Одил Аҳмедов: “Хитой таомларига ўргана олмаяпман, уйда ўзбекча овқатлар пиширамиз”

15:07 05 Апрель 2019 Спорт
420 0

Футбол бўйича  Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Россиянинг “Известия” нашрига интервью берди. Унда Хитой ва Россиядаги ҳаёти, футболчилик фаолияти ҳақида сўзлаб берди, деб ёзади Спутник.

Маълумки, Одил Аҳмедов 2016 йилда Хитойнинг “Шанхай СИПГ” клубига ўтган эди. Ундан олдин 6 йил давомида Россия чемпионатида "Краснодар" ва "Анжи" жамоаларида тўп сурган.

Унинг айтишига қараганда, Хитойда уни жуда яхши кутиб олишган. Унга қулай бўлиши учун барча шароитлар яратилган. У хитойликларнинг дунёқарашини 3 йилда тушуна бошлаган, лекин баъзи нарсаларга ҳалигача ўргана олмаётган экан.  

“Хитой таомларига ҳалигача ўргана олмаяпман. Шу сабабли озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистондан олиб келаман. Уйда ўзбекча овқатлар пиширамиз” , - дейди Ахмедов.

У Олти йил давомида тўп сурган Россия чемпионатини ҳам илиқ сўзлар билан хотирлади.

“Россия чемпионатида ҳам олти йил умрим ўтди. Бу вақт менинг хотирамда футбол фаолиятимдаги энг ёрқин давр сифатида қолади. Россия жамоаларида менинг – Европа клубларида ўйнаш орзуим ушалди. Сизларда футбол мухлислари жуда зўр - улар ҳар доим менинг ёнимда бўлиб, қўллаб-қувватлашга тайёр эди. Бу хотиралар жуда қимматли”, - деди футболчи.

Одил Ахмедов ҳозир ҳам Россия премьер лигасидан таклифларни жон деб кўриб чиққан бўлишини билдирган. Унинг айтишича, ушбу мамлакатда аввалги даврлардагига қараганда  футболчилар маоши кескин ошган.

Эслатиб ўтамиз, икки йил олдин Аҳмедов ўзи туғилиб ўсган Наманганда футбол академияси очган эди. Яқин орада ушбу мактаб “Краснодар” футбол мактаби билан ҳамкорлик қилишни бошлайди.

“Мен учун академияни сифатли ривожлантириш жуда муҳим. Келажакда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқишини ва унинг таркибида мактабимиз тарбияланувчилари бўлишини истайман. Бу ҳар қандай пулдан ҳам қиммат туради”, - деди Одил Аҳмедов.

Футбол академияси очиш унинг ташаббуси бўлгани, кейинчалик эса уни “Пахтакор” жамоасидаги дўстлари қўллаб қувватлаганини ҳам таъкидлаган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019