Одамнинг боши — дарёнинг тоши

10:05 25 Май 2018 Маданият
104 0

"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида

Асосий меҳнат фаолияти давлат бошқарув идораларида кечган, иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир Умурзоқов анча йиллардан буён бадиий ижод соҳасида қалам тебратиб келаётганлиги ҳеч кимга сир эмасди. Лекин шундай бўлса-да, ижодкорнинг йирик эпик жанрда ёзган “Ойжамол” романи баъзилар учун, хусусан ушбу сатрлар муаллифи учун ҳам кутилмаган воқеа сифатида кутиб олинди.
Албатта, бундай китоб яратиш учун адабиёт соҳасининг вакили бўлиш шарт, деган қоида йўқ. Бу жабҳада профессионал ёзувчилардан ҳам ўтқазиб қалам тебратган ижодкорларни кўп кўрганмиз.
Китобга ҳужжатли роман жанрининг тайин қилингани асардаги воқеалар реал ҳаётдан олинганини англатади ва бу муаллиф зиммасига янада кўпроқ масъулият юклайди.

Китоб уч — “Ота”, “Ўғиллар” ва “Она” сарлавҳали қисмлардан иборат. Баҳодир Умурзоқов китоб сўз бошида ёзади: “Ёшлигимни эслар эканман, доим мени ҳайратлантиргани уйимизга узоқ-яқин жойлардан қариндошларимиз келишганларида, ота-онам улар билан нимагадир йиғлашиб кўришишарди. Ҳозир кўпчилик ўзаро кўришганда фақат хурсандчилик, ўйин-кулгу билан бир-бирини қарши олади. Демак, ўша замон машаққатлари оқибатида вужудга келган аянчли муҳит бунга сабаб бўлган”. 

Хўш, аждодларимиз босиб ўтган давр машаққатлари нималардан иборат? У кимларнинг тақдирига қандай таъсир қилди? “Ойжамол” китобида ана шу саволларга жавоб топасиз. Жавоб топасизу ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқарасиз, бугунги эркин замонга шукрона айтасиз.
Бир оиланинг тақдири ҳақидаги ҳикоятлар ўтган асрнинг 30-йилларидан бошланади. Ушбу хонадоннинг саркори Болтабой Икромовнинг қатағон гирдобига тортилган кунлардаги қисмат тафсилотини қадам-бақадам кузатасиз.
Болта Икромовнинг ҳолидан хабар олиш учун Ойжамол, укаси Шодиёр Самарқандга боришади. У ерга етиб бориш ҳам осон кечмади. Пахта ташийдиган юк машинасида Самарқандга етиб боргач, Шодиёрнинг дўсти Ҳабибулла билан қамоқхонада Болтабойни излашади. Биргина ана шу қидирувнинг тафсилотлари ўша қатағон даврининг аъзоб-уқубатини ифодалайди. Сўраб-суриштиришдан кейин билишса, Болтабой 18 йилга кесилиб кетибди. Ойжамол эрига олиб борган қути (ичида ўзи ёпган нон, жунли кофта, азалдан таниш қийиқча ва икки энлик хат) аниқ манзилига етиб борган лаҳзаларни ҳаяжонсиз ўқий олмайсиз.

Болтабойнинг қамоқдаги азоблари, у ерда инсон қадр-қиммати сариқ чақача ҳам эмаслиги аянчли манзараларда намоён бўлади. “Архипелаг Гулаг”нинг нақ ўзи. Энди қамоқда-ки шундай бўлса, озод юрган инсонлар ҳаёти қай аҳволда? Бечоралар бир бурда нонга зор, қайси хонадонда бир қучоқ ўтин бўлса, ундан бахтли одам йўқ.

Хуллас, Болтабой юртидан жуда узоқда, қамоқнинг аёзли ва зулматли бағрида вафот этди. Бекафан, беватан жон берди. Ёзувчининг айтишича, худди шу лаҳзада унинг уйига келин тушди. Ойжамол бу саодатли кундан қувончга тўлди, лекин бу шодлик ўрнини қайғу  босишига ҳали вақт бор эди. Китобхон Болтабойнинг бандаликни бажо келтирганидан хабардор, лекин ҳамон Ойжамол “Оталаринг соғ-омон етиб келса”, фарзандларнинг “Агар отам келса” деган сўзлари дилларга азобли туйғу соларди.

1941 йилнинг 22 июнида уруш бошланганлиги ҳақидаги хабарни қишлоқ аҳлининг қандай кутиб олгани ниҳоятда таъсирли лавҳаларда ифодаланган. Радиокарнайлардан совет ҳукуматининг баёноти ўқилганда уни қотиб тинглаганлар ҳаётлари иккига бўлинганлигини ҳис этишди. 
Биз кўпинча бахт — нисбий тушунча деймиз. Бир оиладан уч азамат ўғлини урушга жўнатган, ёстиқдоши турмада ётган бечора она ҳам бахтли бўлиши мумкинми?! Мумкин экан. Ўша азобли кунларда узоқ вақтли сукунатдан кейин, узоқ муддатли мавҳумликдан сўнг бир кунда бирданига ўғиллари Аҳмад ва Абдулладан соғинчли хат келиши, қисқа муддатга бўлса ҳам, Ойжамолни бахтли қилди. Ўзи ҳарф танимаса-да, нури дийдаларидан келган учбурчак мактубларни, ундаги ёзувларни кўзига суртди. Бу манзаралар тасвирланган саҳифаларни китобхон кўзга ёш олмасдан ўқий олмайди.
Абдуллани урушнинг охиригача кутишга ваъда берган Ҳалима иложсиз ҳолатга тушди. Унга икки жойдан совчи келиб, келин қилиш аҳдида қаттиқ туришди. Ҳалима бор гапни хат орқали Абдуллага етказди. Жанговар хизматдаги Абдулла уйланиб келиш учун командирдан рухсат сўрамоқчи эди. Шу лаҳзада бу ерга Воронеж фронти қўмондони Голиков кириб келди. Масала мавзуи билан қизиқди. Йигитга “Агар душман томонидан муҳим ҳужжатлар ва битта асир тутиб келсанг, таътил берамиз деди. Абдулла шериклари билан уч асирни тутиб келди. Генерал сўзида туриб, 34 кунга жавоб берди. Ўз юртига, оиласига, севимли ёрига интилган Абдулланинг Пайариққа етиб келиб, қандай кутиб олинганини ўзингиз тасаввур қилаверинг. 

