билан жорий йилнинг 8 май куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишининг баёни билан Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оиланинг фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Унга мувофиқ, 10 — 17 май кунлари мамлакатимизда “Мустаҳкам оила ҳафталиги” деб эълон қилинди. Айни кунларда бутун республикамиз бўйлаб жойларда оилалар барқарорлигини таъминлашга қаратилган маънавий-маърифий учрашувлар, юзма-юз мулоқотлар, савол-жавоблар, викториналар, спорт-соғломлаштириш мусобақалари, илмий-амалий конференциялар, китобхонлик кунлари ва бошқа турли мавзулардаги тадбирлар ўтказиш авж паллага кирган.

Булар, албатта, қувонарли. Бироқ бугунги глобаллашув шароити ижтимоий-иқтисодий омиллар жуда тез ўзгараётган бир чоғда чинакам маънавият ўчоғи, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш манбаи — оилалар билан ишлашни тобора кучайтиришни тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил 7 февраль куни мутасаддилар иштирокида ўтган йиғилишда, Сирдарё ҳамда Наманган вилоятларига ташриф буюрганида ҳам соҳада ҳали амалга ошириш зарур бўлган қатор долзарб вазифалар турганига урғу берар экан, оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибор эканини алоҳида таъкидлади.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 7 миллионтадан ортиқ оилалар мавжуд. Уларда камолга етаётган болалар эса — эртамиз эгалари, келажагимиз. Ҳар бир оиланинг мустаҳкам бўлиши, уларда соғлом муҳит қарор топиши фарзандлар тарбиясида муҳим роль ўйнайди. Айниқса, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, ижтимоий барқарорликни кафолатлашда ҳам катта ўрин тутади. Шундай экан, бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўламини кенгайтириш мақсадга мувофиқ ва бу зиммамизга катта масъулият юклайди. 

Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар