Одамлар нима дейди?

17:35 11 Февраль 2019 Жамият
340 0

“Халқ сўзи Online”. Умид Сориев/Самарқанд. Нурободнинг “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи ёнгинасида Уйруғул деган қишлоқ бор. Қарийб икки юзга яқин хонадонларда бугун 1700 дан ошиқ фуқаролар истиқомат қилади. Қишлоқ аҳли чорвадор. Лалмикор деҳқончилик билан ҳам шуғулланишади. Сўнгги йиллардаги глобал иқлим ўзгаришию табиат инжиқликлари бу ердаги деҳқончилик муҳитига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Чунки тирикчилиги деҳқончилигу чорвачиликдан бўлган мана шу қишлоқ тоғлари бир пайтлар ёзнинг чилласида ҳам қорга бурканиб, сойларидан пишқириб сувлар оқарди. Бугун эса қишлоқ аҳлини кўпгина ижтимоий муаммолар сингари электр энергия, суюлтирилган газ, йўл инфратузилмаси ва энг асосийси — тоза ичимлик суви муаммолари қийнаб келмоқда.

Сув муаммоси қачон ҳал бўлади?!

— Туманимиз ҳокими 9 та ҳудудга сектор раҳбари, сиз айтаётган “Оқсой” МФЙга қарашли “Уйруғул” қишлоғи ҳам шу ҳудудга киради, — дейди туман ҳокими ўринбосари Самат Элмуродов. — Белгиланган “Йўл харитаси” бўйича фуқароларимиз томонидан билдирилаётган муаммо ва камчиликларни иложи борича ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Ичимлик суви масаласида, тан олиш керак, бу қишлоқдан-да оғир ҳудудларимиз ҳам бор...

Қишлоқда аҳолини қийнаётган энг катта муаммо, бу — тоза ичимлик сувидир. Фуқаро Асалой Элмуродованинг айтишича, бор-йўғи, биттагина артезиан қудуғи номигагина мавжуд. Оқибатида одамлар сойдаги лойқа сувни тиндириб ичмоқда. Тоғдан жилдираб оқаётган бу сув ҳам бир ойдан сўнг тўхтаса, кейин сувни қўшни қишлоқлардаги артезианлардан пул сарфлаб транспортда ташишга мажбур бўлишади.

Энг ачинарлиси, улар анча йиллардан бери шу муаммолар гирдобида яшаб келмоқдалар. Оқар сувнинг бир жойда тўпланиб қолиши, ифлосланиши оқибатида эса ҳудуд биологик мувозанати тобора бузилмоқда. Натижада бу ерда гепатит (сариқ) касаллиги авж олган. Мазкур хасталик, айниқса, ёш гўдакларда кўп учрамоқда.

Қишлоқдаги 12-мактаб қоровули Миржалол Имомов бир лойиҳани анчадан бери ўйлаб юрганини айтиб қолди. “Агар сектор раҳбарлари ёрдам беришса, ўзимга қонуний хусусийлаштириб берилган собиқ эски мактаб ҳовлисидан артезиан қудуғи кавлашим мумкин. Буям ҳарна-да”, дейди у киши.

Шамол бўлмаса...

— 34 йил мактабда дарс бердим, — дейди нафақадаги адабиёт ўқитувчиси Ислом Худоёров. — Бизни электр таъминотидаги муаммолар қийнаяпти. Кундузи ўчади, кечаси ёнади. Трансформаторлар эскирган. Ток паст. Қаттиқроқ шамол бўлса, ўчади-ю, кейин умуман ёнмайди. Баъзида кечалари шам ёқиб бўлса ҳам невараларимнинг дарс тайёрлашига кўмаклашаман. Кўзим ўтмайди. Қийналаман. Юрагим эзилиб, дардимни ичимга ютаман. Яқинда “Оқсой” МФЙда туманимиз ҳокими аҳоли билан сайёр йиғилиш ўтказиб, муаммоларни муҳокама қилибди. Айтишларича, электр симларию трансформаторлар янгиланармиш...

Газ баллони неча литрлик?

Ҳайдовчи Шомурод Худоёровнинг гапига қараганда, қишлоққа ҳар икки ойда келадиган суюлтирилган газ миқдори ва нархида ҳам номутаносиблик бор. Биринчиси 40 литрлик баллондаги газ миқдорининг 30 литр ҳам чиқмаслиги бўлса, иккинчиси нақд 21 минг сўмдан санаб олаётган газ таъминоти ходимининг 19 минг ёзилган қайд китобига имзо қўйдираётганида. Мабодо, кимдир эътироз билдириб қолгудек бўлса, хуноби ошган газ тарқатувчи бошини чангаллаб, йўлнинг узоқлигию сифатсизлиги билан баҳсга якун ясаб қўя қоларкан.