Гарчи бир оилада меҳнатга муҳаббат руҳида, аниқроғи, ота-онаси топган ҳалол ризқни еб вояга етишган бўлса-да, уч фарзанд ҳаётдаги кутилмаган вазиятлар таъсирида тақдирнинг турлича кўчаларига тушиб қолар экан. Абдулла намунали хизматлари учун қишлоғига қаҳрамонлардек келган бўлса, Аҳмад ҳаёт-мамот жангида қаттиқ жароҳат олиб, бедарак йўқолади ва яхши одамлар қўлида дардига малҳам топади. Акбар эса ҳушсиз ҳолда душман қўлига асир тушади.

Урушга кетганларни қисмат деб билиш мумкин. Лекин икки ёш келинларнинг Каттақўрғон сув омбори қурилишига мажбуран сафарбар этилганига нима дейсиз. Мустабид замон халқимиз боши узра тегирмон тоши юритмаган, деб ким айта олади.
Романдаги воқеалар бир неча планда давом этади. Бир боб қишлоқдаги оила аҳволини баён этса, кейингиси Абдулланинг урушдаги жасорати ҳақида ҳикоя қилади. Навбатдаги боб асир тушган Акбарнинг мушкул ҳолати ҳақида, бошқа бобда эса оғир ярадор бўлиб танг ҳолга тушган Аҳмаднинг қисмати ҳақида маълумот беради. Китобхон манзаралар алмашиб турган ҳар бир бобга ўтганда воқеалар ривожи қай тарзда кетишига қизиқади. Шу аснода инсон тақдири нақадар мураккаб эканлигига иймон келтирасиз. Тасодифни қарангки, немисларга асир тушган инсонлар тақдирини ҳал қилиш Абдулла Икромов бошлиқ комиссияга топшириладию, унинг қўлига туғишган акаси Акбарнинг ҳужжати тушади. Бир ота-она фарзандлари, жигаргўшалар ўша лаҳза мустабид замоннинг тартибига биноан рус тилида суҳбатлашишади. Шу ҳол муаллиф томонидан ажиб маҳорат билан баён этилади. 

Мустабид тузумнинг ўйинлари бу билан тугамайди. Комиссия аъзолари, жумладан Абдулла Икромов ҳам қанчадан-қанча асирларнинг тақдирини ҳал қилганидан сўнг улар ўтирган автомашина портлатиб юборилади. Абдулланинг урушдан кейин ҳалок бўлганлиги ҳақидаги қорахат Ҳалимани қайғуга солади. Бу шум хабарни эшитган Ойжамол эси оғган одамдек гандираклаб гурс этиб ерга йиқилади.
Уруш тугагандан уч йил ўтгач, не-не азобларни бошдан кечирган Акбар Иркутскда қамоқдан озод бўлиб чиқди. Бу орада Неъмат деган ногирон киши “Энди Акбар қайтиб келмайди, мен Санобарга уйланаман” дея хонадонга келади. Ниҳоят Санобар ўша киши билан никоҳдан ўтади. Акбар уйга етишига оз қолганда Санобарнинг тўйи бўлаётганини эшитди. Уйга келиб, аравада узатиш учун йўлга тушаётган Санобарни олиб қолишга улгурди. 
Санобар билан Акбар олтита фарзанд кўришди.

Дориламон кунлар бошланди. 1991 йил Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганда Ойжамол 88 ёшда эди.
Китобнинг пировард маррасидаги воқеалар шиддат билан кечади. Ҳеч кимнинг хаёлида йўқ Аҳмад Белоруссиядаги яхши одамлар қўлида ўлимларни доғда қолдириб, Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Икромовларнинг куёви, Ижтимоий таъминот вазири (яъни муаллиф) хабар топади. Амакини машинага ўтирғизиб, Пайариқдаги 93 яшар онаси Ойжамол билан учраштиради. 57 йил, 3 ой ва 15 кун деганда она-бола учрашади. Аҳмад ўз оиласида, қариндошлари бағрида боқий дунёга йўл олади. Китобнинг сўнгги сатри шундай тугайди: “Қишлоқда тонг ёриша бошлаганда, Ойжамол вафот қилди”. 
Бир оиладаги инсонларнинг тақдир йўлидаги булутли ва офтобли кунлари ҳужжатли роман сюжетининг асосий мазмунидир. Унда хонадон бекаси — Ойжамолнинг бошидан кечирганлари китобхон онгу шуурида муҳрланади. Романдаги лавҳалар нафақат Ойжамолнинг, балки юртимиздаги оддий ўзбек хонадонининг қисматини акс эттирган, десак ишонаверинг. Мустақиллик давригача бўлган уқубатлар ҳақида ўқиганимизда бугунги дориламон кунларнинг бебаҳо эканлигини янада ёрқин англаймиз. Озодлик, эркинлик, ҳурлик сийму зарга алмашмайдиган бойлик эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Бу китобни, айниқса, ёшларимиз ўқишса, айни муддао бўларди.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар