“Очиқ жануб” 429,7 млн. долларга тенг бўлган 76 та шартнома имзоланди

16:45 23 Сентябр 2019 Жамият
172 0

21-22 сентябрь кунлари Термиз шаҳрида Open South International Business Forum II бўлиб ўтди. Унда Россия, Туркия, Япония, Корея, Канада, Австрия, Бангладеш, Буюк Британия, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон каби 20 хорижий давлатдан йирик компаниялар, халқаро молиявий ташкилотлар, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик корпус ҳамда савдо уйларининг 170 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Боболов, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Ф. Раҳимовлар томонидан ҳудуднинг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти ва имкониятлари, вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг аҳамияти ҳамда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар соҳаларда йўлга қўйилаётган ҳамкорлик ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, биринчи халқаро бизнес форуми натижасида озиқ-овқат, текстиль, қурилиш, чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, замонавий иссиқхона, интенсив боғ ташкил этиш, шунингдек, чинни буюмлар, Акфа ромлари, музқаймоқ, мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича умумий ҳажми 351 миллион долларга тенг бўлган 47 та инвестицион, шунингдек, умумий ҳажми 217 миллион долларга тенг бўлган 44 ташқи савдо шартномалари имзоланган. 2018-2019 йиллар давомида ушбу форумда имзоланган шартномалар орқали 100 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Хусусан, Буюк Британия билан ҳамкорликда Жарқўрғон туманида цемент ишлаб чиқариш бўйича 28,3 миллион долларлик, Австрия билан ҳамкорликда Музработ ва Денов туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш бўйича 25,2 миллион долларлик, Туркманистон билан ҳамкорликда Сариосиё туманида шағал саралаш ва асфалть маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 3,1 миллион долларлик лойиҳалар учун тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди.

Шунингдек, вилоятнинг Узун туманида Россия Федерацияси томонидан йўналтирилган 4,9 миллион доллар сармояси асосида замонавий хизмат кўрсатиш комплексларини қуриш, интенсив ёнғоқ ва бодом боғларини ташкил қилиш, қум ва шебен ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Форумнинг ялпи мажлисида вилоятнинг йирик инвестицион салоҳияти, ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий, жуғрофий имкониятлари, табиий бойликлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Сурхон воҳасининг инвестицион жозибадорлиги унга бўлган интилишни янада кучайтирмоқда. Вилоятдаги мавжуд тошкўмир, газ, цемент, нефт, мармар, ош ва калий тузлари, оҳак, уран, полиметалл, гранит тош, олтингугурт, керамзит, гипс, кварц, йод, карбид, бром, сланец каби кўплаб ноёб табиий бойликлар захирасидан унумли фойдаланган ҳолда янгидан-янги лойиҳаларни амалга ошириш имконияти бор. Аграр тармоқ ривожи учун айниқса воҳанинг табиий иқлим шароити жуда ҳам қулай. Вилоятда туризмнинг истиқболли йўналишларини ташкил этиш учун ҳам шарт-шароитлар мавжуд. Транспорт ва логистика имкониятлари бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ўтказилган шўъба мажлисларида айни жиҳатларга эътибор қаратилиб, истиқболли лойиҳалар юзасидан музокаралар ўтказилди.

Open South International Business Forum II доирасида “Termiz kargo” экспорт марказида маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг тайёр муҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур кўргазма маҳаллий корхоналар ва хорижий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқларини ўрнатиш ва кўплаб янги истиқболли лойиҳалар учун замин яратди. Халқаро бизнес форум доирасида умумий қиймати 429,7 млн. долларга тенг бўлган 76 та шартнома имзоланди.

Анжуман иштирокчилари вилоятнинг тарихий-маданий ёдгорликлари, диққатга сазовор жойлари ҳамда бир неча йирик санаоат корхоналари фаолияти билан ҳам танишдилар. Жумладан, Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳамда Абу Исо Муҳаммад Термизий ёдгорлик мажмуалари, Фаёзтепа буддавийлик ибодатхонаси зиёрати Термиз шаҳридаги “Сурхон ипаги” , “Жарқўрғон мева-сабзовот”, “Амудартекстель”, “Golden Dried Fruits” каби корхоналар фаолияти билан танишиш уларда катта таассурот қолдирди.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019