Ўғил “Дамас” билан, ота пора билан ушланди

21:53 12 Февраль 2019 Жамият
832 0

Иллюстратив фото

“Халқ сўзи ONLINE”. Элёржон Эҳсонов/Фарғона. Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Фарғона вилояти бошқармасининг I тоифали инспектори М. Акбаров Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Боғдод тумани бўлимига ариза билан мурожаат қилди.

Унда таъкидланишича, 2018 йилнинг 19 октябрида ўзи фаолият юритаётган бошқарма ҳамда Бувайда тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари ҳамкорлигида қўшма рейд ўтказилган. Йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланаётган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбир давомида бувайдалик С. Т. ўзига тегишли бўлган “Дамас” автомашинасида амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда, аҳолига транспорт хизмати кўрсатаётгани маълум бўлган ва унга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, автомашина жарима майдончасига олиб кирилган.

Воқеанинг қизиғи эртаси куни содир бўлади. Йўловчи ташиш қоидасини бузган ҳайдовчининг дадаси У. Қ. Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармасининг I тоифали инспектори М. Акбаровга телефон қилиб, ўғлининг ишида “ёрдам” қилса, 500 минг сўм миқдорида “чойчақа” бериши”ни айтади. Агентлик ходими бу таклифни рад этгач, У. Қ. бошқа важларни келтира бошлайди. Гўёки жарима майдончасидаги автомашинани зудлик билан сотиши керак бўлиб қолганмиш ва шунинг учун “Дамас”ни майдончадан олиб чиқиш керакмиш. Фуқаро телефондаги суҳбати давомида М. Акбаровнинг “ҳожатбарорлиги”ни 100 АҚШ долларига баҳолайди...

У. Қ. деярли ҳар куни телефон қилиб, автомашинани жарима майдончасидан олиб чиқишда ёрдам беришини сўраб, М. Акбаровни ҳоли-жонига қўймайди ва табиийки, Агентлик ходими бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Боғдод тумани бўлимига мурожаат қилади.

26 октябрь куни У. Қ. Боғдод шаҳарчасига келиб, агентлик ходими билан холи жойда учрашади ва юқоридаги “хизмат” учун М. Акбаровга 100 АҚШ доллари миқдорида пора бераётган вазиятда қўлга олинади.

Жорий йилнинг 16 январь санасида жиноят ишлари бўйича Боғдод тумани суди биносида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан У. Қ.ни айблаш ҳақидаги жиноят иши кўриб чиқилди ва унинг жиноий қилмиши дастлабки тергов органи томонидан тўғри квалификация қилинган, деб топилди.

Суд судланувчига нисбатан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади. Шунингдек, М. Акбаровга пора тариқасида таклиф қилинган 100 АҚШ доллари давлат даромадига ўтказилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019