“Ўғридан қўрқма, ҳисоб-китоби нотўғридан қўрқ”

11:35 09 Февраль 2019 Иқтисодиёт
674 0

Иллюстратив фото

Андижонда ўтказилган уч кунлик хронометраж тадбирларида савдо тушумлари салкам 120 миллион сўмга оширилди. Бу ҳақда вилоят давлат солиқ бошқармасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар берди.

Бугунги кунда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун солиқ юки пасайтирилиб, имкониятлар кўлами тобора кенгаймоқда. Жумладан, юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўловнинг миқдори 12 фоиз қилиб белгиланди. Шундай енгилликлар яратилганига яраша тадбиркорлик субъектлари белгиланган қонун-қоидаларга амал қиляптими?

Ушбу саволга Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган 292 та хронометраж тадбирида жавоб топилди. 150 нафар киши норасмий равишда ишлаётганлиги аниқланди.

Хусусан, Олтинкўл тумани “Qoʻshtepa saroy” МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган “Mubina grand tekstil” масъулияти чекланган жамияти ҳисоботларида 33 нафар ходим ишлаётганлигини кўрсатиб келган. Тадбир чоғида корхона 62 нафар ишчисига “конверт” усулида маош бериб келаётганлиги аён бўлди.

“Қўшимча ишчи” ўрни яратиб, уларни яшириш борасида “Oltinkoʻl universal savdo” маркази ҳам асло қолишмаган. Ҳужжатда 22 нафар ходим бор. Аммо 34 киши меҳнат қилаётганлиги аниқланди.

Нон — азиз неъмат, шунингдек, ҳалоллик рамзи ҳамдир. Уни тайёрлашда ёлғон, фириб аралаштириш — энг катта гуноҳ. Ittifoq маҳалласидаги “Oltinkoʻl non ishlab chiqarish” масъулияти чекланган жамияти эса ҳалолликдан кўра, даромад чўғини устун қўйди. Аслида 12 киши меҳнат қилаётган бўлса-да, жамият ўз ҳисоботларида фақат 1 нафар ходимни кўрсатган холос. 11 ишчига “конверт” усулида ҳақ тўлаб келган.

— Мана яна бир мисол, — дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Акромжон Очилов. — “Anjom” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси фойдани оширишнинг икки йўлини ўйлаб топган. Содда қилиб айтганда, давлат бюджетига тушиши керак бўлган маблағларни ҳам энидан, ҳам бўйидан “уриб” келганлиги тадбир давомида аниқланди. Биринчидан, корхона ишчилари сонини ўз ҳисоботларида 5 нафар деб кўрсатган. Аслида эса 23 киши меҳнат қилаётганлиги маълум бўлди. Иккинчидан, нақд пул тушуми ҳам чакки бўлмаган. Лекин ўзини гўёки “камтарона” савдо қилаётгандек тутган. Бир ҳафта олдин корхонанинг савдо тушуми 100 минг сўм бўлган, тадбир куни қарийб 50 баробар ошиб, 4 миллион 946,5 минг сўмни ташкил этди.

Яна бир қизиқ ҳолат. Марказда жойлашган ушбу умумий овқатланиш корхонасининг тўлов терминали бўлмаслиги мумкинми? Ўз манфаатини устун қўйиб, солиқдан қочадиганлар бунга ҳам чора топаркан. Бировникини худди ўзиникидек қилиб кўрсатишдан ҳам тап тортмайди. Корхонанинг тўлов терминали текширувдан ўтказилганда, у якка тартибдаги тадбиркор Абдулҳамид Мўминовга тегишли эканлиги аён бўлди.

Шунингдек, хронометраж тадбирларида савдо тушуми ўтган ҳафтанинг мос кунларига нисбатан “Darvoza savdo” масъулияти чекланган жамияти Қўрғонтепа шохобчасида 5 миллион 860 минг сўм, Асака шохобчасида 24 миллион 484 минг сўм, Избоскан шохобчасида эса 3 миллион 695 минг сўм ортди.

Умуман олганда, уч кунлик тадбир мобайнида 8 та тадбиркорлик субъектининг савдо тушумлари 122,9 фоиз ошиб, 119 миллион 868 минг сўмни ташкил этишига эришилди.

Халқимизда “Ўғридан қўрқма, ҳисоб-китоби нотўғридан қўрқ” деган гап бор. Қайси соҳада фаолият олиб бормасин, ўзини ҳурмат қилган тадбиркор, аввало, ҳисоб-китобини тўғри юритади. Шунда ўзи ҳам, эл ҳам, мамлакат ҳам наф кўради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019