Очиқ фуқаролик жамияти сари дадил қадам

11:23 10 Май 2018 Сиёсат
530 0
Фото: infoirc.kz

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни демократлаштириш ва модернизациялашдаги роли ҳамда аҳамиятини янги босқичга кўтарди. Унга мувофиқ, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга қаратилган 10 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Президентимизнинг жорий йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мана шундай ҳужжатларнинг навбатдагиси бўлди.

Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Мазкур Маслаҳат кенгашининг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш ва давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги механизмларини, шунингдек, бундай ҳамкорлик даражасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш белгиланган.

Фармонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда “учинчи сектор”да банд бўлган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қатор имтиёзлар белгилаб берилди. Хусусан, 2018 йил 1 июндан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларига халқаро ва хорижий ташкилотлар, чет давлатларнинг фуқароларидан келиб тушган пул маблағларидан ҳамда мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси миқдори 25 фоиздан 15 фоизгача камайтирилди. Муқаддам жамоат фондлари ҳар йилги маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ ҳамда уларнинг ўз вазифасини бажаришлари билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш фонд харажатлари суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги ўрнатилган бўлса, эндиликда ушбу миқдор 30 фоиз этиб белгиланди. Яъни жамоат фондларига ўзларининг фаолиятини ташкил қилиш учун кўпроқ маблағ жалб этишга рухсат берилмоқда. Яна бир аҳамиятли жиҳати, нодавлат нотижорат ташкилотларининг пенсионер ходимларига пенсия тўлиқ тўланиши белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан назорат қилишнинг аниқ механизми йўқ. Бу эса уларнинг фаолиятини назорат этувчи органлар томонидан турли давр оралиғида ҳамда турли шаклларда назорат қилиш имконини яратади. Айнан шунинг учун Фармонда Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа тартиб-таомилларини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқишга масъул этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари тақдим қиладиган ҳисобот шаклларини ва уни тақдим этиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, улар томонидан қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ундирувларни қайта кўриб чиқиб, сезиларли даражада қисқартириш бўйича таклифлар киритиш юклатилди.

Масалан, бугунги кунда давлат солиқ органларига ҳисоботларни ўз вақтида тақдим қилмаслик 500 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлса, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рўйхатдан ўтказувчи органга ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаслиги 5 миллион сўмгача, яъни ўн баравар кўп миқдорда жаримага тортишга сабаб бўлади. Ваҳолонки, нодавлат нотижорат ташкилотларида моддий ресурслар чекланган бўлиб, улар таъсисчи ҳамда аъзолар ўртасида тақсимланмайди. Шундай экан, ушбу соҳа вакилларига нисбатан кўп миқдорда жарималарни белгилаш адолат мезонига тўғри келмайди. Шу сабабли нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдорини камайтириш айни муддаодир.

Фармон қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларининг манфаатини ҳисобга олиш тизимини яратди. Хусусан, эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишиладиган бўлди.

Айтиш жоизки, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолиятларини олиб боришлари учун зарур бино ҳамда иншоотларга эга эмасликлари уларни ташвишга солаётган масалалардан бири эди. Шу сабабли Фармонда тегишли мутасадди идора ва ташкилотларга 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри марказларида бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил қилиш, мазкур биноларга нодавлат нотижорат ташкилотларини ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш топширилди.

Фармон нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда маҳаллий вакиллик органларининг ролини оширишга қаратилганлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи комиссияларни ташкил қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этишни таъминлашга доир масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эшитувларини ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.

Ушбу ҳужжатда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг мамлакат ривожи учун қўшган ҳиссасини эътироф этиш, уларнинг бундай саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш назарда тутилди. Жумладан, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис қилиниб, у мамлакатда нодавлат нотижорат секторини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ҳамда ташаббускор фуқароларга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатган ишлари ҳамда ютуқлари учун топширилади.
Умуман олганда, мазкур ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш баробарида, уларни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлайди. Айни чоғда муҳим давлат қарорларини қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда таъсирини кучайтиради.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик 
палатаси депутати.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар