“Обод қишлоқ“ дастури ижросининг Уйчидаги фонограммаси. Аҳоли эса жонли ҳаракатлардан умидвор

12:33 31 Июль 2018 Жамият
935 0
Фото: "Халқ сўзи"

“Обод қишлоқ” дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Наманганда ҳам вилоят ҳокимининг 2018 йил 2 апрелдаги қарори билан қишлоқларни ўрганиш, жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, аҳоли билан мулоқотлар асосида тасдиқланган манзилли дастур ишлаб чиқилди.

Унга киритилган 22 та қишлоқ маҳалласида ички ва хўжалик йўлларини созлаш, ижтимоий инфратузилма иншоотларини қуриш ва таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳолатини яхшилаш, бозор инфратузилмасини шакллантириш сингари бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Кўрсатилган ҳудудлардаги тадбирлар ижроси учун 127 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Уйчи туманидан икки аҳоли пункти — Мевазор ҳамда “Ҳожиобод” маҳаллалари дастурдан ўрин олган бўлиб, уларда аҳоли турмуш маданияти ва фаровонлигини ошириш юзасидан катта ҳажмдаги бунёдкорлик юмушларини амалга ошириш кўзда тутилган. Олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида “Ҳожиобод” маҳалласига йўл солдик.

Фото: "Халқ сўзи"

4387 нафар фуқаро истиқомат қилаётган маҳалланинг номи бир пайтлар унинг обод гўша бўлганидан дарак беради. Аммо, ҳудуднинг бугунги манзарасидан кишининг дили хира бўлади, холос. Айниқса, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида қурилган ва шундан буён айтарли таъмир кўрмаган кўп қаватли уйлардаги аҳволга маймунлар йиғлайди: биноларнинг ташқи кўриниши бир алфозда, хонадонларга ичимлик суви чиқмайди, канализация тармоғи умуман ишламайди, бир пайтлар гуриллаб ёнган табиий газдан фақатгина қувурлар ёдгорлик бўлиб қолган. Бинолар пешайвонидаги деразалар синиб тушган. Ташқи ёритиш чироқлари йўқлигидан маҳалланинг туни зим-зиё.

“Жорий йилнинг баҳорида маҳалламиз “Обод қишлоқ” дастурига тушганини эшитиб бошимиз осмонга етганди. Эрта суюнибмиз. Аввалига ҳовлидаги қурилмалар, омбор, ҳатто, умумий ҳожатхонагача шиддат билан бузиб ташланди. Кўриб турганингиздек, илгариги ҳолатдан қаққайгангина уйимиз қолган, холос. Кўзда тутилган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари мана уч ой ўтяптики, бошлангани йўқ”, - дейди “Мактаб” кўчасидаги кўп қаватли уйда яшовчи Нилуфар Сайдинова.

Таъмирлаш ишларининг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги Олвализор кўчасидаги тўртта кўп қаватли уй соҳибларига, айниқса, роса ташвиш келтирди. Бинолар деярли яланғочланиб,яроқсиз том ёпқичлар олиб ташланганидан бу ерда яшаш омонат бўлиб қолган. Уйлар орасидаги йўл чиқинди ва тупроққа қалашиб ётибди.

Фото: "Халқ сўзи"

“Бир ҳафта бўлди, қурувчилар биз яшаётган бино томини қайта ёпишга киришгандай бўлишди, бироқ, ишнинг бориши жуда-жуда суст”, - дейди Хилобат Мавлонова.

Дарҳақиқат, кўп қаватли уйларда яшовчилар ўзларини худди ёмғирдан қочиб қорга тутилгандай сезишяпти. Боиси, яқин вақтгача чакка ўтишидан безор бўлишган бўлса, энди бузиб ташланган томлардаги аҳволдан хавотирда. Тўғрида, эрта-индин ёғингарчилик бошланиб қолса ўзларини қаерга уришади?

