Очиқ мулоқот — ҳудудларга чет эл инвестициясини жалб қилишнинг муҳим омили

12:02 13 Апрель 2018 Сиёсат
511 0

Минтақаларга инвесторларни қандай жалб этиш мумкин ҳамда бунинг учун қандай шарт-шароитлар яратиш зарур? Молия тузилмаларига бўлган ишонч даражасини нечоғли ошириш керак? Бу жараёнда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари роли нималарда акс этади? Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва мамлакат минтақаларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш: мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари” мавзуидаги халқаро конференцияда шу ва бошқа масалаларга жавоб изланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур анжуманда манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар, вилоят ҳокимликлари, эркин иқтисодий зоналар мутасаддилари, шунингдек, 25 та хорижий мамлакат, шу жумладан, дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар ва бизнес тузилмалари вакиллари қатнашди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини юритиш, рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш, лицензиялар олиш билан боғлиқ жараённи соддалаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада либераллаштириш, давлатнинг тартибга солиш борасидаги ролини камайтиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда охирги бир йилда қулай бизнес муҳити, хорижлик инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ҳамда имтиёзларнинг аниқ тизими яратилгани инвестициявий фаолликни ошириш, иқтисодиётга тўғридан-тўғри сармоялар оқимини сезиларли даражада кўпайтириш имконини берди. Президентимизнинг 11 апрель куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур ҳужжат бизнесни юритишдаги ортиқча бюрократик жараённи тубдан қисқартириш, хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда кафолатлашнинг бозор ва ҳуқуқий механизмларини мунтазам равишда изчил мустаҳкамлаб бориш, республикада инвестициявий ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган кучларни жамлаш мақсадини кўзлагани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

— Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг нуфузли халқаро рейтингларидаги мавқеига ижобий таъсир кўрсатмоқда ва чет эллик инвесторларнинг юртимиз ишбилармонлик муҳитидан манфаатдорлигини оширишга хизмат қилаяпти, — деди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. — Аммо инвестицияларнинг 70 фоизидан ортиғи бир неча соҳаларга жалб этилган, холос.

Натижада республика минтақалари кесимида инвестицияларнинг номутаносиб тақсимланганини кўриш мумкин. Бирорта ҳам қўшма корхона очилмаган туманлар ҳам бор. Буларнинг барчаси ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ҳам ташқи, ҳам ички инвесторлар учун шарт-шароит яратиш, қонунчиликни такомиллаштириш, соҳада муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосини янада яхшилаш заруратини тақозо қилмоқда. Бинобарин, энг узоқ ҳудудларда ҳам қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш инвестициявий муҳитни барқарорлаштиришнинг муҳим омилларидан бири саналади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг янги турларини шакллантириш, иш ўринларини ташкил этиш борасида ҳокимларнинг, давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларининг фаоллигини ошириш лозимлиги қайд этилган эди. Сармоядорлар учун жойларда яратилган шарт-шароитлар бўйича рейтингни эълон қилиб бориш, ҳудудлар раҳбарларининг фаолиятини мазкур кўрсаткичлар асосида баҳолаш таклиф этилганди. Буларнинг барчаси пировардида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга, яъни инвестиция муҳитини яхшилаш орқали мамлакат иқтисодиёти тармоқларига ва ҳудудларига хорижий инвестициялар жалб қилишни янада рағбатлантиришга қаратилган. Шу билан бирга, ушбу устувор вазифанинг бажарилиши БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш имконини беради. Мазкур дастурда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли турмуш сифатини юксалтириш назарда тутилган.

Қулай инвестиция муҳитини шакллантириш учун амалиётдаги долзарб муаммоларни аниқлаб олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айнан шу мақсадда жорий йил 25 март — 5 апрель кунлари Олий Мажлис Сенати томонидан Савдо-саноат палатаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда маҳаллий ҳокимият органлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари вакиллари ҳамда тадбиркорлар орасида республика минтақалари кесимида тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитларига бағишланган сўров ўтказилди.

Сўров натижалари таҳлилига кўра, ислоҳотлар тадбиркорлар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда ва уларнинг хоҳиш-истагига ҳамда бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадларига мос келади. Таҳлиллар, шу билан бирга, умумдавлат даражасида ҳам, маҳаллий даражада ҳам тизимли муаммолар борлигини кўрсатди. Масалан, аксарият респондентлар монополияга қарши, банк ва солиқ соҳасида тартиб-таомиллар, ҳокимликларнинг етарли даражада фаол эмаслиги асосий тўсиқлар эканлигини айтишган. Сўралганларнинг 66 фоизи фикрича, Ўзбекистонга келаётган чет эл инвестициялари оқими сустлигига малакали кадрларнинг етишмаслиги халақит бермоқда. Уларнинг 54 фоизи эса инвесторлар учун зарур ахборотлар йўқлигига, 48 фоизи ҳудудлар маъмуриятларининг инвестиция жалб қилишдан манфаатдор эмаслигига, 46 фоизи экспорт-импорт амалиётларини амалга оширишнинг қиммат ҳамда мураккаблигига, 45 фоизи хом ашёдан фойдаланишдаги муаммоларга эътибор қаратган. Эътиборли жиҳати, бизнес субъектлари валюта операциялари, кредит ресурсларидан фойдаланиш, нақд пул маблағлари, асоссиз текширувларга оид масалаларни кўтаришмаган. Демак, бу валюта сиёсатини либераллаштириш, банк-молия тизимини такомиллаштириш, давлат хизмати фаолиятини ислоҳ қилиш, давлат хизматларининг замонавий тизимларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар муваффақиятли амалга оширилганининг натижасидир. Респондентларнинг 59 фоизи бизнес юритиш шарт-шароитларини қулай, 16 фоизи ноқулай, деб баҳолаган, тўртдан бири эса жавоб беришга қийналган.

— Бизнес ҳамжамиятининг фикрларини ўрганиш учун онлайн-услублар қўлланилди, тадбиркорларимиз фаол ишлатадиган ижтимоий тармоқлар, веб-ресурслар имкониятларидан фойдаланилди, — деди “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий-тадқиқот маркази директори Дурбек Аҳмедов. — Бу ишбилармонлик соҳасидаги ўткир муаммоларни аниқлаш имконини берди. Мамлакатда бизнес юритиш ҳамда чет эл инвестициясини фаол жалб этишга салбий таъсир ўтказадиган 56 омил таҳлил қилинди. Сўров натижалари кўрсатдики, давлат ҳокимияти ва бизнес ҳамжамияти ўртасида очиқ мулоқотнинг йўлга қўйилиши долзарб муаммоларни тезкор ҳал этишда муҳим омил бўлаяпти.

Анжуман қатнашчилари минтақаларда тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга кенг имконият берадиган ҳамда бу йўлда тўсиқ бўладиган жиҳатларни муҳокама қилди. “Ernst&Young” ва “KPMG” сингари нуфузли консалтинг компаниялари валюта сиёсатини либераллаштириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаб, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича ўз тажриба ҳамда таклифлари билан ўртоқлашди.

— БМТ учун ислоҳотлар жараёнида инвесторларнинг ҳам, хусусий секторнинг ҳам фикрларига қулоқ тутилиши муҳим аҳамиятга эга, — деди БМТ резидент-координатори, Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер. — Тадқиқот кўплаб соҳалар учун хос бўлган асосий жиҳатларни аниқлаш имконини берди. Сўров натижалари солиқ маъмурияти, банк сектори ҳамда ер участкаларини ажратишда барчага тенг шароит яратиш учун амалдаги тартиб-таомилларни соддалаштириш зарурлигини кўрсатди. Энг муҳими, давлат органларининг бизнес ҳамжамияти билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқоти давлатнинг ишбилармонлик муҳитини рағбатлантириш мақсадида фаол, аниқ сиёсий ва маъмурий чора-тадбирларни кўришга тайёрлигини тасдиқлайди.

— Ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодиётида фундаментал янгиланишлар амалга оширила бошланди ҳамда бизга Италия, Исроил ва АҚШдаги ҳамкасбларимиздан мазкур ўзгаришлар ҳақида маълумотлар сўраб мурожаатлар келиб туша бошлади, — деди “KPMG” консалтинг компаниясининг Россия ҳамда МДҲда инвестициялар ва капитал бозори бўлими раҳбари Лидия Петрашова. — Айтиш жоизки, ахборотлар очиқ-ошкора бўлиши, статистика маълумотлари сифати яхшиланиши билан мамлакатдаги янгиланишларга бўлган қизиқиш ортаяпти. Рейтингларни жорий қилиш республика ҳудудлари инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Биз бу борада тажрибамиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз.

Анжуманда соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришга, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқишга, ҳудудларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар