Обод ватаннинг бахтиёр болалари

11:21 01 Июнь 2018 Жамият
423 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

Мамлакатимизда болалар келажагимиз ворислари, миллатимиз давомчилари сифатида эъзозланади. Аслида, ўзбек халқи — азалдан болажон халқ. Халқимиз қайси дин, қайси миллат фарзанди бўлишидан қатъи назар, ардоқлайди. Меҳр бериб, бошини силайди.

Биргина мисол: Иккинчи жаҳон уруши пайтида уй-жойи вайрон бўлиб, ота-онасидан етим қолган, яқинларидан ажралган юз минглаб болалар Ўзбекистон бағрида Ватанга, ўзбек хонадонларида ўз уйларига эга бўлган. “Сен етим эмассан” деб, ўзининг бир бурда нонини ҳам ана шу болалар билан беминнат баҳам кўрган.

Одамларимиз нафақат ўз фарзандининг, балки ҳар бир мурғак қалб иқболи учун қайғуради. Ҳар сафар дуога қўл очаркан, Яратгандан эртамизнинг таянчи — ёш авлоднинг бахту саодатини сўрайди. Зеро, “Боланинг бегонаси бўлмайди”, “Бол ширин, болдан бола ширин”, “Фарзанд — белнинг қуввати”, “Фарзандинг — давлатинг”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби ҳикматли сўз ва мақоллар неча асрлардан буён тилдан-тилга, дилдан-дилга ўтиб, яшаб келаётгани бежиз эмас.

Мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, манфаатлари муҳофаза қилинган. Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид бешта халқаро конвенцияга қўшилган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этиляпти. Конституциямиз ва бошқа қатор қонунлар асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда. Жумладан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари юртимизда навқирон авлодни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, турли таҳдид ва маънавий хуружлардан асраш, мажбурий меҳнатга жалб этмасликка хизмат қиляпти.

Маълумки, боланинг ҳуқуқи унинг туғилишидан аввал пайдо бўлади. Шу боис мамлакатимизда гўдакнинг, аввало, соғлом туғилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чақалоқлар дунёга келган кундан бошлаб тиббий назоратга олинаётир. Уларни турли касалликлардан, соғлом камол топишига хавф соладиган таъсирлардан асраш чора-тадбирлари кўриляпти. Бинобарин, мамлакатимизда гўдаклар ўлими тобора камаймоқда. Бу нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қайд этилаётир.

Болаларни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълимнинг бирламчи ва асосий бўғини ҳисобланган мактабгача таълим тизими қайта ислоҳ этиляпти. Янги вазирлик ташкил этилиб, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилди.

Замонавий талабларга мос, янги боғчаларни қуришга, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди. Соҳада хусусий секторни ривожлантиришга, малакали кадрлар тайёрлашга, боғчаларда ўғил-қизларни соғлом овқатлантириш ҳамда уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини яхшилашга эътибор берилмоқда. Буларнинг барчаси болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини ошириб, уларнинг соғлом, ақлан етук бўлиб улғайишига замин яратаётир.

Тизимдаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, изчил ҳал этиляпти. Хусусан, болаларни боғчага қабул қилиш билан боғлиқ ҳужжатбозликлар, сансалорликларга барҳам бериш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги қарори билан Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Илгари болаларни боғчага бериш бўйича мурожаатлар фақат фуқаронинг ўзи келган ҳолда ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари қабул қилинган бўлса, мазкур ҳужжатга мувофиқ, эндиликда фуқаро бу масаладаги мурожаатларини давлат хизматлари марказига ҳафтанинг хоҳлаган иш куни ўзи борган ҳолда топшириши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳар куни, шунингдек, онлайн режимда топшириш имконига эга бўлди. Бундан ташқари, энди ҳар бир ота-она мактабгача таълим муассасаларининг расмий веб-сайти орқали мавжуд бўш ўринлар, анкеталар рўйхати ҳамда навбатга киритилганлар тўғрисидаги маълумотлар билан доимий тарзда танишиб бориши мумкин. Шу билан бирга, мурожаат этувчи фарзандини боғчага жойлаштириш учун илгари 5 турдаги ҳужжатни тақдим қилган бўлса, янги тартибга кўра, ундан фақат анкета тўлдириш талаб этилади ҳамда бу мурожаат аввалгидек 10 кунда эмас, бир иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Юртимизда боланинг умумий ўрта таълим олиши мажбурий ва бепул. Ҳар йили мактаб остонасига илк бор қадам қўйган минглаб фарзандларимизга Президентимиз совғаси — ўқув анжомлари бепул тақдим этиляпти. Нафақат йирик шаҳарларда, балки мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўғил-қизларимиз сифатли таълим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум ва ногиронлиги бўлган болаларга таълим бериш ҳамда уларни таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга ошириляпти.

Оммавий ахборот воситалари орқали жаҳоннинг турли минтақаларида кузатилаётган нохуш манзаралар — болалар савдоси, уларнинг ҳаётига тажовуз қилиш, зўравонлик, гаровга олиш, хўрлаш, ҳатто ички органларини пуллаш каби ғайриинсоний ҳодисалар рўй бераётганини кўриб, кўнглимиз хира тортади. Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига қараганда, дунёнинг нотинч минтақаларида сўнгги ўн йилда икки миллиондан зиёд болалар бевосита қуролли тўқнашувлар натижасида ҳаётдан кўз юмган. Минглаб болалар ота-онасиз, бошпанасиз ва қаровчисиз қолган. Айрим давлатларда болалар ўртасида жиноятчилик, қотиллик, гиёҳвандлик, талончилик, ўғрилик каби иллатлар кўпайиб бормоқда.

Ана шундай ташвишли, ачинарли воқеалар ҳақида матбуотдан ўқиганимизда, радио ва телевидение орқали эшитиб-кўрганимизда она-юртимиз — Ўзбекистонда ҳар бир бола эъзоз ва этибордалигига шукроналар айтамиз.

Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар