“Очиқ адлия”: фуқаролик жамияти томон дадил қадам

19:37 19 Март 2019 Жамият
211 0

Иллюстратив фото

Адлия вазирлиги томонидан тизимдаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизми сифатида яна бир лойиҳага қўл урилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури тасдиқланди.

Тез суръатларда ривожланиб бораётган дунё давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги, уларнинг фуқаролар билан интерактив фаолиятини ривожлантиришни талаб этмоқда. Айниқса, аҳоли ўртасида интернетдан фойдаланувчилар сони кўплиги ва замонавий технологияларнинг оммалашаётганини инобатга олсак, фуқаролар билан ишлайдиган ҳар бир ташкилот ўз фаолиятини янги босқичга кўтариши лозим. Адлия вазирлиги томонидан “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастурини қабул қилишдан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.

“Очиқ адлия” ижтимоий дастурини ишлаб чиқишга қандай омиллар сабаб бўлди? Дастур лойиҳаси фуқароларга қандай имкониятларни тақдим этади? Бу ҳақда қуйида батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Видео ва аудио-ёзувга рухсат берилади

Адлия вазирлиги эътибордан четда қолаётган жиҳатлар, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга қарор қилди.

Шу мақсадда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат берилади. Нотариал идоралар ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг ўз вазифаларини бажаришда йўл қўяётган камчиликлари устидан интернет орқали тезкор шикоят йўллаш тизими яратилади, бунда ходимнинг айби аниқланган ҳолатлар кенг ёритиб борилади. Ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтинги шакллантирилиб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилади.

Ижтимоий тармоқларда фаол мулоқотлар ўтказилади

Бу замонавий тажрибани қўллаган ҳолда, вазирликнинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Адлия билан мулоқот” ҳамда “Ҳуқуқий ахборот” телеграмм канали ҳар бир чиқаётган қонун ҳужжатининг мазмунини содда, тушунарли тарзда фуқароларга етказиб бермоқда. Кенг муҳокамага сабаб бўлаётган қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан берилган ҳуқуқий экспертиза хулосасининг мазмуни ҳам ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.

Мурожаат юбориш осонлашади

Адлия вазирлиги веб-сайтида жисмоний ва юридик шахслар адлия органларига юборилган ўз мурожаатларини кузатиб боришлари мумкин. Шунингдек адлия органлари ходимлари устидан берилган ҳамда ўз тасдиғини топган шикоятлар ҳақида маълумот олиш имконини берувчи махсус платформани ишга тушириш ҳам назарда тутилмоқда.

Ходимлар бир-бирини назорат қилади

Вазирлик ўз биносидаги хоналарнинг жойлашиш структурасини ҳам қайта кўриб чиқди. Ходимлар кенг майдонда бир бирини бемалол кузата оладиган даражада жойлаштирилди. Ташкилотга келган фуқаролар ҳам ходимлар қандай иш билан банд бўлишини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Содда қилиб айтганда деворлар ва эшиклар энди шаффофликни таъминлайди. Бу усул коррупциявий омилларнинг ҳам олини олади. Ҳозирги пайтда мазкур тартибдаги хоналардан дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ҳам фойдаланилмоқда.

“Очиқ эшиклар куни”

Вазирлик фаолияти билан яқиндан танишишни истовчилар учун вазирлик яна бир имкониятни тақдим этмоқда. Эндиликда йилига камида 2 маротаба Адлия вазирлиги марказий аппаратида, Давлат хизматлари агентлигида, адлия органлари ва муассасаларида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилади.

Харажатлар эълон қилиб борилади

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирликнинг веб-сайтида эълон қилинади. Бунда харажатлар, уларнинг бажарилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, харид қилиш билан боғлиқ шартномалар рўйхати билан танишиш мумкин бўлади.

Адлия ҳисобот беради

Яна бир муҳим янгиликлардан бири, бу — адлия органларининг ҳар йил якуни бўйича аҳолига бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот беришидир. Мазкур ташаббус 2018 йил якунлари бўйича амалга оширилди ва “Адлия ҳисобот беради” номли рисола тайёрланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Энди ушбу ҳисобот анъанавий тарзда ҳар йили тақдим қилинади.

Шу ўринда яна бир маълумот: 2018 йили давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” бўйича рейтинги эълон қилинган эди. “Очиқлик индекси” рейтинги 59 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олди. Мазкур рейтингда Адлия вазирлиги биринчи ўринни эгаллади ҳамда 88,12 балл тўплади.

Ҳеч қайси идора ўз ходимларини тўлиқ назорат қила олмайди. Бунга ресурс етмайди. Шу сабабли муаммонинг ечими сифатида жамоатчилик назорати ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019