Одамлар бардошини синаш эмас, уларга амалий кўмак зарур

12:02 05 Август 2019 Жамият
646 0

Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади, деб таъкидлаган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев. “Оёғи ердан узилган” айрим раҳбарларнинг эл-улус тақдирига эътиборсизлик билан ёндашуви аҳолининг ҳақли эътирозларига, норозилигига сабаб бўлади. Буни мамлакатимизнинг турли ҳудудларида давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер участкалари олиб қўйилган ҳамда уй-жойлари бузилган фуқароларнинг мурожаатлари ҳам тасдиқлаб турибди. Давлатимиз раҳбари ушбу масала бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида учта вилоят ҳокимини қаттиқ танқид остига олди ва уларга аҳолидан узр сўрашни тайинлади.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев фуқаролар билан учрашиб, ўз хатоларини тан олиб, аҳолидан узр сўради.

Халқимиз ориятли, номусли ва шу билан бирга, кечиримли. Раҳбарларнинг бундай ўзбошимчаликларидан жабр кўрган аҳоли ҳақиқат жойида қарор топгани, қонун устуворлиги таъминланганини таъкидлаб, моддий ва маънавий кўмак берилаётгани учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Саъдулла ТЎРАЕВ,

(меҳнат фахрийси, “Ашхобод” маҳалласи):

— Янги уйни қурмай туриб, эскисини бузма, деган нақл бежиз айтилмаган. Аслида маҳалла аҳли янги уйларни тиклаб, кўчиб киргандан кейин эски ҳовлиларни бузиш мақсадга мувофиқ эди. Шу ерда сал шошма-шошарлик бўлди ва маҳаллий раҳбарлар халқ ичига кириб бориб, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш, муаммоларга ечим топиш ўрнига ўзлариничетга олишди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни унутишди.

Вилоят ҳокими маҳалламизга келиб йўл қўйган хатолари, вазиятга эътиборсизлик билан ёндашгани учун биздан узр сўради, барча масалаларни оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб ечишга ваъда берди. Менимча бу воқеа барча ҳокимлар учун ўзига хос сабоқ бўлди. Эндиликда ҳар бир раҳбар бундан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятини янгича ташкил этади ва халқимиз бу ўзгаришлардан рози бўлади.

Қуронбой САФАРОВ,

(“Ашхобод” маҳалласи):

— Гарчи шароити оғир бўлса ҳам ўзи туғилиб ўсган, киндик қони томган масканда муқим яшаш, бошқа жойга кўчиб кетмаслик халқимиз менталитетига хос хусусият. Қўни-қўшнилар ўртасидаги муносабатлар, ўзаро борди-келдилар бизни маҳаллага мустаҳкам ришталар билан боғлаб туради. Ҳовли-жойларнинг бузилиши нафақат моддий, балки маънавий-руҳий жиҳатдан ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди, албатта.

Ана шундай бир шароитда уйларни бузишни аҳолини рози қилиб, қонун доирасида, пухта режа асосида амалга ошириш керак. Тадбиркорлар ва хорижий сармоядорлар иморатлар қуриш учун бўш ерларни танласалар мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда турли кўнгилсиз воқеалар юз беришининг олди олинади.

Фарзандларим, набираларим билан янги иморатимизни тиклаяпмиз. Нима муаммо бўлса маҳалла ҳудудида ташкил қилинган қурилиш штабига мурожаат қилсак, дарров ҳал қилиняпти. Одамларнинг кайфияти яхши, насиб қилса, кузда маҳалламизда ҳовли тўйлари бир-бирига уланиб кетади.

Умид БЎРИЕВ,

(тадбиркор, Урганч шаҳри):

— Маҳаллий раҳбарларнинг меъморий режалаштириш борасида узоқни ўйламасдан иш юритиши, баъзида ҳокимларнинг айрим гуруҳларнинг бизнес манфаатларидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилиши туфайлитадбиркорларнинг кўчмас мулкларини зўравонлик билан бузиб ташлаш, камига компенсация ҳам тўламаслик ҳолатлари мавжуд эди. Айниқса, бозорлар ҳудудида бунақа “қайта қуриш”лар тез-тез амалга ошириларди. Урганч тумани буюм бозори ҳудудида жойлашган 80 дан ортиқ савдо дўконимиз ва умумий овқатланиш шохобчамиз ҳам“снос”га тушган. Аммо орадан анча муддат ўтган бўлсада, бузилган мулкларимиз учун ер ажратиш масаласи ҳал этилмади. Бизнесимиз касод бўлди, корхонамизда ишлаб рўзғор тебратаётган қанча ходимларимиз ишсиз қолди. Ачинарлиси, бузилган дўконлар ўрни 4 йилдан буён ташландиқ ҳолатда ётибди. Маҳаллий ҳокимлик ушбу ер майдонини яна ўзимизга хатлаб берса, бу жойларни обод қилиб, юзлаб янги иш ўринлари очишга тайёрмиз.

