Одамлар рози бўлган жойда қут-барака бўлади

09:35 23 Май 2018 Жамият
229 0
Фото: president.uz

Давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш, жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 19-20 май кунлари Андижон вилоятига қилган ташрифини юртдошларимиз оммавий ахборот воситалари орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Айниқса, Президентимизнинг вилоятда 50 мингта янги иш ўринлари яратиш белгиланганлиги ҳамда шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш кўзда тутилгани борасида билдирган фикрлари андижонликларни тўлқинлантириб юборди. Эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Буни улардан айримларининг қуйидаги дил сўзларидан ҳам билиш мумкин.

Розияхон ОТАБЕКОВА,
Андижон туманидаги “Milana textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Дастлаб ўз хонадонимда беш нафар ишчи билан тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик. Ўтган йиллар мобайнида фаолиятимизни муттасил кенгайтириб боришга ҳаракат қилдик. Бунда халқаро тажрибани чуқур ўргандик. Маҳаллий ҳокимият кўмаги билан фойдаланилмаётган уч қаватли бинони мукаммал таъмирлаб, замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этдик. Айни пайтда корхонамизда 220 нафар хотин-қиз меҳнат қилаяпти. Улар томонидан тайёрланаётган 20 турдан ортиқ бежирим либосларнинг 80 фоизини экспортга йўналтирмоқдамиз. Мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзлар муваффақиятларимизнинг ягона омили бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг корхонамизга ташриф буюриб, ютуқларимиз билан танишиш чоғида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури концепциясини вилоятимизда татбиқ этиш борасида билдирган таклифлари ҳаммамизни руҳлантириб юборди.

Айни пайтда вилоятимизда 738 мингта оила мавжуд. Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу ғоя рўёбга чиқарилиши билан шунча хонадон доимий даромад манбаига эга бўлади. Аслида, биз, андижонликлар азалдан меҳнаткаш ҳамда тадбиркормиз.

Муҳаммаджон ДАДАЖОНОВ,
Асака туманидаги “Сабо ҳамкор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2-3 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Асака туманида гидропоника усулида банан ва помидор етиштириш лойиҳаси тақдимотини қилган эдик. Ўшанда Президентимизнинг мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаши менга катта куч-ғайрат бағишлади. Натижада қисқа вақт мобайнида замонавий иссиқхона мажмуасини ишга туширдик. Ушбу мавсумнинг ўзида 1 гектар майдонда барқ ураётган помидор кўчатларидан 300 тонна ҳосил олиш ҳамда қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштираяпмиз. 2 гектарлик бананзор мамлакатимизда ягона бўлиб, унинг барпо этилиши импорт ҳажмини қисқартириб, экспорт фаолиятини йўлга қўйишга хизмат қилади. Биз парваришлаётган бананнинг пакана нави турдошларидан дастлабки йилнинг ўзида мева бера бошлаши билан фарқланади. Ширинлиги ва қувватлилик даражасининг юқорилиги билан ажралиб туради. Айни пайтда иссиқхонамизга 5000 туп кўчат экилди. Уларнинг ҳар биридан 50 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Яъни шу йилнинг ўзида 400 минг АҚШ долларигача даромад кўрамиз. Индонезияда ўсувчи бу ўсимлик тез кўпайиши билан ҳам аҳамиятлидир. У ҳар йили бештагача кўпаяди. Демак, келгуси йили боғимиз 5 баробар кенгаяди.

Давлатимиз раҳбарининг иссиқхонамизга ташриф буюриб, фаолиятимизни янада кенгайтириш борасида билдирган тавсиялари зиммамизга катта масъулият юклайди. Қолаверса, Президентимизнинг биз каби тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, истиқболли лойиҳаларимизни амалга ошириш учун яқиндан кўмак бераётганлиги барчамизни янада шижоат билан меҳнат қилишга ундади. Янги режалар эса янги марралар сари етаклайди. Демак, муваффақиятларимиз ҳали олдинда.

Шарофатхон ОБИДОВА,
Улуғнор туманидаги “Шаҳриобод” МФЙда истиқомат қилувчи уй бекаси:

— Баъзан эрта тонгда деразадан ташқарига қарайман. Озода, саранжом кўчалар, чаман очилган гуллар, болалар кулгисидан файзга тўлган майдонча, замонавий, кўркам уйимиз, қўйингки, бизни ўраб турган мана шу манзаранинг гўзаллигидан кайфиятим кўтарилади. Боиси Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳалламиз қиёфаси қисқа фурсатда таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Ҳудудимиздаги мавжуд 24 та кўп қаватли уй, болалар боғчаси ҳамда мактаб капитал таъмирдан чиқарилди. Тураржой томлари янгиланиб, шифер билан қопланди. Ёритиш чироқлари ва дам олиш ўриндиқлари ўрнатилди. 7,3 минг квадрат метр майдонга бетон қоплама ётқизилди. Келгусида 150 ўринли тўйхона, ҳаммом, савдо марказлари, қандолатчилик ҳамда тикувчилик цехлари барпо этилиб, янги иш ўринлари яратилар экан. Энг муҳими, дунёқарашимиз, ҳаётга бўлган муносабатимиз ўзгарди. Энди биз ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзосимиз. Самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

«Халқ сўзи» мухбири
Саминжон ҲУСАНОВ
ёзиб олди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар