Одам савдоси жабрдийдалари бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатли ҳимоя қилинади

15:44 11 Июнь 2020 Сиёсат
252 0

БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноят ташкилотчилари томонидан олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси шундаки, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда, қул қилинмоқда.

Мамлакатимизда ушбу долзарб муаммоларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 11 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.

2019 йилда одам савдоси сифатида квалификация қилинадиган ҳаракатлар устидан тушган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, бундай қилмишларнинг 86 фоизи хорижий давлатлар ҳудудида содир бўлган. Амалдаги қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар фуқароларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлашда бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди.

Эътиборлиси, лойиҳада юқоридаги камчиликларнинг олдини олишга қаратилган нормалар, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муҳим тамойиллар ўз аксини топган.

Халқ вакиллари қайд этганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши одам савдоси жабрдийдалари бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?