Президентимизнинг2019 йил 3 августда қабул қилинган “ Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши “снос” туфайли моддий зарар кўрган ва кўчмас мулки тақдиридан юрак ҳовучлаб ишлаётган тадбиркорларнинг дардига малҳам бўлиб, эртанги кунга ишончини, бизнесга иштиёқини оширди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2019 йил 5 августдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларинингер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкларини бузиш ишлари Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан амалга оширилади.

Хоразмга хорижий инвестицияларни олиб келиш учун қанча саъй-ҳаракатлар қилиняпти. Аммо мулк ҳуқуқи кафолатланмаса, очиғи инвестор ҳам сармоя тикишга иккиланади. Вилоятимиз ҳокими фуқароларнинг тураржойлари ва тадбиркорлар кўчмас мулкларини бузишда йўл қўйилган хатолар учун аҳолидан узр сўради. Мутасадди раҳбарлар ўз айбини тушуниб, етарли хулоса чиқариб олдилар. Ишонамизки, давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер участкаларини олиб қўйишда энди бундай номаъқулчиликларга йўл қўйилмайди ва тадбиркорларнинг қонун билан кафолатланган мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланади.

Равшан МИРЗАЕВ,

Риштон туманидаги

“Чинигарон” маҳалла фуқаролари йиғини фаоли:

— Куни кечаўтказилганвидеоселекторда президентимиз Хоразм, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ҳокимлари ва қурилиш ишларига масъул идора раҳбарларини “снос” ишларида ортиқча манманлик, бировни менсимаслик, Президент сиёсатини нотўғри талқин қилганлигиучун қаттиқ танқид қилди.

Фарғона вилоят ҳокимининг Риштон халқи билан учрашиб,кенг жамоатчилик билан юзма-юз суҳбутлашишини, улардан чин дилдан кечирим сўрашини, очиғи, биз кутмаган эдик. Халқ билан келишиб, оқсоқоллар билан бамаслаҳат иш қилиш бугун замон талаби эканлигини энди айрим оёғи ердан узилган раҳбарлар ҳам англаб етадилар деган умиддаман. Биз, риштонликлар адолат қарор топиб, “снос”лардан азият чеккан аҳолига зарур моддий ва маънавий кўмак берилаётганидан бошимиз кўкка етди.

Манзура ШОКИРОВА,

(тадбиркор, Риштон тумани):

— 20йилда Риштон марказий деҳқон бозорида 6 марта қурилиш ишлари олиб борилди. Бозор қирғоғидаги иккита дўконимни шу йиллар мобайнида 3 марта бузибқайта қурдим. Орттириб бирор йирикроқ ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўя олмадик. Туман марказидаги қурилишлар ва “буз-буз”лардан зада бўлганмиз. Энг қизиғи, бозордагидўконларнингқонунда белгиланган тартибга амал қилмай, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз, компенсация пулларисиз бузиб юборилганлиги ва ўз фикрини очиқ баён қилганларга турли таъзийқлар бўлганлиги бор гап.

Вилоят ҳокими ҳамда қурилиш ишларига масъул идора вакилларининг халқдан кечирим сўраши, очиғи, мени ҳайратлантирди. Энди улар ҳам пастга тушиб, бизнинг дардимизни тинласалар, йиллар мобайнида қийнаб келаётган муаммоларимизни бартараф этишга кўмаклашсалар, шу юрт ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшишдан ҳеч қачон чарчамаймиз. Ҳафсаламиз пир бўлмайди.

Олим ЭРГАШЕВ,

(меҳнат фахрийси, Яккабоғ тумани Ибн Сино маҳалласи):

— Халқимизда “бирники мингга, мингники миллионга” деган гап бор.Хизмат вазифасида ўтирган бир ноинсофнинг катта-кичик билан маслаҳатлашмасдан, мулк эгаларининг розилигини сўрамасдан туриб, нотўғри ҳаракатлари оқибатида келиб чиққан тушунмовчиликлар учун вилоят раҳбариятининг халқ олдида юзи шувут бўлди.

Президентимизнинг куни кеча ўтказган ведиоселектор мажлисида учта вилоят раҳбарига бўлган танқидий фикрлари барча ҳокимлар учун ибрат бўлди, албатта. Шундан кейин вилоятимиз ҳокими Зафар Рўзиев туманимизга келиб, уйи бузилган, дўкони бузилган одамлар билан учрашдилар, улардан шахсан узр сўрадилар.Халқимизнинг руҳини кўтариш кераклиги, уларга кўмаклашиш раҳбарларнинг асосий вазифаси эканлигини айтдилар.

Ҳақиқатан ҳам, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу ишларнинг устида турган мутасаддилар ўзларининг уйи бузилганида қандай аҳволга тушар эди. Шунинг учун ҳақиқий раҳбар халқ билан ишлаётганда уларнинг ташвишини, аввало, ўзи ҳис қилиши, уларнинг ўрнига ўзини қўйиб кўриши керак. Ахир уй-жой бўладими, дўкон бўладими,умуман, мана шу мулк учун бир оила бутун умрини бағишлаганку!

Президентимиз қайта-қайта уқтирганидек, нимаики иш қилсак, аввало, халқнинг розилигини олиб, кейин амалга оширишимиз лозим. Зеро, эзгу ва хайирли ишларнинг барчаси халқ дуоси ва розилиги билан бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?