Шу ўринда бир гап. Фуқаролар “Обод қишлоқ” дастури борасидаги айрим ишлар аҳоли зиммасига юкланаётгани ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун хонадон соҳиблари кредит олишга мажбурланаётганини айтишди. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг том қисмини янгилаш учун ҳар бир хонадон ҳисобига кредит олиниши шарт қилиб қўйилмоқда. Бунга рози бўлганлар бор. Аммо яшовчиларнинг аксарияти эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор кишилар эканлигини эътиборга олинса, уларга бу борада яна қийинчилик туғилмайдими?

Фото: "Халқ сўзи"

Хўш, маҳалла бўйича ишлаб чиқилган манзилли дастурдаги бошқа вазифалар ижросига қандай ёндашилмоқда? 8-умумтаълим мактаби, 26-мактабгача таълим муассасаси биноларида қурувчилар фаолият олиб бораётгани, ички йўлларнинг бир қисмига шағал ётқизилганини ҳисобга олмаганда кўзда тутилган тадбирларнинг катта қисмига ҳали қўл урилмаган. Масалан, гузар қурилиши бўйича ҳозиргача амалий ҳаракат йўқ. Аҳоли хонадонларидан 450 тасида таъмирлаш ва кўча бўйларини ободонлаштириш режалаштирилган бўлса-да одамлар уни уддасидан чиқишга асло шошилишмаяпти. Кўпчиликда бу ишни кимдир келиб қилиб беради, деган боқимандалик кайфияти кўзга ташланади. Шу ўринда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 та оиланинг тураржойини хомийлар кўмагида таъмирдан чиқариш белгиланганини айтиб ўтиш лозим. Бу борада ҳам ҳаракат йўқ. Масалан, Олвализор кўчасида яшовчи Мавлуда Мадумарованинг хом ғиштдан тикланган уйи яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ёлғиз ўғли билан аҳволни яхшилашига кўзи етмайди. Маҳалланинг кўмагига умид қилганди. Бироқ, ёрдам берадиган хомий топилмаяпти. Ҳовли жойи ночор ҳолатдаги Адҳамжон Ҳусановнинг ҳам қўли қисқа, яхшилар мададига муҳтож.

Одамлар билан суҳбатлашсангиз, бошқа йўналишларда ҳам иш юрмаётганидан норозилик билдиришади. Масалан, “Ёшлик” кўчасида яшовчиларнинг ичимлик сув таъминоти ёмонлигидан фиғони фалакда.

“Водопровод тармоғидан сув фақатгина тунда, шунда ҳам жилдирабгина келади, чой қайнатиш, овқат пишириш учун сувни ёнимиздаги каналдан ташиб келтиришга мажбур бўляпмиз. Кўринишидан кўчамизда сув таъминотини яхшилаш масаласи дастурга ҳам киритилмаган, шекилли“, - дейди Маҳаммаджон Тўйчибоев.

Айни пайтда “Ҳожиобод”даги барча хонадонлар суюлтирилган газан фойдаланишади. Айни масалада таъминотнинг тартибсизлигидан кўпчилик азият чекяпти. Газ таъминоти идорасидан ажратилган машина ойда бир бор қорасини кўрсатади, холос. Баллонларни алмаштирадиган махсус шаҳобча йўқлигидан машина келганини эшитган киши улгуради, бошқаси йўқ. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 350 кишининг баллонга эҳтиёжи борлиги юзасидан буюртма берилганди. Ҳозиргача 60 кишининггина талаби қондирилди.

Дастурга тушган маҳалла муаммолари ечимига бундай ёндашувдан аҳолининг ўзгаришларга бўлган ишончи сўнган. Ҳаммасидан йиғин раиси Сайдулла Собиров ноқулай аҳволда. Маҳалладошларининг “Ишлар қачон юришади-ю, қачон ниҳоясига етказилади”, мазмунидаги ҳақли саволларига қандай жавоб қайтаришни билмай боши қотган. 

Фото: "Халқ сўзи"

Хуллас, маҳаллий аҳоли “Обод қишлоқ“ дастури ижросининг Уйчидаги фонограммасидан безиб бўлди. Улар жонли ҳаракатлардан умидвор...
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар