Оҳангарон туманидаги барча давлат боғчалари очилади

10:54 23 Октябр 2020 Жамият
191 0

Жорий йилнинг 22 октябрь куни VI чақириқ Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгашининг навбатдаги XVI сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Оҳангарон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Сессияда 2020 йилнинг 18 октябрь куни Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашига бўшаб қолган ўринларга депутатлик сайловлари бўлиб ўтган эди. Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддасига мувофиқ Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши 18-Обиз сайлов округи бўйича бўшаб қолган ўринга депутатликка сайланган Умирзаков Шунқор Умарович ҳамда 23-сайлов округи бўйича бўшаб қолган ўринга депутатликка сайланган Абдуллаев Абдурасул Неъматовичнинг депутатлик ваколатлари эътироф этилди. Янги сайланган депутатларга депутатлик гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишони топширилди.

Шунингдек, сессияда туман Кенгаши раисини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ўртага ташланди. Депутат Абдуллаев Абдурасул Неъматович номзоди бир овоздан маъқулланиб, Кенгаш раислигига сайланди.

Сессия ишида тумандаги мавжуд мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар ва мусиқа мактабларининг пандемия талабларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолиятини бошлашга рухсат бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда туман ҳокимининг ўринбосари Мирзабек Ташбаевнинг ахбороти тингланди. Депутатлар мазкур объектларни пандемия шароитида фаолият бошлаши тўғрисидаги таклифни маъқуллашди.

Кун тартибидаги асосий масала – туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисида туман ҳокими Абдурасул Абдуллаевнинг ахбороти эшитилди.

Туманда 2020-2021 йиллар қиш ва баҳор ойлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан жами 2 444 тонна, шундан 1 131 тонна картошка, 615 тонна пиёз, 455 тонна сабзи ва 226 тонна гуруч маҳсулотларини захирага жамғариш режалаштирилган.

Асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш учун 6 млрд. 998 млн. сўм маблағ талаб этилади. Шундан 5 млрд. 462 млн. сўм ўз маблағлари, 1 млрд. 496 млн. сўм банк кредити ҳисобига амалга оширилади.

Маҳсулотларни захирага жамғарувчи 18 та ташкилот қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи 61 нафар фермер хўжаликлари билан маҳсулот сотиш ва сотиб олиш бўйича 2 млрд. 608 млн. сўмлик шартномалар имзоланди.

Бугунги кун ҳолатига жами 285 тонна, шундан 50 тонна картошка, 214 тонна пиёз ва 21 тонна гуруч жамғарилиб, режа 12 фоизга бажарилган.

Бу борадаги масала юзасидан бошқа сектор раҳбарлари ҳам ҳисобот бериб, ўз ҳудудларида озиқ-овқат захирасини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тўхталиб ўтишди.

Охирги масала – туман маҳаллий бюджетининг 2020 йил 2-ярим йиллигида шаклланган қўшимча манбаларидан жорий йил харажатлари учун маблағ ажратиш тўғрисида туман молия бўлими мудири Аброр Мергановнинг ахбороти ва таклифлари эшитилди.

Кўрилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?