Туман газ идорасининг раҳбари Аслиддин Юнусовнинг айтишича, туман бўйича қарийб 15 минг хўжалик бўлса-да, уларнинг ихтиёрида, бор-йўғи, 4 та суюлтирилган газ ташувчи машина мавжуд. Ҳудуд жиҳатидан жуда катта бўлган Нурободга атиги тўртта машина кам эканлигини тан олган мутасадди, қиш мавсумида газ таркибидаги конденцат оғир бўлишини, музлаши оқибатида парланмаслиги ва пастга чўкишини айтади. Ажабки, ташкилот раҳбарининг ходимлари 40 литрли суюлтирилган газ баллони учун қишлоқ аҳолисидан 19 минг сўм ўрнига 21 минг сўмдан ҳақ олаётганидан хабари йўқ экан. Лекин келгусида бу масалани чуқур ўрганиб, айбдорларга чора кўришга ваъда берди.

Томи чўкаётган уй

Тақдир юкидан увоққина бўлиб қолган Фазилат Расулованинг омонатдек уйи бийдек даланинг ўртасида. Уй остонасидаги уч туп яланғоч дарахт қадоқ қўлларини кўкка чўзиб хитоб қилаётган манзарани эслатади. Атиги иккита мўъжазгина хонадон. Бирида келини ва ўғли яшаса, иккинчисида бўй етиб қолган икки қизи билан ўзи яшайди. “Дард устига чипқон” деганларидек, катта қизи ҳам яқинда турмушидан ажраб қайтди. Оиланинг шу қадар ночор ва кам таъминланганини уларнинг яшаш шароитидан англаш қийин эмас. Рўзғор харажатлари ўзининг 220 минг сўмлик пенсиясию ўғлининг кунлик ёлланма ишлардан топаётган даромадидан қопланади. Доимий иш бўлмагач, чорасиз одам нима қилсин? Буям бугун бўлса, эртага йўқ.

— Келиним оғироёқ, битта ўғилчаси қўлида, ўзим касалмандман, дори-дармон керак, ўғлимнинг қўли калта, руҳан ожиз, нима қилай, — дейди онахон зорланиб. — Кредит сўраб мурожаат қилай десам, ҳолим йўқ. На ҳоким, на унинг ўринбосарлари ҳолимиздан хабар олмайди. Хайрият, яқинда маҳалладан Гулсин Мустафоева исмли аёл турмуш тарзимизни ўрганиб, ҳол сўраб кетди. Президентимиз раҳбарларга “Қуйи бўғинга тушинглар, одамлардан хабар олинглар, уйма-уй юринглар, дарду ҳасратларига қулоқ тутинглар”, деяпти-ку ахир! Нега остонамга ҳеч ким келмайди? Суюлтирилган газ олиш учун шартнома тўловига 119 минг 500 сўм пулни қаердан олай! Мана, ўтинга овқат ва уйни иситиб ўтирибмиз.

Яқинда келиним ва ўғлим туман ФҲДЁсига никоҳини қонуний расмийлаштириш учун боришса, беш юз минг сўм атрофида тўлови борлигини айтишибди. Бу пулни биз қаердан оламиз?! Ўзи зўрға кун кечираётган бўлсак...

70 та аёл қатнаб ишлайди

— Қишлоғимизда етмишга яқин аёл доимий иш билан таъминланган, — дейди “Оқсой” МФЙда хотин-қизлар бўйича мутахассис бўлиб ишловчи Гулсин Мустафоева. — 40 та аёл Самарқанд шаҳридаги 8-Март фабрикасида ишлаб, ўртача 500 — 600 минг маош олади. 30 га яқин хотин-қизларимиз эса пойбзал ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Миронқул” МЧЖда фаолият кўрсатади. Улар ҳам ўртача 800 — 900 минг атрофида маош олади. Барчаси ўз корхоналари томонидан таъминланган автобусларда ишга қатнашади. Агар ўзимизда, яъни қишлоғимизда давлатимиз раҳбари таъкидлаётганларидек, ишлаб чиқариш шароитлари яратилса, тикувчилик, касаначилик ва шунга ўхшаш тадбиркорлик субъектлари иш бошласа, нима кераги бор эди уларнинг қатнаб ишлашининг? Бу ҳақда тегишли мутасаддилар, сектор раҳбарлари ўйлаб кўришса, нур устига аъло нур бўларди.

Қишлоқ врачлик пункти йўқ. Болалар боғчаси йўқ... Ҳатто тўп тепадиган оддий майдони йўқ қишлоқ ёшлари қўшни қишлоққа футбол ўйнагани кетаётганини кўрдим, десам ишонасизми? Аҳоли эса маданий ҳордиқни ўшшайган тоғлар ва ложувард осмонда сузиб юрган булутларга қараб чиқараркин, десам-чи?

Хуллас, “Оқсой” МФЙ га қарашли “Уйруғул” қишлоғида одамларни қийнаб келаётган муаммолару уларнинг жавобсиз саволлари жуда ҳам кўп экан. Хўш, ушбу масала юзасида мутасадди сектор раҳбари нима деркан?


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019