«Обод қишлоқ» дастури одамларимизда дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлайди

11:43 05 Апрель 2018 Жамият
677 0
Фото: Uzbekistan24.uz

Ҳозир ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётгани учун ҳаётимизда ҳар куни қандайдир бир муҳим ўзгариш, янгилик бўлаяпти. Буни кўпчилик ўз турмушида ҳам яққол ҳис қилмоқда. 
Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармонини ўқиб, бундай ўзгаришлар энди жадаллашишига қатъий ишонч ҳосил қилдик. Сабаби, аксарият соҳаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар кўпроқ марказда, шаҳар ва туманларда ўз самарасини кўрсатиб, янгилик қуйи бўғинларга тушгунча анча вақт ўтар, буни одамлар ўз ҳаётида сезиши учун кўп кутишига тўғри келарди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонига кўра, энди энг чекка қишлоқлар ҳам барча инфратузилма яратилган гўшаларга айланади. Бунда ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришда ҳиссасини қўшса, юртимиз янада обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамлар кайфияти яхши бўлиши таъминланади, деган қараш устувор аҳамият касб этмоқда.
Назаримизда, ушбу муҳим қадам бежиз ташлангани йўқ. Фармонда қайд этилганидек, мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан, улар учун зарур шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаган. Сўнгги йилларда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳиссаси юқори бўлган деҳқон-фермерларнинг ва бошқа тоифадаги аҳолининг ҳаётий-маиший эҳтиёжлари тўлиқ таъминланмаган. Бундай ҳолат қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатимизни тараққий топган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлаётгани рўйирост айтилди.
Давлатимиз раҳбари кунда-кунора юртимиз ҳудудларига ташриф буюриб, хонадонма-хонадон юрибди. Қишлоқларда яшаётган одамларнинг яшаш шароити, ҳақиқий аҳволини ўз кўзи билан кўриб, муаммоларга очиқ юз билан боқмоқда. Халқимиз билан мулоқотларнинг самараси эса ана шу Фармонда яққол намоён бўлди. 

Энди мазкур Фармон билан жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб юртимизнинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур ҳудудлар қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратиш чоралари кўрилиши белгиланди. Республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳоли ишончли тарзда ичимлик сув билан таъминланади. Қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўллар қурилади, реконструкция қилиниб, таъмирланади. Лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатнови йўлга қўйилади. Маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, таъмирланади. Йўлбўйлари ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади. Санитария иншоотлари ва ирригация тизимлари барпо қилинади, автобекатлар қурилади. Умуман, электр таъминоти, алоқа тизими, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш масалалари ҳал этилади. Боғча, мактаб ва оилавий поликлиникалар қурилади. Бозор инфратузилмаси объектлари, сервис шохобчалари, ҳаммомлар барпо қилинади.

Президентимиз яқинда Жиззах вилоятида бўлди. Ташрифнинг асосий воқеалари Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида кечди, десак, муболаға эмас. Чунки Манас қишлоғи мамлакатимизда “Обод қишлоқ” дастурини татбиқ этишда пойдевор, таъбир жоиз бўлса, намуна сифатида тарихда қолди. 6,5 мингдан зиёд аҳоли яшаган мазкур қишлоқда кейинги йилларда инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш талабга жавоб бермаслиги натижасида одамлар қийналаётган эди. Давлатимиз раҳбари эътибори билан “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳудудда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддатда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Дастур доирасида сизот сувлари сатҳи кўтарилишини бартараф этиш учун 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз қурилишлар ўрнида янгидан ёрдамчи бинолар, тандирхоналар қурилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув қувури ётқизилди. Сув тарқатиш иншоотлари таъмирдан чиқарилди. 2 умумтаълим мактаби таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Ушбу мактабларда ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси барпо этилиб, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланди.

Манасликларнинг бугунги ва келажак ҳаётига катта таъсир кўрсатган мазкур эзгу ишларга давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар, аҳоли вакилларининг куч ҳамда имкониятлари сафарбар қилинди, миллий анъаналаримизнинг ёрқин намунаси бўлган турли хайрия тадбирлари, халқ ҳашарлари ташкил этилди.
Энди бир далилга эътибор қаратсак. “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йилда мамлакатимизнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини худди Манас каби комплекс равишда янгилаш, гўзал ва обод масканга айлантириш кўзда тутилмоқда. Жорий йилнинг ўзида дастур доирасида белгиланган ишларга барча манба ҳисобидан 3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Қисқача айтганда, “Обод қишлоқ” дастури юртимиз қишлоқларини шаҳарлардан қолишмайдиган манзилга айлантиришда муҳим ўрин тутади. Агар бу ишлар тўла-тўкис амалга оширилса, қишлоқларимиз, худди биз жиззахликлар Манаснинг бугунги жамолини кўриб, уни танимай қолгандай, ғоятда ўзгариб-кетиши аниқ.

Анорбой ЭШМАТОВ, 
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Қаҳрамони.


 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар